Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:23

КХШТ миграция оқимини жиддий назорат остига олади


МДҲ доирасидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши курашни кучайтиришини билдирди.

Ташкилотнинг Астанада ўтадиган навбатдаги йиғилишда, "миграция оқимини назорат қилишга ўта жиддий эътибор" берилади деб айтган Россия ички ишлар вазири муовини Александр Горовой.

Москва ҳарбий таъсири кучли ушбу ташкилотга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо давлат ҳисобланади.

Ўзбекистон 2012 йилда ушбу ташкилотдаги аъзолигини тўхтатди.

ККХШТ ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши кураш бўлими раҳбари этиб тайинланган Александр Горовойга кўра, ҳозида уруш кетаётган мамлакатлардан (Ироқ, Сурия, Афғонистон) келаётган муҳожирлар оқимига жиддий эътибор берилади.

Унинг фикрича, ҳарбий можаро кечаётган мамлакатлардан келаётган муҳожирлар сурати ва бармоқ излари олиниши лозим.

Россия ички ишлар вазири муовинининг айтишича, Суриядаги ички низолардан қайтиб келаётган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилади.

Александр Горовойга кўра, Сурия ва Ироқда 60 минг паспорт жангари гуруҳ аъзолари томонидан ўғирлаб кетилган.

- Шу боис, сўзсиз террористлар ва жангариларнинг ушбу ўғирлаб кетилган паспортларни ишга солишларини олдиндан башора этиш мумкин, деди Александр Горовой.

Айни вақтда Озодлик суҳбатлашган МДҲ давлатлари институти директори муовини, ҳарбий эксперт Владимир Жарихиннинг фикрича, КХШТнинг миграция оқимига жиддий эътибор қаратиши, минтақада халқаро терроризм хатари кучаётгани билан боғлиқдир.

"Менинг фикримча, ҳозирги шароитда ҳарбий можаролар ҳукм сураётган мамлакатлардан келаётган муҳожирлар масаласи билан ҳарбий –сиёсий ташкилот бўлмиш КХШТ ҳам шуғулланиши зарур. Чунки ҳарбий можаро кечаётган давлатлардан, урушда қатнашган шахслар муҳожирлар оқими билан МДҲ ҳудудига кириб келишлари мумкин. Менинг назаримда НАТО ҳарбий блоки ҳам ушбу масала бўйича КХШТ билан ҳамкорлик қилиши лозим," - деди Москвалик ҳарбий эксперт Владимир Жарихин.

КХШТ маълумотига кўра, 2016 йилда ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудига Сурия, Ливан, Ироқ ва Ямандан 70 мингдан ортиқ хорижлик келган ва уларнинг 7 минг нафари КХШТ ҳудудида қолган.

КХШТ ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида ҳарбий машқлар ўтказиб туради.

Кузатувчиларга кўра, КХШТ таркибида бўлган кучлар бирорта минтақавий низода иштирок этгани йўқ.

XS
SM
MD
LG