Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:40

Арман парламенти Пашинянни Бош вазир этиб сайлади. Мухолифат тарафдорлари ғалабани байрам қилмоқда (VIDEO)


Парламент биноси олдига тўпланган Пашинян тарафдорлари
Парламент биноси олдига тўпланган Пашинян тарафдорлари

8 май куни Арманистон парламенти мухолифатчи депутат Никол Пашинянни мамлакат янги Бош вазири этиб сайлади

Ҳукмрон Республикачилар партияси аксар ўринларни назорат қилувчи парламент депутатларидан 59 нафари Пашинянни ëқлаб¸ 42 нафари эса¸ унга қарши овоз берди.

Бугуннинг ўзида президент Армен Саркисян Пашиняннинг Бош вазир сифатида иш бошлашига изн берувчи расмий ҳужжатга имзо қўйиши кутилмоқда.

Келаси беш кун ичида Пашинян ўз ҳукумати таркибига кирувчи номзодларни¸ 15 кун ичида эса¸ ҳукумат дастурини парламент муҳокамасига тақдим этиши керак.

Пашинян янги ҳукуматнинг миллий муроса асосида тузилишини билдирди.

Айни пайтда¸ ҳукмрон Республикачилар партияси етакчилари мамлакатни бошқариш "озчилик ҳукумати"га ўтгани¸ парламентдаги кўпчилик мақоми ҳамон ўзларига тегишли эканини билдирди.

Эндиликда Пашинян ҳукмрон партия билан муроса қилиш ëки ўз дастури ва таклифларининг республикачи депутатлар томонидан тўсиб қўйилиш эҳтимолига дуч келиши мумкин.

Ҳукмрон партияда ҳамон Пашинян таклиф қиладиган ҳукумат таркиби ва дастурини маъқулламаслик имкони бор.

Арманистон конституциясига кўра¸ агар парламент Пашинян ҳукумати ва унинг дастурини у ҳокимиятга келганидан кейинги 20 кун ичида тасдиқламаса¸ парламент тарқатилиб¸ мамлакатда муддатидан олдин сайловлар эълон қилинади.

Бугунги овоз бериш олдидан Пашиняннинг минглаб тарафдори яна парламент биноси олдидаги Республика майдонига тўпланди. Овоз бериш тугалланмай туриб¸ улар "халқ ғалабаси"ни нишонлашга киришди.

Бош вазирликка ягона номзод бўлган Пашинян¸ бугунги парламент мажлиси арафасида ўзининг сайланишига 95 фоиз ишончи комиллигини айтди:

- Эртага халқ кўрсатган номзод Бош вазир бўлади. Эртага Арманистон гражданлари учун ғалаба куни бўлади¸ деди 7 май куни пойтахт Ереванда бўлиб ўтган оммавий юришда қилган нутқида Пашинян.

Бу юришда Пашиняннинг ўн минглаб одам қатнашди.

105 ўринлик Арманистон парламентидаги 58 ўринни назорат қилувчи ҳукмрон Республикачилар партияси депутатлари Пашинян номзодига қарши овоз бергани ортидан 1 май кунги биринчи босқич овоз беришда Пашинян Бош вазирликка сайланмай қолган эди.

Мухолифат тарафдорларининг қарийб икки ҳафта давом этган норозилик чиқишлари ортидан ҳукмрон партия томонидан Бош вазирликка сайланган собиқ президент Серж Саргсян истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.

2015 йилги референдумдан сўнг конституцияга киритилган ўзгаришлар давлатни бошқаришдаги асосий ваколатларни президентдан Бош вазирга ўтказган эди.

Бунгача президент бўлиб келган Саргсяннинг апрель ойида Бош вазир этиб сайланиши Арманистонда сиëсий бўҳрон пайдо қилган эди.

Мухолифат лидери Пашинян уюштирган кенг кўламли намойишлар ортидан 23 апрель куни Саргсян Бош вазирликдан истеъфо беришга мажбур бўлган эди.

Никол Пашинян ким?

Ижеван шаҳрида туғилган 43 яшар Никол Пашинян Ереван давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган¸ аммо тўрт йиллик ўқишдан сўнг сиëсий фаолияти боис¸ университетдан ҳайдалган.

Шунга қарамай Пашинян¸ Арманистонда энг кўп тиражда сотилган либерал "Арманистон вақти" газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган ва ўз журналистик фаолияти давомида Роберт Кочарян ва Серж Саргсян ҳокимиятининг ашаддий танқидчиси бўлган.

Бунинг оқибатида¸ Пашинян ҳокимият вакиллари томонидан "туҳмат қилганлик"да айбланиб¸ судга тортилган.

2004 йили Пашиняннинг ўз офиси олдига қўйилган машинаси портлатилган ва Пашинян буни ҳокимиятга алоқадор бадавлат бизнесмен томонидан уюштирилган суиқасд деб атаган эди.

2008 йилдан бошлаб мухолиф сиëсатчи сифатида майдонга тушган Пашинян¸ ўша йилнинг 1 март куни ўтказилган мухолифат юриши қонли тўқнашувларга айланиши ортидан қисқа вақт яшириниб яшашга мажбур бўлган¸ аммо 2009 йили ўзини ҳуқуқ тизимларига таслим қилган эди.

Бу воқеалар ортидан қамоққа ташланган Пашинян¸ икки йил жазо ўтаганидан сўнг сиëсий маҳкумларга берилган амнистия билан озодликка чиққан эди.

2012 йилда у мухолифатдаги Арманистон миллий ассамблеяси лидери этиб сайланган.

2017 йили Ереван ҳокимлиги учун сайловда номзодини қўйган Пашинян¸ 21 фоиз овоз билан¸ сайловни иккинчиликда тугатган эди.

Пашинян тўрт фарзанднинг отаси¸ унинг рафиқаси Анна Акопян ҳозирда Пашинян асос солган "Арманистон вақти" газетасининг бош муҳарриридир.

XS
SM
MD
LG