Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:56

Қодиржон Ботировнинг ЕХҲТ йиғинида қатнашгани Бишкекни норози қилди


Қодиржон Ботиров Варшавадаги йиғинда.
Қодиржон Ботиров Варшавадаги йиғинда.

Қирғизистонда 2010 йилги Ўш воқеалари уюштирувчиси сифатида айбланиб, сиртдан умрбод қамоққа ҳукм қилинган Қодиржон Ботиров ЕХҲТнинг Варшавада ўтган инсон ҳуқуқларига оид йиғилишида Бишкек ҳукуматини танқид қилди. Бу воқеа Қирғизистон ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди. Қирғизистон парпламентида Қодировнинг нутқи муҳокама қилиниб, Ташқи ишлар вазирлиги ЕХҲТга норозлик нотаси жўнатди.

Қодиржон Ботиров Ўш қирғинини геноцид деб баҳолади

Польша пойтахти Варшавада ўтган ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқларига бағишланган йиғилишида иштирок этган Қодиржон Ботиров 21 сентябрь куни сўзлаган нутқида “Европа давлатлари Қирғизистонда демократия мавжуд, деб ўйлашларини, аслида эса бу давлатда демократия мавжуд эмас”, деб ҳисоблашини айтди.

-Қирғизистонда ҳеч қандай демократия мавжуд эмас. Айниқса, буни 2010 йил яққол кўрсатди.Ўшанда Муваққат ҳукумат ўзбек халқи геноцидини уюштирди, юзлаб одамлар ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди, -деди Қодиржон Ботиров.

У ўз сўзи давомида халқаро ташкилотларнинг Қирғизистонда этник озчиликларга нисбатан дискриминацияни бартараф этиш тўғрисидаги тавсиялари ҳам фақат қоғозда бажарилаётганини, амалда эса дискриминация давом этаётганини айтди:

-Мени сизларни Қирғизистонда ваколатлайдиган ташкилотларнинг позицияси ҳайратда қолдирмоқда. Улар бир овоздан ўзбеклар мавзуси мураккаб ва хавфли мавзу, бу мавзуни ҳозирча кўтармайлик, деб айтишмоқда. Аммо бу муамммони ҳал қилиш учун ажратилган пуллар сарфланаяпти, ҳисоботлар берилаяпти, аммо натижа йўқ, -деган Қодиржон Ботиров.

Бишкек ҳукумати ЕХҲТдан норози

Қирғизистон ҳукумати наздида Ўш қирғинининг асосий ташкилотчиси бўлган шахснинг ЕХҲТ йиғинида иштирок этиши Бишкек расмийларида норозилик пайдо қилди. Қирғизистон парламенти Қодиржон БотировнингЕХҲТ йиғинидаги иштирокини муҳокама қилди.

Йиғинда иштирок этган Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Динара Кемелова ЕХҲТга норозлик нотаси жўнатилганини айтди.

-Одамлар ҳалок бўлган этник низони уюштирган ва бу борадаги ўз айбини ҳукумат зиммасига юклашга ҳаракат қилган одамнинг ЕХҲТ йиғинида нутқ сўзлаши мазкур ташкилот доирасида ўтказилаётган диалогларга кескин ҳалақит беради, деб ҳисоблаймиз, -деди Динара Кемелова.

Депутатлар парламент қўмитаси йиғилишида Ички ишлар вазирлигидан ЕХҲТ мажлисида Қодиржон Ботировнинг олдида ўтирган қирғиз ҳуқуқ фаолларини жиноий жавобгарликка тортишни, Ботировни Қирғизистонга экстрадиция қилинишига эришишни талаб қилишди.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги депутатларнинг бу талабига жавобан, Интерпол сиёсий қочқин ҳисобланадиган Қодиржон Ботировга нисбатан халқаро қидирув эълон қилишдан бир неча марта бош тортганини маълум қилди.

Атамбаев "Ботировни қочирган ҳукумат аъзолари"ни топмоқчи

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази лидерларида бири Қодиржон Ботиров миллий низо қўзғаганлик, айирмачилик чақириқлари билан чиққанлик ва оммавий тартибсизликлар уюштирганлик айблови билан сиртдан умрбод қамоқ жазоси ҳукм этилганди.

Қодиржон Ботиров ўзига билдирилган айбловларни инкор қилиб келади. У 2010 йил Ўш қирғини арафасида Қирғизистонни тарк этган ва Швециядан сиёсий қочқин мақомини олган.

Ботиров масаласи Қирғизистонда шу йилнинг 31 августида президент Алмазбек Атамбаев нутқидан сўнг бошланган сиёсий жанжалда ҳам қўлланилмоқда.

Қирғизистонда "Қодиржон Ботировни қамоққа олиш ўрнига, уни Муваққат ҳукумат аъзолари ҳорижга қочириб юборган", деган нуқтаи назар шаклланиб улгурган. Президент Атамбаев кўрсатмаси билан Бош прокуратура бундан 6 йил аввал юз берган воқеани тергов қилиши ва Ботировни қочирган ҳукумат аъзолари исмларини айтиши керак бўлади.

XS
SM
MD
LG