Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:45

АҚШ Конституциясига киритилган 25-тузатиш ҳақида нималарни биласиз?


АҚШ Конституциясини имзолаш маросими.
АҚШ Конституциясини имзолаш маросими.

Ўтган ҳафтада Майкл Вульфнинг Оқ уй ходимларининг президент Дональд Трампнинг руҳий соғлиғи ҳақида хавотирлари акс этган китоби чоп этилиши ортидан АҚШ Конституциясига киритилган 25-тузатиш яна муҳокама қилина бошланди.

АҚШ Конституциясига киритилган 25-тузатишда президент ёки вице-президент хизматини ўта олмайдиган ҳолатга тушса, уларнинг ўрнини ким, қай йўсинда эгаллаши белгилаб қўйилган.

Давлат етакчиси ёки вице-президентни алмаштиришга ўлим, ишдан олиниш, истеъфо бериш ёки хизмат вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатга тушиши сабаб бўлиши мумкин. АҚШ тарихида бир неча марта мазкур тузатишга мурожаат қилинган, жумладан, 1963 йили президент Жон Ф. Кеннеди ўлдирилганидан кейин ҳамда 1974 йилда президент Ричард Никсон Уотергейт можароси туфайли истеъфо берганидан кейин.

Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс Майкл Вульфнинг китоби ёлғон маълумотларга тўла эканлигини айтиб, уни «хомхаёл» дея таърифлади.

25-тузатишда президент ўз хоҳишига қарши қайси ҳолатларда ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақда қисқа ёзилган. Унинг тўртинчи бўлимида президент ўз лавозимига доир ҳуқуқлари ёки мажбуриятларини бажара олмайдиган аҳволга тушса, вице-президент ёки АҚШ кабинети аъзолари (ёки Конгресс органи) аксариятидан тузилган гуруҳ уни ишдан ола олиши ҳамда президент вазифаларини зудлик билан вице-президент бажара бошлаши кераклиги айтилган.

Бунинг учун вице-президент ҳамда кабинет аъзоларининг аксари Сенатнинг муваққат президенти ҳамда Вакиллар палатаси спикерига ёзма равишда президент ўз вазифасини бажара олмайдиган аҳволга тушгани ҳақида ёзиши керак.

Агар президент қайтадан ишлай олишига амин бўлса, Сенатнинг муваққат президенти ҳамда Вакиллар палатаси спикерига бу ҳақда ёзиши зарур. Президент ўз мактубини топширганидан кейин турт кун ичида вице-президент ҳамда кабинетнинг аксар аъзоси Конгрессга президент ҳали-ҳануз ўз вазифасини бажара олмайдиган аҳволда эканлиги ҳақида мактуб ёзмаса, президент ўз ишига қайтиши мумкин. Бунинг ортидан Конгресс 48 соат ичида тўпланиши ва 21 кун ичида бир қарорга келиши керак.

Конгресс президент ўз вазифасини бажара олмаслиги ҳақида қарор чиқариши учун ҳам Сенат, ҳам Вакиллар палатаси аъзоларининг камида учдан икки қисми шундай қарор чиқариши керак.

25-тузатишга кўра, агар Конгресс палаталари аъзоларининг камида учдан икки қисми президент ишга нолойиқ деб топмаса, президент Оқ уйга қайтиши мумкин.

XS
SM
MD
LG