Россиянинг Калининград шаҳридан Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик Сайфулло Бектошев Россияга Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги томонидан ишга ёлланиб келган эса-да, бир неча ойдан буён ишга расман жойлаша олмаётганидан шикоят қилди.
Муҳожир йигитнинг ишчиларга маоши тўлиқ берилмаётгани ва ҳужжатлари тортиб олингани ҳақидаги иддаоларини рад қилган Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги мутассадиси ва калининградлик иш берувчи муаммо муҳожирнинг ўзида эканини таъкидламоқда.
Озодликка Калининград шаҳридан мурожаат қилган 31 яшар бухоролик Сайфулло Бектошев Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ишга ёллангани ва шу йилнинг 15 апрелидан буён Ўзбекистонда қолган оиласига бирор сўм жўната олмаганини айтди.
Калининградга Бухоронинг Олот туманидан келган Сайфулло яқинда қамоқдан чиққани ва Ўзбекистонда иш топа олмагани сабабли меҳнат муҳожирлигига ёлланишга мажбур бўлганини сўзлади:
- Бу ёққа биз Бухоро миграция бўлими орқали келдик. Биринчи партияда 23 киши, кейингисида яна 18 киши келди. Ҳозир яна 30 киши олиб келади. Ака, бу ерга олиб келгани билан ишнинг ўзи йўқ. Иш топиб берган тақдирда ҳам, бу ерда келганларнинг бир тийин пули йўқ – документларини қилиб бергани учун 32-33 минг рубл ушлаб қолади. 15 апрелда келган бўлсак, ҳозиргача уйга бир сўм пул жўната олмадик. Аванс сўрасак, 500-1000 рубл беради – у ҳеч нарсага етмайди. Ойликни эса бир ойга кечиктириб беради, - дейди Сайфулло.
У бир гуруҳ бошқа ўзбекистонлик муҳожирлар билан бирга Калининграднинг “Продукты питания Комбинат” ("Озиқ-овқат маҳсулотлари Комбинат”) корхонасида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаётганини маълум қилди.
Муҳожирнинг айтишича, улар 20-21 минг рубл ойига маош олишади.
Сайфулло иш берувчи ташкилот мутасаддилари унга ишга рухсатнома бермаётганидан арз қилди.
- Мен қамоқдан УДО (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш-таҳр.) бўйича чиққанимдан кейин иш тополмай, бу ерга иш излаб келдим. Бу ердаги бригадиримиз Ботир “3 ой документ пулиши ишлаганингдан кейин Ўзбекистонга кетасан”, деб айтяпти. Ўзбекистонга кетишга эса бир тийин пулим йўқ! 35 минг документ қарзни тўлайсан деяпти. “Патентни олмасам, қандай тўлайман?”, дедим. Мен ҳозир ноқонуний ишлаб келаяпман, - дейди Сайфулло.
У комбинатда 30 кундан 4 кун дам оладиган ўзбеклар 26 кун ишлаши, аммо 15 кун ишловчи маҳаллийлардан 1,5 баробар кам ҳақ олиши, бундай шароитда ишлашни истамаётган ўзбекистонликлардан паспорт ҳужжатлари тортиб олингани, улар “қуллик шароитларида ушлаб турилгани” ва “ойликлар кечиктирилиб берилаётганини” иддао қилди.
Сайфулло Бектошев апрель-май ойлари учун маош олмаганини айтди.
Лекин, "Продукты питания" комбинатига ишчиларни Ўзбекистондан келтириб, иш билан таъминлаган ҳамда уларнинг юриш-туриши ва меҳнат фаолиятини назорат қилувчи ва ўзини Абгор деб таништирган ширкат раҳбари Озодлик билан суҳбатда Сайфулло келтирган важ ва иддаоларни қатъиян рад этди:
- Бу ғирт ёлғон! Шаҳримизда чемпионат кетяпти ва ҳар бир қадамда полиция текшируви. Шу сабабли ҳар бирининг ҳужжати ўзида. Маош ушлаб қолиниши масаласида: ҳар бир ишлаб чиқариш заводидагидек, бизнинг заводларимизда ҳам одамларнинг бир ой меҳнатидан кейин ҳисоб-китоб қилинади. Мен назорат қилаётган заводда 110 ўзбек ишлайди. Жами бизда 258 нафар Ўзбекистон ватандоши ишлаб келмоқда. Бунча одамга маош ҳисоблаш, пул ўтказиш, банк ҳисоб-китоби – шуларни ҳисобга олиб кейинги ойнинг 25 санасига чўзилиб кетаяпти маош бериш, - деди россиялик Абгор.
