Қирғизистондаги АҚШ ва Британия элчихоналари ўз ватандошларини Қирғизистонда октябрь ойида террор хавфи мавжудлигидан огоҳлантирди. Бироқ Қирғизистон кучишлатар тузилмалари уларда бундай маълумот мавжуд эмаслигини билдирмоқда. Шу билан бир қаторда Бишкекда жамоат транспортига Ички ишлар вазирлиги аҳолини террордан огоҳ бўлишга чақирувчи эълонларни жойлаштирмоқда.
АҚШ ва Британиянинг Бишкекдаги элчихоналари 8-9 октябрь кунлари Қирғизистонда октябрь ойида террорчилик, одамларни гаровга олиш ҳаракати содир этилиши мумкинлигидан ўз ватандошларини огоҳлантирди.
Қўшма Штатлар элчихонаси тарқатган баёнотда, жумладан: “АҚШ элчихонаси Қирғизистонда октябрь ойи ичида маҳаллий ҳукумат ва хориж дипломатларига қарши одам ўғирлаш ва гаровга олиш билан боғлиқ террорчилик ҳаракатлари содир этилиши эҳтимоли мавжудлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи маълумотни олди”, деб билдирилган.
Шу муносабат билан АҚШ ва Британия элчихоналари Қирғизистондаги ўз ватандошларини эҳтиёткор бўлишга чақирган.
Шанба ва якшанба дам олиш кунлари бўлгани, душанба эса Қўшма Шататларда Колумб куни нишонланаётгани муносабати билан элчихона ишламаётгани учун бу борада АҚШ элчихонасидан изоҳ олиш ва бу маълумот қаердан олинганини аниқлаштириш имконияти бўлмади.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эса бу борада уларда ҳеч қандай маълумот йўқлигини, АҚШ элчихонаси тарқатган огоҳлантиришда айтилган маълумот бўйича текширув ишлари олиб борилаётганини билдирди.
Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Талантбек Кушчубеков АҚШ ва Британия элчихоналари тарқатган маълумотни ва Миллий хавфсизлик хизмати бу маълумотдан бехабар экани тўғрисидаги билдирувни шарҳлар экан, мана буларни айтди:
-Агар ҳукуматлараро даражада оладиган бўлсак, АҚШ ва Қирғизистон ўртасида ахборот алмашинуви тўғрисида шартнома мавжуд эмас. Шунинг учун қирғиз махсус хизматлари АҚШдан эҳтимолий террор ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни талаб қила олмайди. Иккинчидан, Қирғизистон махсус хизматларининг бу каби маълумотларни олиш имконияти чекланган. Чунки бошқа давлатларда бўлгани каби, бизда агентура тармоғи ривожланган эмас ва яқин йилларда ривожлантирилмайди ҳам, -деди Талантбек Кушчубеков.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эҳтимолий террор ҳужуми ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирган бир пайтда, Ички ишлар вазирлиги Бишкекдаги жамоат транспортига “Аҳолига террорчилик кўринишининг олдини олишга қаратилган эслатма” деб номланган эълонларни жойлаштирмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ҳозирча бу иш қандай мақсадларда амалга оширилаётганини шарҳлашдан тийилмоқда.
АҚШ ва Британия элчихоналари огоҳлантирувидан бир неча кун олдинроқ Интернет тармоғида ниқоб кийган ва қуролланган уч одамнинг қирғизистонликларга мурожаати тарқатилган эди.
Видеода қирғиз ҳукумати танқид қилинган ва Қирғизистонда шариат қонунлари ўрнатилиши шарт экани айтилган. Бу видео бугунги кунда Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўрганилмоқда.
-Видеодаги одамлар ким эканини аниқлаяпмиз. Бу видео ҳақида маълумотга эгамиз. Ҳозирча бу масалада бирон бир маълумот беришдан тийиламиз, -деди Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулайманов.
Ярим соатлик мазкур видеода тасвирдаги одамлар ўзларининг Сурияда жанг қилаётганлари ва бу уларнинг қирғизистонликларга биринчи мурожаати эканини айтганлар. Уларга кўра, бундай мурожаатлар бундан буён мунтазам Интернет орқали тарқатиб турилади.