Ўзбекистон хабарлари
Мирзиëев ўз администрациясидаги кадр ўзгаришларига оид фармон чиқарди
28 август куни расмий матбуотда Ўзбекистон президентининг янги фармони эълон қилинди.
Янги фармон 26 августдаги ПФ-5519 сонли «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонга мувофиқ чиқарилган ва унда Администрациядаги кадр ўзгаришлари тасдиқланган.
Фармонга мувофиқ¸ Ўзбекистон президенти девони ва Ижро этувчи аппаратида ишлаб келган жами 21 амалдор мақомига ўзгартиш киритилган.
Хусусан¸ фармонга мувофиқ¸ Низомиддинов Зайнилобиддин Шахоббидинович Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган¸ Ислом Каримов давридан бери президент девони ишлар бошқарувчиси бўлиб ишлаб келган Зелимхон Ҳайдаров (расман Зилемхан Хайдаров) администрациянинг Молия-хўжалик департаменти раҳбарлигига тайинланган.
Янги фармон билан Хайриддин Султонов (расман Султанов Хайритдин) президентнинг маслаҳатчиси – Спичрайтери лавозимига тайинланган ва “шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган”.
Шунингдек¸ президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган Қаҳрамон Қуронбоев (расман Куранбаев Кахрамон Кучкарович) шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари буйича давлат маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган".
Кун янгиликлари
Ўзбекистонга 9 ой ичида хориждан 11 млн доллардан зиёд пул ўтказилди
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга хорижий ўлкалардан ўтказилган пул миқдори 11 миллиард 262 миллион долларни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 31 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.
МБ раисига кўра, трансчегаравий пул ўтказмаларининг 35 фоизга ошгани Ўзбекистонда “аҳоли даромади ошишининг асосий омилларидан бири” бўлган, шунингдек, бу ҳолат “ички валюта бозорига ҳам таъсир қилиб, мувозанатни таъминлаган”.
Қайд этилишича, уч чорак ичида Ўзбекистонга энг кўп маблағ Россиядан (8,75 миллиард доллар) келган. Пул ўтказмалари бўйича иккинчи ўринда Қозоғистон (625 миллион доллар), учинчи ўринда эса Жанубий Корея (420 миллион доллар) турибди.
Шунингдек, бу давр мобайнида мамлакатга АҚШдан 415 миллион доллар, Туркиядан 291 миллион доллар, Буюк Британиядан 93 миллион доллар, Польшадан эса 48 миллион доллар пул ўтказилган.
Мамаризо Нурмуродов матбуот анжумани чоғида ўтган йил билан қиёслаганда Польшадан пул ўтказмалари 97 фоизга, Жанубий Кореядан – 76 фоизга, Буюк Британиядан – 67 фоизга, Бирлашган Араб Амирликларидан – 66 фоизга, Россиядан эса 35 фоизга ошганига эътибор қаратган.
Ўзбекистон Қирғизистондан олти миллиард куб метр сув олди
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон Қирғизистондан олти миллиард куб метр сув олган. Бу ҳақда Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари Алмазбек Сокеев парламент йиғилишида гапирган.
Қайд этилишича, сув Ўзбекистонга Норин, Сўх, Оқбура дарёлари ва мелиоратив каналлар орқали кирган.
Қирғизистон Қозоғистонга ҳам 558 миллион куб метр етказиб берган.
Вазир ўринбосарига кўра, Қирғизистонда йиғиладиган 47 миллиард куб метр сувдан 12 миллиарди мамлакатнинг ички эҳтиёжига сарфланса, қолган қисми қўшни давлатларга кетади.
Марказий Осиё дарёлар ҳавзаларидан сув олиш давлатлараро келишув орқали тартибга солинади.
Аввалроқ “Чегарасиз дарёлар” халқаро жамоатчилик фонди етакчи эксперти Евгений Симонов Озодликка минтақанинг энг йирик сув артерияси бўлмиш Сирдарё ресурслари бебилиска сарфланаётгани ҳақида айтиб берган эди.
Фирибгарликда айбланган мулозима жазодан озод қилинди
Фирибгарлик жиноятини содир этгани айтилган Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоеванинг иши судда кўриб чиқилди.
Kun.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, Омонбоева Навоий шаҳри ҳокими Дилмурод Эргашев номидан фойдаланиб, “Sarmish 9999” ва “Bright industry buildings the future” МЧЖ раҳбари Меҳрож Раҳматовнинг 136 миллион сўм ва 23 минг доллар миқдоридаги пулини қўлга киритган ҳамда ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.
Савдо-саноат палатаси мулозимаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган.
Қайд этилишича, судья судланувчи аёл киши экани, муқаддам судланмагани, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётгани, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлангани, етказилган зарар қоплангани каби важларни инобатга олиб, уни мамлакат Жиноят кодексининг 70-моддасига (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) асосан жазодан озод қилишни лозим топган.
