Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Ўзбекистонда биринчи марта Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли эълон қилинди


Ўзбекистонда президентлик сайлови олдидан расман тарғибот ишларининг бошланиши муносабати билан муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли биринчи марта Либерал демократик партия сайтида нашр қилинди. Мирзиёев мазкур партия томонидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган эди. Шу вақтгача 13 йил давомида Бош вазир, 8 сентябрдан эса муваққат президент бўлган Шавкат Мирзиёевнинг расмий таржимаи ҳоли эълон қилинмаган эди.

Либерал демократик партия сайтида эълон қилинган таржимаи ҳолда 59 ёшли Шавкат Мирзиёев ҳаёт йўлининг тафсилотлари ҳамда рафиқасининг тўлиқ бўлмаган исми –шарифи ҳам илк бор жамоатчиликка эълон қилинди.

Партия сайтида эълон қилинган расмий таржимаи ҳолда Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғлнинг отаси, беш нафар набиранинг бобоси экани айтилади. Таржимаи ҳолда қайд этилишича, президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси З.М. Ҳошимова айни пайтда уй бекасидир, бироқ у муҳандис-иқтисодчи мутахасислигига эга.

Мирзиёевнинг ўзи эса 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатгани, муҳандис-механик мутахассислигига эга экани билдирилган. Расмий таржимаи ҳолда айтилишча, Мирзиёев техника фанлари номзоди, доцент унвонига эга. Шунингдек, Мирзиёевнинг "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирлангани айтилган.

Ўзбекистон Либерал демократик партияси сайтида Мирзиёевнинг сайловолди дастури ҳам эълон қилинган. Дастурда айтилишича, Шавкат Мирзиёев президентликка сайланса Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти тизимидаги аҳамиятини оширмоқчи.

Мирзиёевнинг сайлов олди дастурида Олий Мажлиснинг муҳим масалаларни, ички ва ташқи сиёсат муаммоларини ҳал қилишдаги ваколатларини ошириш назарда тутилади.

“... шунингдек, ижроия ҳокимияти устидан парламент назоратини амалга ошириш муҳим вазифалардан бири деб ҳисоблаймиз”, дейилади Мирзиёевнинг сайловолди дастурида.

Шу билан бир қаторда Мирзиёев ўз дастурида 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини деярли икки баробарга кўпайтириш, жумладан, иқтисодиётда саноат ишлаб чиқариши улушини 40 фоизга етказишга ваъда берган.

Ташқи сиёсат соҳасида эса Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги, ўз ҳудудида хориж давлатлари ҳарбий базаларини жойлаштирилишига ва Ўзбекистон ҳарбийларининг мамлакат ташқарисида фаолият юритишига йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Ўзбекистонда президентлик сайлов 4 декабрь кунига белгиланган. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг 8 сентябрда мамлакат муваққат президенти этиб тайинланган Шавкат Мирзиёев президентликка асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда.

Мирзиёев билан бирга яна уч номзод беллашади. Лекин учала номзод ҳам ҳукумат кўз-қарашини ифодаловчи амалдорлар экани айтилмоқда.

Сайловда мухолифатдан номзодлар йўқ. Сешанба куни президентликка номзодлар расман сайловолди тарғибот ишларини бошлади.

Ўзбекистон Президентлигига бош номзод Шавкат Мирзиёевнинг Либерал демократик партия сайтида эълон қилинган расмий таржимаи ҳолининг айрим ўринларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

"Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.М. Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта - 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

Ш.М. Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслакдоши сифатида самарали фаолият олиб бормоқда...

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юкланди".

XS
SM
MD
LG