Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

Покистон. Навози Шарифнинг партияси сайлов натижалари юзасидан тергов ўтказишни талаб қилмоқда


Навози Шарифнинг партияси тарафдорлари.
Навози Шарифнинг партияси тарафдорлари.

Покистоннинг коррупцияда айбланиб қамоқда сақланаётган собиқ бош вазири Навоз Шарифнинг партияси 25 июль куни ўтказилган парламент сайлови натижалари сохталаштирилганини айтиб, сайлов натижаларини расман текширишга чақирмоқда.

29 июль куни “Покистон мусулмон лигаси” партияси сайлов натижалари юзасидан тергов ўтказиш учун махсус комиссия тузишни талаб қилди.

Сайловда мухолифат лидери Имрон Хон етакчилик қилаётган “Таҳрики-и-Инсаф” партияси ғолиб чиқди, аммо мустақил равишда ҳукумат тузиш учун етарлича ўрин эгалламади.28 июль куни Имрон Хоннинг партияси коалиция тузиш учун етарлича депутат уларни қўллаётганини билдирди.

Сайлов натижаларига кўра, Имрон Хоннинг “Таҳрики-и-Инсаф” партияси парламентдаги 269 ўриннинг 115 тасига эгалик қилади. Шарифнинг “Покистон мусулмон лигаси” партияси эса 61 ўрин олади.

Собиқ президент Асиф Али Зардорийнинг “Покистон халқ партияси” 43 ўринни эгаллади.

Шарифнинг иддао қилишича, у иккинчи марта ғалаба қозонишга йўл бермаслик учун Покистон ҳарбий етакчилари суд тизимига босим ўтказган. Покистон ҳарбийлари эса бу иддаони рад этди.

Лоҳурда партия етакчиларидан бири Хаважа Асиф:

- 25 июль содир бўлган ҳодисаларни тергов қилиш учун суд комиссияси тузилишини талаб қиламиз. Барча партиялар, жумладан, “Покистон мусулмон лигаси” шикоятларини бу комиссияга топшириши керак - деди.

- Биз сайлов натижаси сохталаштирилгани ва бошқа инцидентлар бўйича ҳисобот эълон қиламиз, - дея сўзини давом эттирди Асиф.

Имрон Хоннинг “Таҳрики-и-Инсаф” партияси матбуот котиби Фавод Чудри уларни халқ сайлаганини, тез кунларда ҳукумат тузишларини айтди.

Сайлов натижаларини чиқариш узоққа чўзилгани, сайлов давомида содир этилган зўравонликлар ҳамда Хон рақибларининг сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги иддаолари туфайли парламент сайловлари силлиқ ўтди, деб бўлмайди.

27 июль куни бир гуруҳ партия сайлов натижаларини тан олмасликларини айтиб, янги сайлов ўтказилишини талаб қилди.

Сайлов расмийлари эса қонунбузарликлар кузатилмаганини айтмоқда.

Сайловни кузатган Европа Иттифоқи гуруҳи етакчиси Майкл Галер:

- Умуман олганда, сайлов натижаларига ишонса бўлади, - деди.

Аммо кузатувчилар сайлов кампаниясини танқид қилди. Хусусан, улар айрим номзодларга таҳдид қилинганини ва маҳаллий матбуот ўзини-ўзи цензура қилишга мажбур бўлганини қоралашди.

Хон консерватив диний қарашларга эга бўлиб, Покистон либералларини танқид қилиб келади. Сиёсатчи исломий ижтимоий ҳимоя ҳамда адлия тизимларини таъсис қилишни ваъда қилган. У, шунингдек, жангариларга алоқадор экстремистик диний гуруҳларни қўллашини изҳор қилган.

Хонни Покистон армияси қўллашига ишонилади. Собиқ бош вазир Шариф Покистон 1947 йилда мустақилликка эришганидан бери мамлакат сиёсатида муҳим ўрин тутиб келаётган ҳарбийлар таъсирини озайтиришга уринган ва натижада улар билан тўқнашган эди.

Имрон Хон Афғонистондаги АҚШ етакчилигдаги ҳарбий амалиётларни ҳамда АҚШ армияси Покистонда жангариларни дрон ёрдамида ўққа тутиб келаётганини кескин танқид қилиб келади.

Расмий Қобул билан Вашингтон Исломободни Афғонистон толиблари ҳамда Ҳаққоний тармоғи каби жангариларга бошпана беришда айблаб келади.

XS
SM
MD
LG