Маълумот ўрнида, 27 ёшли Мерей Омонбоева 2024 йил 6 март куни Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Унга қадар у Навоий шаҳри Зарафшон МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган.
2021 йил август ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган тадбирда Омонбоева сўзга чиқиб, президентдан “дух” олганини айтган ва унга автомобиль ҳадя қилинган эди:
Кейинги ўқув йилидан “дарслик пули” қайта тикланади
Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилидан эътиборан мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари тўплами ижараси учун тўловлар қайта жорий этилмоқда.
Янги бюджет лойиҳасига кўра, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450-500 минг сўмни ташкил этган.
Ҳукумат битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни умумий нархнинг қарийб 18 фоизи миқдорида тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда.
“Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, дейилган бюджет лойиҳасида.
Gazeta.uz хабарига кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов 29 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ижара тўлови киритилиши бюджет юкламасини тахминан 376 миллиард сўмга камайтиришини айтган.
Жорий йилда дарсликлар учун 1,5 триллион сўм, келаси йили эса 1,3 триллион сўм сарфланиши кутилмоқда.
2022 йилда Таълим вазирлиги “жаҳон бозорида қоғоз нархи ошгани” важидан дарсликлар ижара ҳақини кескин оширганди. Ўшанда жамоатчиликнинг кучли эътирози ортидан “дарслик пули” бекор қилинган.
Ҳозир ҳам фаоллар дарсликлар учун ижара тўлови тикланишини Конституцияга зид чора, дея танқид қилишмоқда.
Вазирликлар ғазнадан қанча маблағ олиши маълум қилинди
Ўзбекистондаги 18 та вазирликка 2025 йилда давлат ғазнасидан жами 195 триллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратилиши режаланмоқда.
Янги йил учун 29 октябрь куни эълон қилинган давлат бюджети лойиҳасига кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 95 триллион 920 миллиард сўм, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига эса 59 триллион 464 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Gazeta.uz нашри давлат бюджети тақсимотида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларига йўналтирилган маблағлар бўйича очиқ маълумот берилмагани, ушбу идораларга ажратиладиган сумма бошқа ташкилотлар оладиган жами маблағга қўшиб кўрсатилганига эътибор қаратган.
Қолган вазирликлар улуши қуйидагича (миллиард сўмдан кичик сумма яхлитланган):
• Сув хўжалиги вазирлиги – 10 триллион 410 миллиард сўм;
• Транспорт вазирлиги – 6 триллион 714 миллиард сўм;
• Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги – 6 триллион 280 миллиард сўм;
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 5 триллион 94 миллиард сўм;
• Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги – 1 триллион 992 миллиард сўм;
• Қишлоқ хўжалиги вазирлиги – 1 триллион 794 миллиард сўм;
• Маданият вазирлиги – 1 триллион 172 миллиард сўм;
• Спорт вазирлиги – 1 триллион 135 миллиард сўм;
• Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги – 1 триллион 116 миллиард сўм;
• Ташқи ишлар вазирлиги – 1 триллион 27 миллиард сўм;
• Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги – 1 триллион 9 миллиард сўм;
• Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги – 927 миллиард сўм;
• Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги – 733 миллиард сўм;
• Рақамли технологиялар вазирлиги – 532 миллиард сўм;
• Адлия вазирлиги – 322 миллиард сўм;
• Энергетика вазирлиги – 123 миллиард сўм.
Бир триллионлик “довон”дан ошган давлат идоралари қаторида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (21 триллион 139 миллиард сўм), Бош прокуратура (2 триллион 732 миллиард сўм), Вазирлар Маҳкамаси (2 триллион 184 миллиард сўм), Олий суд (1 триллион 804 млрд сўм), Президент администрацияси (1 триллион 673 миллиард сўм) ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (1 триллион 277 миллиард сўм) ҳам бор.
Ўзбекистон Япония билан ҳамкорликда университет очади
Ўзбекистон Япония кўмагида янги халқаро университет очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва Цукуба университети ректори Нагата Кёсукэ учрашувида япон таълим дастури асосида халқаро университет ташкил этишга келишилган.
Томонлар янги университет учун қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитишга янги технологияларни жорий этиш, университетнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилган.
Токио ҳукумати беғараз ёрдам дастури доирасида ўзбекистонлик давлат хизматчиларининг япон олий таълим муассаларида магистратура ва докторантура босқичида таҳсилини молиялаштириб келади.
Маълумотларга қараганда, ушбу дастур доирасида сўнгги 20 йилда вазирлик ва идораларнинг 400 га яқин ходими япон университетларда таҳсил олган.
Ўзбекистон хориждан яна 5,5 миллиард долларгача қарз олмоқчи
Кейинги йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 миллиард доллар миқдорида бўлади.
