Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:19

Иккинчи хотинга уйланганини билдирган собиқ муфтийни жазолаш талаб этилмоқда


Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи Жалилов.
Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи Жалилов.

Бишкеклик ҳуқуқ фаоллари иккинчи хотинга уйланганини интернет орқали тарқатилган видеода тан олган Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи Жалиловни жиноий жавобгарликка тортиш талаби билан пойтахт прокуратурасига ариза киритмоқчи.

Иккинчи хотинга уйланганини билдирган собиқ муфтийни жазолаш талаб этилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00
Бевосита линк

Аҳоли билан учрашувларда мунтазам икки ва ундан кўп хотин олиш жамиятнинг фохишалар ва боқувчисиз қолган аёллардан тозаланишига сабаб бўлишини айтиб келган собиқ муфтий Чубақ ҳожи Жалилов ўзи намуна кўрсатиб, иккинчи хотинга уйланганини тан олди.

-Мен яна уйландим, бироқ олдинги хотиним билан ажрашганим йўқ. У мендан ҳафа бўлаяпти. Унинг ҳафа бўлишга, рашк қилишга ҳаққи бор. Бева қолиб Туркияда энагалик қилиб юрган 30 ёшдаги аёлга уйландим. Доим “Қизларни Туркия, Россияга ва бошқа давлатларга жўнатманглар, уларни боқинглар, ўз қаровингизга олинглар”, деб айтиб келаман. Уйланиш ниятим йўқ эди. Лекин мен бошлаб бермасам ким бошлаб беради? Гапларим қуруқ сўз бўлиб қолмасин, ўзим намуна бўлиб берайин, деб уйландим, -деди Чубақ ҳожи Жалилов Интернет тармоғида тарқатилган видеода.

Қирғизистон қонунчилигида кўп хотинлик тақиқланган. Икки хотин олгани аниқланган одам икки йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бишкекдаги “Қилим шами” нодавлат ташкилоти собиқ муфтий устидан прокуратурага арз қилишини билдирди.

-Чубақ ҳожи Жалилов “Мен иккинчи хотинга уйландим”, деб қонунни бузганини ўзи бўйнига олаяпти. Шунинг учун Бишкек прокуратурасига расмий ариза билан мурожаат қиламиз. Чубақ ҳожи бошқаларни ҳам иккинчи хотинга уйланишга, демакки, қонунни бузишга чақираяпти. Бу жуда хавфли кўриниш, -деди “Қилим шами” ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова.

Чубақ ҳожи Жалиловнинг ўзи Озодлик радиосига бу масалада фикр билдиришдан бош тортди. Ижтимоий тармоқларнинг қирғиз контентида эса собиқ муфтийнинг бу баёноти қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Фикр билдирганларнинг асосий қисми Жалиловни иккинчи хотинга уйланганини қоралади.

Айни пайтда Чубак ҳожи Жалиловни қўллаганлар ҳам бор. Масалан, бундан аввалроқ қирғизистонлик таниқли ишбилармон Бобур Тўлбоев матбуотга “35 ёшдан ошган бева аёллар орасида “иккинчи хотин бўлишга розимисиз?” деган сўров ўтказилса, ҳар ўн аёлдан етти нафари “Розиман”, деб жавоб берган бўлар эди”, деб айтган. Парламент депутати Қамчибек Жўлдўшев икки хотинлиликни қонунийлаштириш ташаббусини кўтарган эди.

Парламент депутати Аида Қасималиева бундай ташаббусларга қарши бўлган сиёсатчилардан бири. Унга кўра, Чубақ ҳожи Жалиловнинг иккинчи хотин олгани тўғрисидаги масала парламентда ҳам жиддий муҳокама қилиниши лозим.

-Ҳар доим “Қонун, қонун”, деб гапирадиган эркак депутатлар бу борада ўз муносабатларини билдиришлари лозим. Парламент бу масалада ўз нуқтаи назарини эълон қилиши керак, -деди депутат.

Бироқ парламентдаги қатор эркак депутатлар бу масалада ўз фикрларини матбуотга очиқ айтишдан тийилмоқдалар. Жумладан, Озодлик радиоси қирғиз хизматининг эркак депутатларга кўп хотинлик масаласида йўллаган саволлари ҳам жавобсиз қолди.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 4 йилда фақат 5 одамга нисбатан кўп хотин олиш моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Бироқ мамлакатда қанча эркакнинг икки ва ундан ортиқ хотини борлиги тўғрисида аниқ статистика мавжуд эмас. Кўп хотинли эркакларга нисбатан жиноят ишлари эса фақат унинг хотинларидан бири ҳуқуқ-тартибот органларига ариза ёзган тақдирдагина очилади.

Қирғизистонда кўп хотинлиликни қонунийлаштириш ташаббусини биринчилардан бўлиб президент Бакиев ҳукумронлиги даврида адлия вазири Марат Қайипов кўтарган эди.

Вазир ўшанда парламентга қонун лоийҳасини тақдим этган. Бироқ фуқаролик жамиятининг кескин қаршилиги туфайли парламент қонунни қабул қилмаган эди.

XS
SM
MD
LG