У барча қўшимча тўловлар “Продукты питания” комбинати тарафидан қопланаётганини қўшимча қилди.
- Яшаш, иш жойига олиб борувчи автобус, икки маҳал овқатланиши бепул, патент тўловини ташкилотимиз амалга оширади. Сайфулло масаласида эса – унинг судлангани ва шартли равишда озод этилгани туфайли, жазо муддати тўлиқ тугатилган саналмайди ва қонунларимиз бўйича уни ишга қабул қила олмаймиз. Буни унга ишга ёллаган ташкилот тушунтириши керак эди, - деди фамилиясини билдиришни истамаган корхона вакили.
Корхона вакили ҳар бир ноқонуний ишлаган шахс учун Россияда катта жарима солиниши ва улар бу масалада Сайфулло Бектошевга ёрдам бера олмаслигини маълум қилди.
Озодлик оғир вазиятда қолган бухоролик муҳожир масаласида Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Бухоро вилоят бошқармаси раҳбари Анвар Ҳамдамовга мурожаат қилди.
Агентлик вакили ўзбекистонлик ишчилар ҳол-аҳволи борасида доимо бохабар бўлиб тургани ва вазият Сайфулло айтганидек оғир эмаслигини билдирди. Анварнинг сўзларига кўра, ишчиларни ёллашда ишлаб чиқариш корхонаси билан Миграция агентлиги ўртасида кадрлар агентлиги воситачилик қилиб келади.
- Улар танлаб олиш пайтида ўзлари Бухорога келган ва ойликлар бироз кечикади, деб айтилган. Завод катта. Мен кўпчилик билан гаплашиб турибман “Яхши!”, деяпти. 3-4 киши норози бўлиши мумкин. Уларга 25-30 мингдан патент қилиб берилаяпти. 1-2 ой давомида ойлигидан сақланаяпти. Улар у ерда товуқни қайта ишлайди, консерва цехида ва бошқа озиқ-овқат ишлаб чиқаради. Бизникилар оддий ишчи бўлиб ишлайди. Товуқда ишлайдиганларнинг ётоқхонаси ҳам, обед-полдниги бепул. 4 минг рубллик ойлик патентларини ҳам ўзлари тўлаяпти. Бизникилар паника қиляпти: паспортларини ҳам ҳеч ким тортиб олгани йўқ. Сайфулло масаласида эса унинг 2020 йилгача судланганлиги бор экан. Шу сабабли чемпинат тугагунча унинг масаласи ҳал бўлади, - деди Бухоро вилоят бўлими бошлиғи Анвар Ҳамдамов.
У юзага келган муаммо юзасидан иш берувчи билан яна бир марта суҳбатлашиб кўришга ваъда қилди.
Меҳнат вазирлиги ходими Сайфулло Бектошев масаласида иш берувчи, кадрлар агентлиги мутасаддилари билан музокаралар давом этаётгани ва у ижобий якунланишига ишонч борлигини маълум қилди.
Озодлик Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россияда ишга ёлланган ўзбекистонлик ишчиларнинг оғир вазиятга тушиб қолгани ҳолатлари борасида олдин ҳам хабар берган.
Айни пайтда, Калининград прокуратураси минтақада еттита корхона меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини поймол қилиб келганини аниқлагани хабари чиқди.
“Стройторг” МЧЖси, «СтройРезерв» МЧЖси, “Гранд-Леон” МЧЖси, “Маршрутное такси” МЧЖси, ИП Скиба ХКси, “БАЛТ-Экология плюс” МЧЖси и “Балтикбэг”» МЧЖси раҳбарияти маъмурий жавобгарликка тортилгани ва мазкур қонунбузарликлар бартараф этилиши талаби қўйилгани маълум бўлди.