Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Бишкекда учоқ ҳалокати жабрдийдаларига аталган ёрдамлар талон-тарож қилинмоқда


16 январ куни Бишкекнинг Дача қишлоғида содир бўлган авиаҳалокатдан жабрланганларга аталган гуманитар ёрдамларни фожеага алоқадор бўлмаган оилалар ҳам олаётгани, бошпанасиз қолганларга берилган “Семетей” меҳмонхонасидаги жойларда фожеага алоқадор бўлмаган одамларнинг яшаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда маҳаллий аҳоли Озодликка сўзлаб берди. Бундан ташқари, Дача қишлоғининг баъзи яшовчилари фожеа куни уйидан қимматбаҳо буюмлари ўғирлаб кетилганини ҳам иддао қилмоқда.

Авиафалокатга учраган турк учоғи Зайирбек Акматовнинг уйига 20 метр етмасдан қулаган.

Ўша куни Акматов биринчилардан бўлиб яраланганларга кўмак кўрсатганини айтди.

Унинг қўл телефонидаги видеода учувчилардан бирининг ўша пайтда тирик бўлгани тасвирланган.

Фожеадан бир неча кун ўтиб Зайирбек видеони журналистларга сотмоқчи бўлди:

- Учоқ қандай портлагани, қандай ёнгани бўйича менда суратлар бор. Телефонда бир турк учувчисининг менга гапираётгани бор. Бироқ нима деганини тушунмадим. Ўтган куни бир канал журналистлари бу видеони кўчириб олиб, телефонимга минг бирлик солиб берди. Агар рози қилсанглар видеони сизларга ҳам бераман, -деди Зайирбек.

Унга ўхшаб авиаҳалокатдан фойда кўрмоқчи бўлганлар бошқалар ҳам борлиги айтилмоқда.

Дача қишлоғи яшовчиси Ажар Маматова, ҳозир қишлоққа келган гуманитар ёрдамларни қўшни қишлоқ яшовчилари ҳам олаётганини айтти:

- Ёрдамнинг ҳаммаси масжидга келиб ўша ердан берилаяпти. Бироқ фожеага алоқадор бўлмаганлар ҳам келиб ёрдам олишаяпти. Пастки Дача ва Жани-Жер деган қишлоқдан келиб ёрдам олаётганлар ҳам бор экан. Шунинг учун бундан буён ёрдамни рўйҳат билан беришга қарор қилдик, - деди Ажар Маматова.

16-январ куни авиафалокатнинг илк дамларида фойжеадан фойдаланмоқчи бўлганлар жамоатчилик норозилигига учради.

Маҳаллий аҳолининг баъзилар уйида ўғирлик бўлганини айтмоқда. Аҳолига кўра, фожеадан фойдаланиб қолганлар орасида қутқарувчилар билан милиция ҳодимлари ҳам бўлган.

Фавқулотда ҳолатлар министри Қубатбек Бўрўнов, ўғрилик юзасидан ҳодимларни жавобгарликка тортиш учун далил йўқлигини бироқ, фожеа жойида мингдан ортиқ одам бўлгани айтти.

- Агарда қутқарувчилар қандайдир бир буюмни ўғирлагани бўйича видео ёки факт бўлса бизга беринглар, биз чора кўрамиз. Бироқ фожеа бўлган жойда 300дан ортиқ қутқарувчи, 500дан ортиқ милиция ҳодими, юзга яқин Миллий гвардия аскарлари, 50дан ортиқ медиклар ишлади. Умумий 1100 дан ортиқ одам ишлади. Шу сабабли инсон фактори бўлиши мумкин. Агарда аниқланса чора кўрамиз, -деди Бўрўнов.

Ички ишлар вазири ўринбосари Алмазбек Ўрўзалиев 16-январдаги учоқ фожеасидан кейин “ўғирлик” ҳолати бўйича бир факт аниқланганини айтти.

Бундан ташқари, ҳукумат комиссияси томонидан уй-жойидан ажраб, бошпанасиз қолганларга “Семетей” мехмонхонасидан ажратилган жойда жабрланганларга алоқадор бўлмаган одам яшаётганини аниқлаган.

Милициянинг Озодликнинг қирғиз ҳизматига маълум қилишича, Иссиқ-Кўлдан бўлган 25 ёшли шахс ўзини жабрланган қилиб кўрсатиб, ҳукумат ва президентдан компенсация олишга ҳаракат қилган.

Текширувда маълум бўлишича, у авиаҳалокатни эшитганидан кейин Дача қишлоғига борган ва қутқарувчиларга жабрланган одам сифатида исми шарифини ўзгартириб айтган. Ҳозирда унинг ҳибсхонада экани маълум бўлди.

16-январ куни эрталаб Туркиянинг “Боинг-747-400” юк ташувчи учоғи “Манас” аэропортига яқин жойлашган Дача қишлоғига қулаган. Натижада 38 одам вафот этган, 26 киши жароҳатланган. Қишлоқдаги 19 уй тўла вайрон бўлган.

Вафот этганларнинг 4 нафари экипаж аъзолари, 34 нафари қишлоқ яшовчилари. Уларнинг орасида 17 нафари ёш болалар бўлган.

XS
SM
MD
LG