Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:18

Нью Йорк ҳужумчиси Соипов ўлим жазоси қўлланмаса, айбига иқрор бўлишга рози


Сайфулло Соиповнинг суд залида чизилган расми
Сайфулло Соиповнинг суд залида чизилган расми

Нью-Йорк шаҳридаги велосипед йўлагида юк машинаси билан саккиз кишини бостириб ўлдирганликда айбланаётган ўзбек миллатига мансуб Сайфулло Соипов гуноҳини тан олишга ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишга рози. Бунинг учун прокурорлар унга ўлим жазосини беришни талаб қилишмаса бўлгани, деди унинг адвокатлари.

29 яшар Соиповнинг адвокатлари 17 январь куни судга ушбу таклиф билан мурожаат қилди. Унгача прокурорлар Нью-Йорк шаҳридаги туман судидан 2019 йил апрель ойида Соиповга қўйилаётган қотиллик ва террорчилик айбловларини кўриб чиқиш учун суд мажлисини белгилашни сўраган эди.

Прокурорларга кўра, 2017 йил 31 октябрь куни жароҳат олган кишилар ва ўлдирилганларнинг қариндошлари “иш ёпилишини жуда ҳам истамоқда”. Ушбу ҳужум Нью-Йорк шаҳрида 2001 йил сентябрь ойиги мудҳиш ҳужумдан кейинги энг қонли воқеа бўлди.

Соипов адвокатларининг айтишича, ишни тезроқ ҳал этиш йўли прокурорларнинг улар таклиф этаётган келишувга рози бўлишидир.

АҚШнинг Манҳеттендаги айни жиноят ишини кўриб чиқаётган муваққат прокурори Жеффри Берман ўлим жазоси талаб қилиш ёки қилмаслик учун тавсия бериши кутилмоқда. Аммо пировард қарорни АҚШ бош прокурори Жеф Сешнз чиқаришини алоҳида қайд этиш лозим.

Берманни ҳам, Сешнзни ҳам президент Доналд Трамп тайинлаган, у эса Твиттерда, Соиповга ўзим жазоси берилиши керак, деб ёзди.

Мабодо ҳукумат Соипов иши юзасидан ўлим жазоси берилишини талаб қиладиган бўлса, суд мажлисини 2019 йил сентябрь ойидан вақтлироқ ўтказиб бўлмайди, чунки уни ҳимоя қилиш учун дунёнинг ярмидан маълумотлар йиғиш керак бўлади.

Ўзбекистондан қонуний тарзда Қўшма Штатларга кўчиб келиб яшаётган Соипов ҳужумдан сўнг дарҳол ҳибсга олинди.

Полициянинг айтишича, у ижарага олинган юк машинаси билан атайлаб велосипед йўлагида ҳаракатланаётган велосипед ҳайдовчилар ва пиёдалар устига бостириб борган. Жиноят содир этилган ер бир пайтлар Жаҳон савдо маркази жойлашган эгизак минора ҳудудидан бир неча квартал нарида жойлашган.

Соипов полицияга берган илк маълумотларида Ислом давлати (ИД) экстремистик ташкилотига содиқлигини айтган эди. Ўз навбатида ташкилот уни “халифалик аскари” деб иддао қилди.

Прокурорлар Соиповнинг қўл телефонида ИДни тарғиб этувчи, радикал сунний мусулмон ташкилоти 2014 йили Сурия ва Ироқнинг босиб олинган ҳудудларида одамлар бошини кесаётгани ва бошқа ваҳший хатти-ҳаракатлари акс этган видероликлар бўлганини айтади.

Ҳужум қилишидан олдин Қўшма Штатларда тижорат юк машинаси ва Uber такси ҳадовчиси бўлиб ишлаган Саипов ИД видеоларидан илҳомланганини гапириб берди.

Оиласининг Озодлик радиосига билдиришича, Соипов 2010 йили Қўшма Штатларга кўчиб кетмасидан бурун радикал қарашларга эга бўлмаган. Унинг радикаллашувига интернетдаги манбалар таъсир кўрсатган.

У 28 нобярь куни айбини бўйнига олмаган эди, энди эса ўша кўрсатмасини ўзгартиришни таклиф қилмоқда.

XS
SM
MD
LG