Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:23

Россияда ОМОН прокуратурага шикоят қилган ўзбекистонликларни калтаклади


Россиянинг Ярослав вилояти Тутаев шаҳридаги хорижларни вақтинчалик сақлаш марказида (СУВСИГ) прокуратурага шикоят қилган ўзбекистонлик муҳожирлар калтакланди.

Бу ҳақда марказда ушлаб турилган муҳожирлар телефон орқали Озодлик радиосига маълум қилди.

Август ойи бошида депортация марказидаги 20 нафардан ортиқ меҳнат муҳожири Россия прокуратурасидан уларни ватанларига тезроқ чиқариб юборишни талаб қилиб, очлик амалига қўл урганди.

Озодлик суҳбатлашган фарғоналик 29 яшар Раҳмон 2 йиллик қамоқ жазосини ўтагандан сўнг, 2 ҳафта олдин Тутаева депортация марказига келтирилганди.

У ОМОН ходимлари томонидан ноқаҳ калтакланганини айтади.

"Болалар бу ерда жуда эзилган"

- ОМОНчилар келганда трусикда эдим, кийиниб олай десам, биттаси келиб электрошок билан жағимга урди, деворга ёпиштирди. Пастги қавватдаги болаларни ҳам уриб, иккитасини изоляторга юборишди ва уша ердан кейин уйларига депорт қилишди. Биз турган жойни шароити ҳам яхши эмас. Ойналари қоп қоронғи, уй қоронғи, ҳаммани битта камерага тиқиб қўйган. Прогулкага кам олиб чиқади. Олиб чиқишса ҳам, кўпи билан 15 дақиқа ижозат беради, холос. Қачон юборишлари ва нима сабабдан уйга юбориш мўҳлати чўзилаётганини тушунтириб айтишмайди. Болалар бу ерда жуда эзилган, деди Раҳмон.

Уч ойдан буён депортацияни кутаётган ўзбекистонлик Жавлон эса муҳожирларнинг прокуратурага шикоят қилгани ортидан улар вазияти янада ёмонлашганини айтади.

- Биз шикоят қилганимиз учун ОМОН аскарларини келтириб, бизларни урдиршди, тинтув қилиб, баъзиларнинг кийимларини йиртиб ташлашди, телефонларимизни тортиб олишди. Камераларда ҳамма жим бўлиб қолган, ҳамма қурқиб ўтирибди. Ҳеч ким телефон қилолмайди. Ҳозир ҳамма жим-жит, қўрқиб қолган. Икки кун олдин менга ташқаридаги танишларим беркитиб телефон ўтказишди. Яхшилаб яшириб ўтирибман. Ҳаммамиз шу телефондан яширинча гаплашамиз. Яқинда, бошлиқларимиз янги бўлгандан сўнг, аҳволимиз янада ёмонлашди. Қачон Ўзбекистонга юборишлари ҳам номаълум, кутиб ўтирибмиз, деди Жавлон.

Муҳожирларнинг айтишича, Тутаевдаги депортация марказида ҳозир йигирмага яқин ўзбекистонлик ушлаб турилипти.

Муҳожирлар муаммолари юзасидан Тутаев депортация марказига қилган мурожаати жавобсиз қолдирилгач Озодлик Ярослав вилояти омбудсмени Сергей Бабуркинга боғланди.

Сергей Бабуркин жорий ҳафта давомида муҳожирларни депортация қилиш марказидаги вазият билан шуғулланишини билдирди.

- Тутаев депортация марказига ОМОН келтирилгани ва муҳожирлар дўппослангани тўғрисида менга маълумот тушмади. Мен буни назарга оламан. Мен марказга мунтазам қатнаб тураман. У ердаги вазиятдан яхши хабардорман. Ҳозир сиз айтаётган муҳожирларга бўлган муносибат, Федерал Мигратсия хизмати (ФМС) дан Ички ишлар вазирлиги(МВД)га ваколатлар топширилаётган ўтиш даври билан боғлиқ бўлса керак. Бундан ташқар и, ҳақиқатан ҳам депортация марказида раҳбарият ўзгарган. Эҳтимол ушбу ўзгаришлар у ердаги вазиятга салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Мен, албатта, ўзбекистонликлар сақланаётган депортация марказига ҳафта давомида бораман ва у ердаги вазият билан яқиндан танишаман, дея ваъда берди Сергей Бабуркин .

Маблағ муаммоси

Ярослав вилояти омбудсменининг ишонишича, хорижийларни депортация қилиш муҳлати узоққа чўзилаётгани асосий сабаблардан бири бу - муҳожирларни юбориш учун ажратилган маблағнинг етарли эмаслиги ва муҳожирларда тегишли ҳужжатларнинг йўқлиги.

Сергей Бабуркин фикрига кўра, Россиядаги хорижий давлатлар элчихоналари ҳам муҳожирлар ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштирмайди.

Сўнги пайтларда Россия шаҳарларидаги депортация марказларида муҳожирларнинг норозилик чиқишлари, хусусан, ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпаётгани кузатилмоқда.

Икки ҳафтача олдин Узоқ Шарқидаги Артём шаҳарчаси депортация марказида асосан ўзбекистонлик бўлган муҳожирлар 4 кунлик очлик эълон қилганди.

16 ва 22 августда Екатеринбургдаги депортация марказида ушлаб турилган икки нафар муҳожир, норозилик сифатида, ўз қўл томирини кесиб ташлади.

Июл ойи охирида эса Тула вилояидаги хорижийларни вақтинчалик сақлаш марказида ўзбекистонлик ногирон ўзини осиб қўйгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG