Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:49

Қирғиз журналистикаси Ўғлонидан айрилди


Улан Эгизбаев
Улан Эгизбаев

Кеча, якшанба куни Бишкекдан Улан Эгизбаевнинг ҳалок бўлгани тўғрисида шум хабар келди. Мендай дийдаси қаттиқ одамнинг кўзлари ёшга тўлди.

Икки ҳафта олдинги якшанбада Бишкекда эдим. Ўша ердаги ҳамкасбларим - Элмуроду Хондамир билан кун бўйи ағдан-бағдан гангир-гунгур гурунг қилдик. Гап айланиб, ҳамкасбларимнинг бюродошлари – Бишкекдаги Азаттиқчилар қилаётган ишларга келди. Уланни мақтадим. Дадил йигит чиқди, ишини пухта қилаяпти, дедим.

Биров жон сўраса “йўқ” деёлмай жонини бериб қўяверадиган, лекин ўлиб қолсаям кимсани ўринсиз мақтамайдиган “қизғанчиқ” ҳамкасбларим фикримга қўшилди. Уланни мақтади.

Хайрлашаркан, бюродаги бир-икки ҳамкасбимга салом етказишни сўрадим. Лекин Улангаям салом айтинглар, демабман. Мана энди ўкинаяпман. Ёмонни ёмон дейишга шошамиз. Бироқ яхшини ҳар доим ҳам яхши деявермаймиз.

Улан билан шахсан таниш эмасдим. Мен унинг бир томошабини эдим, холос. Азаттиқчиларнинг янги авлоди вакили бўлган бу йигит жуда тез кўзга кўринди. Чиқишларининг дадиллиги, ишининг пухталиги билан кўринди.

Коррупция ва коррупционерлар ҳақида кўрсатувлар қилди.

Хўш, сўз эркинлиги даражаси қўшниларининг тушига ҳам кирмаган Қирғизистонда бошқалар ёзмадими коррупция ва коррупционерлар ҳақида? Ёзмаганни топиш осонроқ ёзганларни санашдан кўра.

Лекин бошқаларнинг ёзганларидан миш-мишнинг ҳиди сезилиб, буюртманинг қулоғи кўриниб қолган бўлса, Уланники илмий иш даражасида пухта бўлди.

Уланнинг ишлари фактлар, фактлар ва фактлар устига қурилди.

Улан ўрганаётгани масала юзасидан йиққани материаллардаги мағизларни топа билди. Ўша мағизларни ўрикнинг мағизидай бир ипга тиза билди.

Улан ўша мағизшодадан ҳосил бўлган ҳикояни оддий чўпонга ҳам, академикка ҳам бирдай тушунарли тилда айтиб бера олди.

Улан ўзи фош қилаётган амалдорнинг шахсига тегинмади, истеҳзою киноя қилмади. Улар устидан кулмади.

Уланнинг кўрсатувларини кўраркансиз, “қорнингиз тўяди” – қўшимча саволлар қолмайди. Қолсаям, Улан жавоб топиб беришни истамаганидан эмас, балки мавзуни “қазир” экан, етган жойидан нарига ўтолмай қолганидан, нарига ўтишнинг иложсизлигидан.

Улан ўз журналистикаси билан қирғиз журналистикасини, бинобарин жамиятни тозартира бошлади. Ҳар ҳолда, шундай умид бера олди.

Уланнинг журналистикаси СИФАТЛИ журналистика эди. Бу баҳо эмас. Бу атамадир.

Уланнинг неча ёшдалиги тўғрисида ҳеч ўйламаган эканман. Кеча у ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабардан эндигина 28 га кирганини билдим. Кичик болам билан тенг эканлигини билдим. Йиғладим...

Улан ўзбекча талаффузда Ўғлон бўлади. Қирғиз журналистикаси Ўғлонидан айрилди. Мен бу гапни ҳеч қандай пафоссиз, тўла ишонч билан айтаяпман.

Уланнинг оиласига, Азаттиқдаги ҳамкасбларимга ҳамдардман.

XS
SM
MD
LG