Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:29

Ўзбекистон Қирғизистондаги ягона ўзбек театрига молиявий кўмак кўрсатишини билдирди


Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик театри жамоаси. 2012 йилнинг 6 октябрида олинган сурат.
Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик театри жамоаси. 2012 йилнинг 6 октябрида олинган сурат.

Ўшга 15 январь куни ташриф буюрган Ўзбекистон ҳукумати раҳбари ўринбосари Адҳам Икромов икки кундан бери ёпиқ эшиклар ортида қирғизистонлик расмийлар билан учрашувлар ўтказмоқда. 16 январ куни меҳмонлар Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик театрига ҳам ташриф буюришди. Театр раҳбари Набижон Мамажонов сўзларига кўра, Адҳам Икромов Ўзбекистон театрга моддий кўмак кўрсатиш ниятини билдирди.

16 январь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов ва қирғизистонлик расмийлар Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик драма театрига ташриф буюришди. Театр раҳбари Набижон Мамажонов сўзларига кўра, меҳмонлар театр жамоаси билан учрашган ва театр иш жараёни билан танишган. Театр раҳбарияти билан бўлган учрашувда Адҳам Икромов театрга ёрдам кўрсатиш ниятини билдирган:

- Биз бу йил шоҳ ва шоир Бобур Мирзо тўғрисида асар қўймоқчимиз. Ўзбекистондан бу пьесани олдик ва Ўзбекистон давлати мана шу спектаклнинг кийим-кечакларига, декорациясига, рассомчилик, сценография томонларига ўзларини ёрдамини кўрсатиш ниятида туришибди. Худо хоҳласа, биз бу жараёнга кирдик, меҳмонимиз ҳам шу тилакларни билдириб кетди. Келгусида шу асарни аввало ўз халқимизга, Ўшга, томошабинларимизга кўрсатиш ниятимиз бор. Қолаверса, биз шу асаримизни Бобур қадамжолари бўлган Андижон, Ахсикент, Фарғона водийси, Наманганга гастроль сафари уюштиринглар, деган таклиф киритишди, - деди Набижон Мамажонов.

Театр раҳбари Бобур спектаклига кўрсатилиши айтилган ёрдамни бутун театр ва халққа бўлган кўмак, деб ҳисоблашини айтди. Унга кўра:

-Ўзбекистон вице-премьер министри Адҳам Икромов гапларига қараганда, Маданият вазирлиги томонидан ажратилган маблағ бор экан. Буни "50 минг доллар" деб ўз оғзи билан айтиб кетдилар. Энди бу қайси ҳаражатларга сарф бўлади - бу келгусида ҳал бўлади. Мен Маданият вазирлигига боришим керак экан. Ўша ердан кўрсатмаларни олиб, кейин иш бошлаймиз, - деди Набижон Мамажонов.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида нафақат сиёсий, балки маданий алоқалар ҳам тўхтаб қолганди. Набижон Мамажонов сўзларига кўра, Бобур театри Ўзбекистонга сўнгги марта 17 йил аввал гастрол сафари билан борган:

- Соҳибқирон Амур Темур фестивали ўтган. Ўшанда устозим Салоҳиддин ака Умаров, театримизнинг аввалги раҳбари Бахтиёр ака Тўхтаматов ўша ерга олиб боришган ва бу асар жуда катта шов-шув билан қўшилганди. Ўшанда бўлганди гастрол. Мана энди чегараларимиз очилса, буни натижасида гастролларга борамиз, деб умид қилиб турибмиз, - деди Набижон Мамажонов.

Қирғизистон ҳукумати матбуот ҳизмати тарқатган ҳабарга кўра, Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жениш Разаков ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов Ўш шаҳрида қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини муҳокама қилишди.

2016 йил декабри охирида Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари Алмазбек Атамбаев ва Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентда бўлиб ўтган икки томонлама учрашуви доирасида, 2017 йил январ ўрталаригача чегаралар бўйича барча муаммоларни охиригача ишлаб чиқиш борасида топшириқ беришган эди.

Адҳам Икромов шу сафари доирасида Бобур театрига ҳам ташриф буюрган.

XS
SM
MD
LG