Ўзбекистон чегарачилари бир ярим ой мобайнида ҳибсда сақланган Тожикистон ватандошини ватанига қайтарди. Тожикистонлик Ҳайдар Қўзиев июнь ойи ўрталарида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг маркировка қилинмаган ҳудудида ўзбек чегарачилари отган ўқдан яраланган эди. Шундан сўнг у ўзбек чегарачилари томонидан Қўқонга олиб кетилган.
Тожикистон Чегара хизматининг маълум қилишича, Ҳайдаржон Қўзиев 6 август куни ватанига қайтарилган. 30 ёшли Ҳайдаржоннинг отаси Ҳомиджон Қўзиев Озодлик радиоси тожик хизматига берган интервьюсида ўғлининг саломатлиги яхшилигини ва унинг танасида ўқотар қуролдан олинган жароҳат излари қолмаганини айтди.
-Биз унинг саломатлигидан жуда ташвишда эдик. Ўзбек чегарачилари отган ўқдан яраланганидан кейин унинг соғлиғи ёмонлашиб қолишидан қўрққан эдик. Оллоҳга шукурки, у соғайиб кетибди. Жароҳат излари эса деярли сезилмаяпти, -деди Ҳомиджон Қўзиев.
Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг маркировка қилинмаган жойида июнь ойи ўрталарида ўзбек чегарачилари Конибодом туманининг Патар жамоати Яккатерак қишлоғидан бўлган Ҳайдажон Қўзиевни яралаб, ўзлари билан Қўқонга олиб кетган эди.
Ҳайдаржон асосан чўпонлик билан шуғулланган ва воқеа содир бўлган пайтда ҳам мол боқиб юрган.
- Ҳайдар икки қишлоқдоши билан қишлоқ четида мол боқиб юрган экан. У ерга ўзбек чегарачилари келиб, ўзлари билан 10-12 бош қорамолни ҳайдаб кетишибди. У ўз молларини қайтариб олиш учун уларнинг орқасидан кетибди, бироқ чегарачилар билан тўқнаш келганда орқасига тисарилибди. Ўзбек чегарачилари аввалига осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ отишибди, кейин эса уни яралашибди, - деб маълумот берган эди ўшанда Озодлик радиосига Яккатерак қишлоғи раиси Эргаш Мамажонов.
Хайдаржон Қўзиев ўзбек чегарачилари томонидан Қўқон шаҳар касалхонасига ётқизилган ва у касалхонада бир ой мобайнида даволанган.
Тожикистон Чегара хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Улуғхўжаев Ҳайдаржон Қўзиев Ўзбекистон чегарачилари билан ўтказилган музокаралар натижасида ватанига қайтарилганини айтди. Муҳаммаджон Улуғхўжаевга кўра, Қўзиев билан бўлиб ўтган воқеа Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги муайян ҳудуднинг шу кунгача делимитация қилинмагани оқибатида юз берган.
Яккатерак қишлоғи раиси Эргаш Мамажонов бу фикрни тасдиқлар экан: “Агар Ўзбекистон томони ўз чегара чизиғида огоҳлантирувчи белгиларни қўйганида эди, Ҳайдар Қўзиев билан бўлиб ўтган воқеа юз бермаслиги ҳам мумкин эди”, деб ҳисоблайди.
Бу сўнгги бир йил мобайнида ўзбек-тожик чегарасида ўзбек чегарачилари тожикистонлик фуқарони яралаб, ўзи билан олиб кетиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Ўтган йил июлида ҳам ўзбек чегарачилари мол боқиб юрган конибодомлик Тўлқинбой Усмонов ва Хушёр Қобиловни ушлаб кетишганди, ўшанда улар Усмоновни оёғидан яралаганлар.
Ўзбекистон чегара хизмати ўша пайтда тарқатилган расмий хабарида ҳодиса юзасидан айбни иккала тожикистонликка юклаган. Ўзбек чегарачилари иддаосича, улар чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтганлар ва чегарачиларга қаршилик кўрсатганлар.
Ўзбек-тожик чегара чизиғи Патар жамоатининг 10 километрча нарисидан ўтади. Маҳаллий аҳоли у жойларни Тўқай, деб атайди. Бу ердан чегара чизиғи ўтганини Тожикистон томонидан ўрнатилган чегара минораси ҳамда ундан 100 метрлар нарида Ўзбекистон томонидан тортилган тиканли симдангина билиш мумкин.
Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ўзбекистоннинг олти вилояти билан чегарадош. Тожикистоннинг бу чегара ҳудудларида, асосан, ўзбеклар истиқомат қилади.
2000 йилда Ўзбекистон Тожикистон билан виза тартиби жорий қилганидан сўнг чегаралар орасига тиканли симлар тортилган, тоғли ҳудудларга миналар кўмилган.