Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:34

Facebook'даги данак пўчоқлари Тошкентдан Россия журналистининг депортация қилинишига сабаб бўлди


“Московский комсомолец” газетасининг мухбири Екатерина Сажнева.
“Московский комсомолец” газетасининг мухбири Екатерина Сажнева.

Ўзбекистонга шахсий сафар билан борган “Московский комсомолец” газетасининг мухбири Екатерина Сажнева 29 ноябрь куни беш соатлик ҳибсдан сўнг Тошкентдан Москвага экстрадиция қилинди. Журналистнинг Озодлик радиосига билдиришича, сайлов арафасида Ўзбекистон ватандошлари билан интервьюлар ўтказгани ортидан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уни мамлакатда бўлиш қоидаларни бузганликда айблаган.

Екатерина Сажнева Озодлик радиосига Ўзбекистонга шахсий сафар билан борганини айтди. Бироқ у ўз касбидан келиб чиққан ҳолда одамлар билан, жумладан, мухолифат вакиллари билан ҳам гаплашган. Мана шундай суҳбатлардан биридан сўнг у Тошкентда қўлга олиниб, беш соатдан сўнг депортация қилинди.

-Кеча мени кўчада тўхтатишди ва мен паспорт режимини бузган одам қаторида сводкага тушганимни айтишди. Шундан сўнг мени машинага ўтиришмни илтимос қилишиб, 40 минут олиб юришди. Мени қўлга олганлар милиция кийимида эди, бироқ милиция бўлимига олиб келишдими, миллий хавфсизлик бўлимигами, тушунтиришмади. Ўзбек тилида қандайдир ҳужжатларни тўлдиришди. Беш соатлардан кейин келиб: “Суд бўлди, сизни депортация қиламиз”, дейишди. Мени хатто судга ҳам олиб боришмади. Аэропортга 10 кишидан иборат гуруҳ кузатиб борди. Мен билан жуда маданиятли муомалада бўлишди, -деди Екатерина Сажнева.

Журналистнинг айтишича, ундан ҳеч қандай тушунтиришларсиз сим картани, фотосуратларни ва матбуотда эълон қилиш мумкин, деб ҳисобланадиган қолган барча нарсаларни тортиб олишган.

Екатерина Сажнева Озодликка дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, уруш кетаётган Сурияда ҳам 4 марта бўлганини, аммо у ерда ҳам махсус хизматлар журналистларга бу қадар душманона муносабатда бўлмаганини айтди.

-Ўзбекистон ўзини жаҳон ҳамжамиятида демократик давлат сифатида тамсил этишни истамоқда. Шундоқ экан Ўзбекистон ҳукумати журналистларга очиқроқ ва бағрикенглик билан муносабатда бўлиши зарур,- деб ҳисоблайди журналист.

Екатерина Сажневанинг айтишича, уни қўлга олган одамлар журналист Facebook саҳифасида эълон қилган ўрик данаги пўчоқлари фотосуратини танқид қилишган. “Сиз бу суратни ижтимоий тармоққа жойлаш орқали Ўзбекистонни шарманда қилмоқчи бўлгансиз. Фотосуратда данак пўчоқлари акс этган, бу билан сиз Ўзбекистонда мағзи тўлиқ данаклар йўқ демоқчи бўлгансиз”, каби гапларни айтишди, дейди журналист.

Екатерина Сажнева сайлов арафасида ўзи билан суҳбатдош бўлган қатор ўзбекистонликлар “бу каби мантиқсиз тайзиқлар янги президент сайланиши билан йўқ бўлади”, деган умидда яшаётганларини айтди:

-Одамлар умид билан яшамоқда. Улар Ўзбекистон очиқ ва демократик мамлакатга айланади, деган умид билан яшаяпти. Одамлар президентликка номзодлардан бирига жуда ҳам ишонишаяпти, -деди журналист.

Екатерина Сажнева Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида мақола ёзишга қарор қилганини айтди.

Унга кўра, 27 ноябрда Тошкентга келганидан сўнг мунтазам равишда унинг ортидан номаълум шахслар кузатиб юрганини ҳис қилган.

Бу воқеани шарҳлар экан, Москвадаги Инсон ҳуқуқлари учун Россия адвокатлар ассоциацияси раҳбари Мария Баст “Тошкент ҳукумати инсон ҳуқуқларига амал қилмаслигини яна бир бор исбот қилди”, деб фикр билдирди:

-Бу очиқдан-очиқ инсон ҳуқуқларининг бузилишидир. Унинг ортидан бир неча кун мобайнида кузатиб юришган. Журналистнинг матбуотга берган суҳбатларидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини бузишга асосланган сиёсатни давом эттираётганига ишонч ҳосил қиламиз. Бундай сиёсат жамиятнинг радикаллашувига, бунинг ортидан эса террорчиликнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши билан ҳам қўрқинчлидир, - деди Мария Баст.

“Московский комсомолец” газетаси мухбири Екатерина Сажнева Ўзбекистондан депортация қилинган ягона журналист эмас. Шу йилнинг 11 ноябрь куни Тошкентдан 44 ёшдаги немис журналисти Эдда Шлагер ҳам одамлар билан суҳбатлашиб, интервьюлар олгани учун депортация қилинган эди.

Бундан аввалги йилларда ҳам Ўзбекистондан ўнга яқин журналист депортация қилинганди.

XS
SM
MD
LG