Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:28

Қирғизистонда машҳур санъаткорлар Қуръон ўқиш эстафетасини бошлади


Машҳур қўшиқчи Ўмар диний қўшиқ куйламоқда.
Машҳур қўшиқчи Ўмар диний қўшиқ куйламоқда.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда беш маҳал намоз ўқиб, ўз репертуарларида ислом динини тарғиб қилувчи санъаткорлар сони кўпайиб бормоқда. Қирғиз санъаткорлари бир неча кун олдин Қуръон ўқиш эстафетасини ҳам бошлади.

Қуръон ўқиш эстафетасини ёшлар орасида таниқли бўлган қирғиз эстрада юлдузи Турдакун Ниязалиев бошлаб берди. Ундан эстафетани Талант Канатбек уулу қабул қилиб олди. У ўзи тиловат қилган Қуръон сураси видеосини ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, навбатни яна бир машҳур санъаткор Ўмарга узатди.

Қирғиз шоу бизнесига ихтисослашган журналист Қудрат Тайчабаров машҳур санъаткорларнинг Қуръон ўқиш эстафетаси ҳақида фикр билдирар экан, мана буларни айтди:

-Журналистлар “Намоз ўқийсизми?” деган саволни беравериб, бугунги кунда қирғиз эстрадаси юлдузларининг 90 фоизи намозга йиқилиб қолди. Масалан, Ўмар, Арсен, Мирбекдан бошлаб ҳамма санъаткорлар беш маҳал намоз ўқий бошлади. Мирбек Атабеков ярим тунда туриб таҳажжуд намозини ҳам ўқийди, -деди журналист.

Қирғиз шоу бизнесининг машҳур вакилларидан бири бўлган Абди Кадирматов халқ орасида обрў топган кўплаб санъаткорлар динга берилгани ортидан санъатни тарк этганини айтди.

-Санъатни ташлаб кетганлар сони ҳам кўпаймоқда. Масалан, Бекчўрў ажойиб санъаткор эди. У санъатдан кетди. Уйига бориб хабар олдим. У “тирикчилигим ҳалол бўлсин деб деҳқончилик билан шуғулланаяпман, энди ҳеч қачон ашулла айтмайман”, деб айтди, -деди Абди Кадирматов.

Унга кўра, кўпчилик эстрада юлдузлари “Ислом динида қўшиқ айтишга рухсат берилмаган экан”, деган сабаб билан саҳнани тарк этмоқда.

Бироқ қирғизистонлик таниқли уламо Ўрўзбек ҳожи Чўтўнов бу фикр тўғри эмаслигини билдирди:

-Агар Худони мақтаб ашулла айтса рухсат берилади. Қуронда ҳам бу тўғирида алоҳида сура бор. Худони, пайғамбарни, ислом динини, намозни мақтаб ашулла айтишга рухсат берилади, -деди уламо.

Мирбек Атабеков беш маҳал намоз ўқиш билан бир қаторда санъатни тарк этишни истамаётган санъаткорлардан бири.

-Бувим, бувам, отам ва амаки –тоғаларимнинг ҳаммаси намоз ўқийди. Шунинг учун намоз ўқишга муҳаббат менга сут билан бирга кирган, -деди Мирбек Атабеков.

Қирғиз санъаткорлари орасида намоз ўқишнинг “модага айлантирилганини” танқид қилувчилар ҳам бор.

-Айрим диндорлар ҳам, сиёсатчилар ҳам, санъаткорлар ҳам қадриятларни чайқов қилиб, Худони бир ўйинчоқ қилиб олди. Бу нотўғри, қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Дин, ислом биз учун муқаддас бўлган энг олий қадриятдир, Аллоҳ биз учун энг олий зотдир. Санъаткорларимиз бу нарсалар тўғрисида фақат “модага амал қилган ҳолда” қўшиқ куйлаётгани алам қилади, -деди санъатшунос Жиргалбек Касабўлўтов.

Мутахасисларга кўра, динга берилган санъаткорлар иккита йўлдан бирини танлайди: ё санъатни тарк этади ёки диний қўшқиларни ижро этишни бошлайди.

XS
SM
MD
LG