Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:42

Қирғиз депутатлари ва чекистлари ўзбек ҳамкасбларига мурожаат қилди


Унгартепа.
Унгартепа.

Қирғизистон махсус хизматлари фахрийлари Ўзбекистон ўз ҳудуди деб атаб, милиция десанти киритган Унгартепа-Ункур Тоо масаласи юзасидан вазият кескинлашиб бораётганидан ташвиш билдириб, тошкентлик ҳамкасбларига муаммони ҳал қилиш таклифи билан мурожаат қилдилар.Қирғизистон парламенти ҳам Ўзбекистон Олий Мажлисига бу борада мурожаат йўлланишини маълум қилди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари генерал-майор Марат Иманкулов бошчилигидаги бир гуруҳ махсус хизмат фахрийлари чоршанба куни оммавий ахборот воситалари орқали ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат йўллади.

Мурожаатда Ўзбекистон милиционерлари томонидан икки давлат ўртасида баҳсли экани айтиладиган Унгартепа-Ункур Тоо ҳудуди масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш ва бу ерда “Ўзбекистонда ноқонуний юрган шахслар” сифатида айбланиб, Наманганга олиб кетилган қирғиз ватандошларини ватанига қайтариш таклиф қилинган.

Марат Иманкуловнинг айтишича, Ўзбекистонда Унгартепа, Қирғизистонда Ункур Тоо деб аталадиган мазкур ҳудуд атрофидаги вазият тобора кескинлашиб бораётгани мурожаат йўлланишига туртки бўлган.

-Вазият кундан кунга кескинлашиб бораяпти. Турли кучлар, сиёсатчилар баёнотлар билан чиқмоқда. Улар “агар ҳукумат бу масалани ҳал қила олмаса, биз ҳал қиламиз. Бунинг учун бизга ваколат беринглар. Халқни йиғиб, қўлга олинган ватандошларимизни ўзимиз қутқариб келамиз”, деган гапларни айтишаяпти. Бу тўғридан-тўғри урушга сабаб бўладиган йўлдир. Бу йўл қирғизларга ҳам, ўзбекларга ҳам керак эмас, -деди Марат Иманкулов.

Бундан аввалроқ айрим қирғиз сиёсатчилари маҳаллий матбот орқали қилган чиқишларида, агар ҳукумат тез орада Ўзбекистон билан дипломатик йўл орқали вазиятни юмшатмаса, Унгартепани қўлларида қурол билан ҳимоя қилишлари тўғрисида баёнотлар тарқатган эди. Қирғизистон расмийлари бу каби баёнотларни фитна сифатида баҳолаган.

Қирғизистон парламентида ҳам бу масала муҳокама қилиниб, депутатлар Ўзбекистон Олий Кенгашига мурожаат қабул қилишга келишиб олдилар.

Парламентдаги “Ўнугуу-Прогресс” фракцияси раиси Бакит Тўрўбаев Унгартепа масаласи кескинлашиб бораётганини тасдиқлади:

-Ҳукумат бу муаммони ҳал этиш учун ҳаракат қилаяпти. Бироқ вазият жуда кескинлашиб кетган. Муҳими бу муаммони ҳал этишда фитналарга алданиб қолмаслик керак. Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам Унгартепа масаласида ишлаяпти. Бу масалани фақат дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдоримиз, -деди Бакит Тўрўбаев.

Қирғиз томони Унгартепани расман баҳсли ҳудуд деб билади, бироқ қирғиз матбуотида Унгартепа Қирғизистон ҳудуди экани аниқлиги иддао қилинади. Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги эса август ойи охирларида тарқатган баёнотида Унгартепани Наманган вилояти Чортоқ туманига қарашли ҳудуд сифатида таърифлаган.

Аввалроқ Унгартепа Ўзбекистонга тегишли экани тўғрисидаги 20-сонли протокол 2006 йилда Тошкентда икки давлат расмийлари томонидан имзолангани тўғрисида ҳужжатлар мавжуд экани хабар қилинган эди.

Қирғизистон президенти мазкур ҳужжатнинг топилиши муносабати билан тафтиш ўтказиш тўғрисида кўрсатама берган эди.

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу жанжал 13 августда ўзбек милиционери қўлга олинганидан сўнг бошланди. Бишкек расмийлари ўзбекистонлик милиционер Косонсой сув омбори ҳудудида қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган пайтда қўлга олинганини билдирган. Ўзбекистон матбуотига сиздирилган маълумотларда эса, қирғиз милиционерлари Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кириб, ўзбекистонлик милиционерни ўзлари билан мажбурий равишда олиб кетгани айтилади.

Мана шу воқеа ортидан 22 август куни Ўзбекистон Қирғизистонининг радоиреле станциялари жойлаштирилган Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган. Бугунги маълумотларга кўра, ўзбек милиционерлари радиореле станцияси ишчиларидан 4 нафарини қўлга олиб, уларни вертолётлардан бирига чиқариб, Ўзбекистонга жўнатган.

Ўзбекистон шундан сўнг қирғиз томонига қўлга олинган ўзбек милиционерини бўшатишни ҳамда Косонсой сув омбори ҳудудидаги Қирғизистонга қарашли постларнинг олиб ташланишини талаб қилган. 23 август куни ўзбек милиционери Олабуқа туман суди томонидан чегарани ноқонуний босиб ўтганликда айбдор деб топилиб, 294 доллар жаримага тортилган ҳамда Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

Расмий Бишкек Тошкентдан Унгартепа ҳудудидан милиционерларни олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Бироқ Ўзбекистон бу талабни бажаришга шошилмаётир.

XS
SM
MD
LG