Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Россия ва Тожикистон ўзаро авиапарвозларни қисман тўхтатди (ЯНГИЛАНДИ)


Россия Транспорт вазирлиги Тожикистоннинг Somon Air авиаширкатининг Россия минтақаларига қатновларини 23 декабрдан бекор қилди. Бу қарор Тожикистон авиация расмийларининг русларнинг “Ямал” ҳамда “Уральские авиалинии” ширкатлари парвозларини Тожикистонга рухсат берилмагани ортидан қабул қилингани айтилмоқда.
Шу тариқа, 22 декабр куни Тожикистон ва Россия ўзаро парвозлар тўғрисида келиша олмагани маълум бўлди.
Москванинг “Жуковский” аэропортида эса Хўжандга учиб кета олмаётган бошқа тожикистонлик муҳожирлар қолмоқда.

Россия ва Тожикистон ўзаро парвозларни қисман тўхтатди

Россия Тожикистоннинг Somon Air авиаширкатининг Россия минтақаларига қатновларини 23 декабр, жума кунидан бекор қилди.

ТАССнинг Россия транпорт вазирлиги расмийсига таяниб берган хабарига кўра, Тожикистон авиация ширкатининг учоқлари Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидан ташқари бошқа барча Россия минтақаларига вақтинчалик тўхтатилган.

Россия ва Тожикистон 22 декабр куни икки тарафлама музокараларда келиша олмагани айтилди.

- Тожикистон тарафи икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар тўғрисидаги келишувларга ҳамда 2016 йилнинг 7 ноябрида имзоланган протокол хилоф равишда “Жуковский” аэропортидан жўнаётган “Ямал” авиакомпанияси рейсларига рухсат бермади, деди Somon Air парвозларига тақиқ Россиянинг жавоб ҳаракатлари эканига урғу берган Транспорт вазирлиги вакили.

Аллақачон Somon Air Хўжанддан Екатеринбургга учишга ҳозирланган рейсни қолдиргани маълум қилинди.

Тожикистон авиация раҳбарияти эса ўз авиаширкатига қилинган санкцияларга жавобан “Уральские авиалинии” ширкатининг Россиянинг 4 шаҳарига тўхтатиб қўйди.

- Жавоб тариқасида биз “Уральские авиалинии” ширкатининг Душанбедан Краснодар, Уфа, Челябинск ва Красноярск шаҳарларига парвозларини тўхтатдик, дея журналистларга маълум қилди Тожикистон Транспорт вазирлиги Гражданлар авиацияси департамент раҳбари Юсуф Раҳмонов.

Тожикистон Россиядан парвозлар сони кўпайтирилганидан норози

Москва ва Душанбе ўртасидаги авиажанжалнинг бошланишига “Ямал” ширкатига қарашли Душанбе (YC747) ва Хўжандга (YC791) учиши керак бўлган икки рейснинг амалга оширилишига Тожикистон тарафи томонидан рухсат берилмагани бўлди.

Бу учоқлар 20 ва 21 декабр куни учиб кетиши лозим эди. “Ямал” авиаширкати рейсларни номаълум муддатга қолдиришга ва Тожикистонга учаётган барча йўловчиларни ётоқхоналарга жойлаштиришга, уларни иссиқ овқат билан таъминлашга мажбур бўлгани хабар қилинди.

Озодлик “Жуковский” аэропорти ётоқхонасида қолаётган Хўжанд рейси йўловчилари билан телефон орқали уланиб, вазиятни ўрганиб кўрди.

Ўзини Азизбек деб таништирган йўловчилардан бири 22 декабр, эрталаб Душанбе учоғи учишига рухсат берилгани, аммо уларнинг рейсига оид масала очиқлигича қолаётганини айтди:

- “Жуковский” аэропортида 70-80 тача одам жойлаштирилдик. “Ямал” рейси кеча соат 10 да учиши керак эди – ҳалиям шу ердамиз. Булар Тожикистон билан келиша олмаяпти экан. Келишилса – кейин учар эканмиз. Биз келганимизда душанбеликлар бор эди. Улар тонгга яқин бугун Душанбега учиб кетди. Энди Хўжанд рейси келишилсагина биз ҳам кетамиз экан. Ҳамма жим турибди ҳозир... асосан Янги йилга қайтаётган тожикистонлик ишчилар. 5 нафар аёл ҳам бор.

