Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Қозоғистон Қирғизистонга норозилик нотасини топширди


Қозоғистон президенти Назарбоев Қирғизистон президенти Атамбаевга "Достиқ" орденини топширмоқда, Остона, 7 ноябрь, 2014 йил.
Қозоғистон президенти Назарбоев Қирғизистон президенти Атамбаевга "Достиқ" орденини топширмоқда, Остона, 7 ноябрь, 2014 йил.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўтган ҳафтада Брюсселга қилган сафари чоғида Евроньюс телеканалига берган интервьюси Қозоғистон ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди.

Интервью чоғида Атамбаев, жумладан: “2010 йилда Қозоғистон бир ярим ой бизни қамал қилганида одамлар ҳам ҳалок бўлган. Қамал жуда ёмон нарса”, деб билдирган эди.

Президентнинг бу гапидан сўнг Қозоғистон ҳукумати дастлаб Бишкекдан тушунтириш талаб қилди. Бу талаб доирасида Қозоғистоннинг элчиси Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилиниб, унга тушунтириш берилди.

- Учрашув чоғида вазирнинг биринчи ўринбосари Кемелова 2010 йилда қирғиз-қозоқ чегараси ёпиб қўйилганида одамлар қандай қийналганини,Чу дарёсини кечиб ўтиш пайтида бир чақалоқ ҳалок бўлганини элчининг эсига солди, - деди Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айимкан Кулукеева.

Бироқ Остона расмийларини Бишкекнинг бу тушунтириши қонитирмади ва Қозоғистон Қирғизистонга норозилик нотасини топширди.

Нотада, жумладан, мана бундай дейилади:

“Бугунги кунгача расмий Бишкек турли даражадаги сўзлашувларда “қамал ва одамлар ҳалок бўлгани” масаласини кун тартибига қўйган эмас. Қозоқ томони нуқтаи назарича, бу билдирувнинг ҳозир айтилиши конъюктуравий мақсадлар кўзланаётганини англатади”.

Расмий Бишкек ҳозирча Остонанинг норозилик нотасига муносабат билдиргани йўқ.

Қирғиз парламенти депутати Абдивахап Нурбаев қозоқ томони норозилигига: “Президент рост гапни гапирди. Бундан қозоқ томони норози бўлмай, хулоса чиқарса бўлар эди”, деб фикр билдирди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Айдос Сарим эса: “Атамбаев яқинда президентлик ваколатларини топширади. Шунинг учун унинг бундай баёнотларига эътибор қаратилмаса ҳам бўлар эди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу баёнот юзасидан вазиятни кескинлаштирувчи тушунтириш бермай, дипломатик тарзда масалани ҳал қилса, жанжал чиқмас эди”, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон ва Қозоғистон Москва раҳбарлигидаги “ЕврОсиё иқтисодий иттифоқи”га аъзо бўлган. Иттифоқ шартларига кўра, аъзо давлатлар чегараларидаги божхоналар йўқ қилиниши, чегарадан ўтиш тартиби енгиллатилиши шарт эди.

Шунга қарамай, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида бу шартларнинг айримлари шу кунгача бажарилмай қолмоқда.

Президент Атамбаевнинг Евроньюс телеканалига берган интервьюсидаги билдирув икки давлат ўртасида мана шу каби муаммолар кўпайган бир пайтда янгради.

XS
SM
MD
LG