Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:46

“Тошкент билан келишган Москва Бишкекдан "емаган сомсага пул тўлаш"ни талаб қилмоқда”


Норин ГЭСи барпо этиладиган жойда Россия томонидан амалга оширилган қурилишлар.
Норин ГЭСи барпо этиладиган жойда Россия томонидан амалга оширилган қурилишлар.

Қирғизистон Россия билан ГЭСлар қуриш бўйича ҳамкорлик шартномаларини бекор қилгани ортидан Кремль Норин ГЭС каскадлари қурилиши учун гўёки сарфланган 37 миллион доллар пулни қайтаришни талаб қилмоқда. Қирғизистон парламенти махсус комиссияси раиси Алманбет Шикмаматов Кремль Тошкент билан келишиб олгани ортидан мана шундай вазият юзага келганини иддао қилди.

Қирғизистон ва Россия ўртасида 2012 йилда имзоланган Норин ҳамда Қамбарота-1 ГЭС каскадларини барпо этиш шартномаси шу йилнинг 9 августида ўз кучини йўқотди.

2015 йил якунида журналистлар билан учрашган президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистон Россиядан бошқа ҳамкор излаётгани, бунга Москва ГЭС қурилишлари юзасидан берган ваъдаларини бажармаётгани сабаб бўлганини айтганидан сўнг, қирғиз парламенти Москва билан имзоланган ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

Шартнома ўз кучини йўқотиши ортидан Москва Норин ГЭС каскадлари қурилиши учун 37 миллион доллар сарфланганини иддао қилиб, Бишкекдан мазкур пулни қайтаришни талаб қилмоқда.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси Москва қурилишга сарфланган пул миқдорини 3-4 баробар ошириб кўрсатаётганини, Россия Норин ГЭС каскади қуриладиган жойга асфальт йўл ётқизиб, ишчилар учун бир неча уй қурганини ва бунинг учун 37 миллон доллар сарфланмаганини аниқлади. Шундан келиб чиққан ҳолда Бишкек Москвага халқаро аудит ўтказишни ва мана шу аудит хулосасига қараб, сарфланган пулни қайтаришини айтмоқда.

- Бироқ Россия “аудитнинг хулосасини кутиш сизларнинг муаммо, бизга сарфлаган пулимизни қайтариб беринглар”, деб қаттиқ босим кўрсатса “емаган сомсамиз учун пул тўлаш”га мажбур бўламиз. Лекин биз ҳам Россияга очиқ айтдик: “Сизлар шартномани бажармадинглар, сарфлаган пулларингизнинг ярмидан кўпроғини эса ўзингиз қайтариб олгансиз”, деб. Россия аввал бизга тилёғламалик қилиб, ГЭСларни қуриб берамиз деган ваъдасини берди, кейинроқ эса Ўзбекистон билан келишиб олиб, ГЭСлар қурилишини тўхтатиб қўйди. Буни тарих учун алоқида қайд этиб қўйишимиз лозим, - деди парламент комиссияси раиси Алманбет Шикмаматов.

Қирғизистонда ГЭСлар барпо этиш бўйича Бишкек-Москва шартномаси аввал бошданоқ Ўзбекистон ҳукуматининг кескин қаршилигига учраган эди.

Хусусан¸ президент Ислом Каримов трансчегаравий дарëлар сувини тўсиб¸ Қирғизистоннинг Қамбарота¸ Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қуриш каби режаси минтақада урушга сабаб бўлиши мумкинлигидан бир неча бор огоҳлантирган.

Москва Норин ГЭС каскадлари қурилишига 700 миллион доллар, Қамбарота-1 ГЭСи қурилишига 2 миллиард доллар сармоя ётқизиш мажбуриятни олган эди. Бироқ президент Владимир Путиннинг 2014 йилда Тошкентга қилган сафаридан сўнг Москва ГЭСлар қурилишини сармоялашни тўхтатиб қўйди. Россия томони ГЭСлар қурилиши масаласида Қирғизистон Тошкент билан келишиб олиши кераклиги тўғрисида ҳам баёнот берган.

Мазкур жараённи кузатиб келаётган таҳлилчи Эрнис Карибеков гапиради:

- 2014 йилнинг 10 декабрида Путин Тошкентга расмий сафар билан борган. Ўша сўзлашувларда Қамбарота ГЭСи қурилмайди, деган қарор қабул қилинган. Бу лойиҳа иқтисодий жиҳатдан Россия учун ҳам манфаатли эмас, бундан ташқари жуда қиммат лойиҳа. Ўзбекистон Қамбарота бўйича халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилаяпти, Бишкек эса бунга рози бўлмаяпти. Ўзбекистон билан тил топишмагунимизча, Россия бу ГЭС қурилишини бошламайди. Қамбарота қурилиши яна 30-40 йилдан сўнг бошланиши мумкин, - деди таҳлилчи Эрнис Карибеков.

Таҳлилчилар 2009 йилда пайдо бўлган Қамбарота ГЭСини қуриш ғояси ортидан Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари кескин ёмонлашганини эътироф этиб келадилар.

Мустақилликнинг биринчи йилларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айрибошлаш 500 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 140 миллион долларга аранг етмоқда.

XS
SM
MD
LG