Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Ўшда оммавий муштлашувларнинг кўпайгани аҳолини қўрқувга солмоқда


Ўш шаҳрида 17 августга ўтар кечаси юз нафарга яқин ёшларнинг муштлашуви пайтида ўқ отилди. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Милиция воқеа ўрганилаётганини айтмоқда. Ўшликларга кўра, бу каби оммавий муштлашувлар сўнгги кунларда тез-тез содир этилмоқда.

Ўш шаҳрининг Қурмонжон Дотҳо мавзесида муштлашув тунги соат 11-12ларчамаси бошланган. Воқеа чоғида ўша ҳудуд яшовчиларининг аксарияти қўрққанидан уй чироқларини ўчириб олган.

​- Уйга эртароқ кириб ухлаб қолгандим. Куёвим келиши керак эди, эшикни қулфламагандим. Бир пайт бақир-чақир бўлиб кетти. Деразадан қарасам жуда кўп йигитлар муштлашаяпти. Бир қанча йигит бизнинг подъездга югириб кирди. Эшикни аранг қулфлаб олдим. Ҳамма эшикни таққилатиб, очмоқчи бўлишди. Менимча, бериги йигитлардан қочиб беркинмоқчи бўлишди. Қўрққанимиздан свет, телевизорни ўчириб қўйдик. Орадан ярим соатча вақт ўтганидан кейин тарқалиб кетишди, -дейди воқеа жойида истиқомат қилувчи Назгул.

Воқеага гувоҳ бўлган Айбекнинг айтишича, йигитларнинг қўлида таёқ, темир бўлган:

- Кечки 11ларда биз дўконни ёпаётган эдик. “Народний” дўкони томонда юзга яқин йигитлар муштлашиб кетди. Кўпининг қўлида таёқ бор эди. Айримларининг қўлида темирдан ясалган, учи михли дубинка, арматуралар бор экан. Улар бир - бирларини қувлаб юришди. Кейин икки-уч марта ўқ овози эшитилди. Қурмонжон Дотҳо билан Қулатов мавзелари шундай қўрқинчли ҳисобланади. Бу икки мавзеда тинимсиз шу каби муштлашувлар бўлиб туради, -дейди Айбек.

Исанов кўчасидаги дўконлардан бирида савдо қилувчи Айгүл Саматова ҳам муштлашган йигитларнинг орасида қуролланганларни кўрганини айтади. Унга кўра, икки-уч марта ўқ отилган.

- “Ушла” деб бақиришаётганди. Йигитлар кўпайганда мен болаларим томонга югурдим. Кейин нима бўлганини билмайман. Бироқ автомат кўтарган бир болани кўрдим. Қуролини бўйнига осиб олиб, бемалол у ер, бу ерга қараб юрган эди. Бироз вақт ўтганидан кейин ўқ овозлари эшитилди. Биз яна “Ўш воқеалари” бошланиб кетдими ёки бошқа жанжал бошландими, деб қўрқиб кетдик,- дейди Айгул Саматова.

Айни пайтда Ўш шаҳар куч тизимлари воқеа фақат ёш болаларнинг келишмовчилиги бўлиши мумкин эканини, бу воқеа жиддий ваҳимага сабаб бўлиши мумкин эмаслигини билдирди. Маълумотларга кўра муштлашув иштирокчилари 18-23 ёшли йигитлар бўлган.

- Воқеа бўлган вақтда бизнинг хизматга 10 га яқин телефон қўнғироғи бўлган. “Қурмонжон Додҳо мавзесида болалар йиғилаяпти. Қўлларида таёқ бор, жанжал бўлаяпти”, деб хабар қилишган. Натижада патрул милициясининг тўрт экипажи воқеа жойига борган. Ходимларимиз сиренани ёқиб борган пайтда воқеа жойида ҳеч ким бўлмаган. Болалар қочиб кетган. Ҳозир жиноий тергов бўлими, ҳудудий назоратчилар мазкур ҳолат юзасидан суриштирув олиб бораяпти. Ҳозирча йигитлардан жабрландик деб ҳеч ким арзланмади. Шундай бўлса ҳам бу инцидент ўрганилади, -дейди Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби Замир Сидиков.

Мутахассисларга кўра, Ўш шаҳрида бу каби оммавий жанжалларнинг биринчи бор кузатилиши эмас. Ўтган йили ҳам бу каби жанжаллар беш-олти марта кузатилган. Шундан келиб чиқиб, Ўш вилоят милициясининг собиқ раҳбари Абдилда Капаров вазият анча жиддий эканини айтди:

- Шаҳарда бу каби муштлашувлар кўп бўлади. Майда мушлашув, катта муштлашув кун ора бўлиб туради. Ҳозир вазият жуда оғир. Ўш шаҳри ҳозир Сицилия каби бўлиб қолган. Шаҳарни ҳозир бандитлар бошқараяпти. Автомат кўтарганлар юради, ҳар кимни тўнаб юрипти. Тўналмаган тадбиркор қолмади. Юзига ниқоб тақиб ёки ниқобсиз ҳам жой-жойларда жанжал чиқариб, бировларни қўрқитиб, тўнаб кетганлар ундан ҳам кўп. Бунга куч тизимлари ҳеч қандай чора кўролмаяпти, - дейди Абдилда Капаров.

Таҳминий маълумотларга кўра, сўнгги муштлашувда Ўш шаҳридаги спорт клуби йигитлари иштирок этган. Бироқ ҳозирча гувоҳлар ҳам куч тизими ходимлари ҳам маълумотни тасдиқлагани йўқ.

XS
SM
MD
LG