- Ётоқ, озиқ-овқат масаласи қандай?

- Ўзлари ҳисобидан ётоқ, иссиқ овқат, душ – ҳаммаси яхши. Кутиб оладиганларга қийин бўлди – икки маротаба келади энди. Биз қачон учишимини айтгани йўқ. Ўрмон ичидаги меҳмонхонадамиз ҳозир. Телевизор кўриб, ўтирибмиз. Бирор янгилик бўлиб қолар, деди Азизбек.

Суҳбатдош икки мамлакат ўртасида авиақатнов тўхтатилган тақдирда улар Ўзбекистон орқали учишга мажбур бўлишини ҳам қўшимча қилди.

"Тожикистон учоқлар сони кшпайтирилишидан норози"

“Жуковский” аэропортида Озодлик сўровига Душанбе ва Хўжандга кетаётган йўловчилар аллақачон божхона ва паспорт назоратидан ўтиб бўлганини билдиришди.

“Биз рейсларни бекор қилмадик, шунчаки кейинроққа сурдик. Эртага йўловчиларни Тожикистонга юборишимизга умид қилаяпмиз”, деган эди журналистларга тушунтириш берган “Ямал” директори Андрей Дубров, ТАСС хабарига кўра.

У Душанбенинг бу аэропортдан учаётган учоқларга бўлаётган норозилигини Жуковский аэропорти Домодедово, Внуково ва Шереметьево тайёрагоҳлари билан бирга тўртинчи аэропорт экани билан тушунтирди. Яъни, Тожикистон ҳукумати Москвадан Тожикистонга учаётган учоқлар сонининг кўпайиши “икки томонлама шартномаларнинг бузилиши” экани, йўловчи ташувчилар ва рейслар сони олдиндан қатъий белгиланганига ишора қилмоқда.

Россия авиация раҳбарияти эса “Жуковский” аэропортига “Москва шаҳар аэропорти” мақоми берилмагани, у Москва вилояти, яъни минтақавий аэропорт бўлиб қолаётганини тушунтиришга уринаётганини гапирмоқда.

Эслатиш жойизки, 2016 йилнинг ноябрида “Жуковский”дан учаётган “Уральские авиалинии” ширкати учоқларига Тожикистон учишга рухсат бермаган эди. Россия Транспорт вазирлиги ўшанда ҳам икки давлат ўртасидаги авиақатновларни тўхтатиб қўйиши мумкинлиги билан таҳдид қилган эди.

Кузатувчилар Тожикистон авиация расмийларининг бундай ҳатти-ҳаракатларини “Жуковский”дан учаётган учоқларга бўлган чипта нархлари арзонлиги билан изоҳламоқда.

Таниқли москвалик ҳуқуқ фаоли Иззат Амон ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида тожик расмийларини Тожикистон “давлат манфаатларига зид” фаолият олиб бораётганликда айблади.

“Бу ерда мен ҳеч қандай миллий ёки давлат манфаатларининг ҳимояланаётганини кўрмаяпман. Тожикистон Транспорт вазирлиги хусусий авиакомпаниялар манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Улар Россиядан Тожикистонга билетларнинг арзонлашиб кетишидан хавфсирамоқда. Россиядан Тожикистонга бўлган 4 соатлик парвоз нархи тожик авиакомпаниялари белгилаган нархлардан анча арзондир. Агарда 22 декабр куни келишув имзоланмаса, Россия тарафи тожик авиакомпанияларига парвозларни тақиқлайди”, деб ёзди Иззат Амон.

Тожикистон транспорт вазири Ш.Ганжалзода
Тожикистон транспорт вазири Ш.Ганжалзода

Айни пайтда, Душанбе Россия авиация раҳбариятини бу масалада қаттиқ босим қилаётганликда айблаган эди. Тожикистон Транспорт вазири Шерали Ганжалзода Озодлик мухбирлари билан суҳбатда 22 декабр куни чипта сотилган битта “Ямал” рейсига учишга рухсат берилганини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG