Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Қирғизистоннинг янги президенти қасамёдга келтирилди (ВИДЕО)


Қирғизистоннинг янги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 24 ноябрда қасамёдга келтирилди.
Қирғизистоннинг янги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 24 ноябрда қасамёдга келтирилди.

Қирғизистоннинг 24 ноябрда қасамёдга келтирилган янги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков миллатчиликнинг ҳар қандай кўринишига тоқатсиз муносабатда бўлишини билдирди ҳамда коррупцияга қарши курашни кескин кучайтиришга, барча соҳаларда ислоҳотларни амалга оширишга, мамлакатни “бизнес учун жаннатга айлантириш”га ваъда берди. Ўз лавозимини бажаришга киришган Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистоннинг 5-президенти бўлди.

Қирғизистоннинг янги президенти қасамёдга келтирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00
Бевосита линк

Бишкекдаги “Ала Арча” резиденциясида ўтган инагурация маросимида президентлик гувоҳномаси, рамзи ва штандартини қабул қилиб, қасамёд берганидан сўнг сўзлаган нутқида Сўўрўнбай Жээнбеков ўзи амалга оширишни ният қилган ишлар ҳақида маълум қилди.

-Бизнинг давлатимизда миллий ва регионал мансублигига қараб одамларни ажратиш бўлмаслиги шарт. Мен миллатчилик, маҳаллийчилик ва трайбализмнинг ҳар қандай кўринишларига тоқатсизман, - деган Жээнбеков, ички сиёсатда кучли иқтисодни яратиш, барча соҳаларда ислоҳотлар ўтказиш, ватандошлар фаровонлигини ошириш йўли танлаб олинишини билдирди.

Жээнбековга кўра, кучли давлатни яратиш энг аввало маориф ва маърифатга боғлиқдир. Шунинг учун Жээнбеков маориф соҳаси унинг президентлик давридаги приоритет соҳага айланишини айтди.

Жээнбеков ҳокимият шаффофлигини таъминлашда, бу йўналишда биринчи навбатда коррупцияга қарши курашни кучайтиришда давом этишини билдирди.

Бишкекда Сўўрўнбай Жээнбеков қасамёдга келтирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:25 0:00

Қирғизистоннинг янги президенти ташқи сиёсатда Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари асосий стратегик ҳамкор бўлиб қолишини, айни пайтда Туркия ва АҚШ билан муносабатлар режалаштирилган тарзда давом этишини, Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея, Покистон, Эрон ва Араб давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилишини айтди.

Президент ўз фаолиятида таниш-билишчиликка, трайбализмга йўл қўймаслигини алоҳида таъкидлади:

-Иймонли бийда қариндош йўқ, қариндошли бийда иймон йўқ, деган ота-боболаримиз сўзларини эсимиздан чиқармайлик, -деди Жээнбеков.

Ҳокимиятдан кетаётган президент Алмазбек Атамбаев жавоб нутқини:

-Ҳурматли ватандошларим, қирғиз элим, шу билан менинг президентлик муддатим тугади, Худога шукур, -деган сўзлар билан бошлади.

Атамбаев янги президентга муваффақият тилар экан, Жээнбековнинг адолатли раҳбар бўлишига, демократик йўлдан оғишадиган ҳаракатларни содир этмаслигига ва қонун устиворлиги таъминланишини кафолатлашига ишонишини айтди.

Атамбаев 6 йиллик президентлик фаолияти давомида ўзи режалаштирган айрим ишларни амалга оширишга эриша олмаганини таъкидлар экан:

-Агар сизларнинг умидларингизни оқлай олмаган бўлсам, мени кечиринглар, -деб айтди ва янги президентга оқ фотихасини берди.

Сўўрўнбай Жээнбеков Асқар Ақаев, Қурмонбек Бакиев, Рўза Ўтунбаева ва Алмазбек Атамбаевдан кейин Қирғизистоннинг 5-президенти бўлди. У 15 октябрда ўтган президент сайловида 11 номзод орасида сайловчиларнинг 54 фоиздан кўпроғининг овозини олиб, ғолиб бўлган эди.

Ҳокимиятни топшираётган Алмазбек Атамбаев 2011 йилнинг 1 декабрида президентлик лавозимига киришган эди. Қирғизистон конституциясига мувофиқ бир одам фақат бир марта президент бўлиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, Атамбаев 15 октябрда ўтган сайловда иштирок этмаган.

XS
SM
MD
LG