2025-2027 йиллар учун ишлаб чиқилган Бюджетнома лойиҳасига кўра, мазкур маблағдан 3 миллиард доллари давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришга, қолган қисми эса инвестиция лойиҳалари учун йўналтирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йил якунида давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35,5 фоиз, 2025-2027 йилларда 36,7-37 фоиз оралиғида бўлишини прогноз қилган.
Расмий маълумотларга ишонилса, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 37 миллиард долларни (ЯИМга нисбатан 33,2 фоиз) ташкил қилган.
Мамлакат ташқи қарзи билан боғлиқ статистика турлича. Айрим халқаро молия ташкилотлари ҳисоботларида бу рақам 40-45 миллиард атрофида экани айтилади.
Халқаро валюта жамғармаси таҳлиллари эса мамлакатнинг ташқи қарзи 60 миллиард доллардан ошган, деган тахминга етаклайди.
Фаоллар коррупция авж олган Ўзбекистоннинг тобора кўпроқ қарзга ботаётганидан хавотир билдириб келади. Айрим таҳлилчилар қарз олишга муккадан кетиш мамлакатни дефолтга олиб бориши мумкинлигидан огоҳлантиришган.
Дубай шаҳзодаси яна Навоийда тувалоқ овламоқда
Дубай амирлиги валиаҳд шаҳзодаси шайх Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактум анъанага кўра бу йил ҳам ов қилгани Ўзбекистонга келди.
Шаҳзода ижтимоий тармоқларда эълон қилган фотосуратларда у Навоий вилояти ҳудудида лочин ёрдамида тувалоқ овлаётганини кўриш мумкин.
Парашютдан сакраш, сув остига шўнғиш, шикор, сноубординг, велоспорт ва спортнинг кўплаб бошқа турларига қизиқадиган шаҳзода ҳар йили Навоий шаҳридан 50 километр узоқликдаги чўл ҳудудида жойлашган “Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази”да ов қилади. 300 гектар ер майдонга эга ушбу марказ 2008 йили БАА вице-президенти шайх Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактум ташаббуси билан ташкил этилган.
Озодлик аввалроқ Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оиласи вакилларининг ҳам меҳмони бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумотига кўра, БАА вице-президенти ташаббуси билан очилган марказда етиштирилган юзлаб йўрға тувалоқ ёввойи табиатга қўйиб юборилган.
Айни пайтда халқаро “Қизил китоб”га киритилган йўрға тувалоқларни ов қилган шайхнинг ўнлаб лочини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолёти бизнес салонида учгани тармоқларда баҳслар ҳам уйғотгани маълум.
“Ўзбекконцерт” санъаткорларни огоҳлантирди
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мамлакатдан ташқарида огоҳлантиришсиз концерт ўтказадиган санъаткорларнинг лицензияси муддатидан олдин тўхтатилишини маълум қилди.
Бунга “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун асос сифатида кўрсатилган. Мазкур қонуннинг 21-моддасига кўра, “Ўзбекконцерт” ДМ Ўзбекистондан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиниши керак. Бу талабга риоя қилмаслик лицензия талабларини қўпол равишда бузиш деб малакаланади.
“Бугунги кунда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас”, деб ҳисоблайди “Ўзбекконцерт”.
Жорий йил 20 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг оммавий тадбир ўтказиш учун рухсат олиш тартибига ўзгартиришлар киритишга доир қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилинганди. Ушбу ҳужжат билан “Ўзбекконцерт” ДМга концерт-кўнгилочар тадбирларнинг “аниқ сценарийсини батафсил тақдим этиш” талаби ҳам жорий этилмоқда.
“Ўзбекконцерт” сўнгги йилларда мамлакатда фаолияти энг кўп танқид қилинадиган ташкилотлардан бирига айланган. Бунга ташкилотнинг санъаткорлар фаолияти устидан ўта қаттиқ назорат ўрнатгани сабаб бўлган. Ташкилот гоҳида ижод эркинлигига ҳам дахл этиши иддао қилинади.
Янги йилдан Ўзбекистонда мол-мулк ва ер солиғи ошади
2025 йил 1 январидан эътиборан Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахсларнинг турар ва нотурар кўчмас мулк объектларига солинадиган мол-мулк солиғи ставкаси 10 фоизга индексация қилинади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган келгуси йил учун давлат бюджети ҳамда солиқ сиёсати лойиҳасида, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг базавий ставкалари ҳамда ЯТТлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси ҳам 10 фоизга оширилиши белгиланган.
Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар кенгашлари томонидан нотурар кўчмас мулк объектлари учун белгиланган энг кам қийматга туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 гача бўлган камайтирувчи коеффициент қўллаш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
2025 йил учун таклиф этилаётган солиқ сиёсатига мувофиқ, асосий солиқ ставкалари ўзгармайди.
Хориж ширкатлари ўзбек ғазнасига 101,9 миллиард сўм солиқ тўлади
Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 61 та хорижий компания 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида 101,9 миллиард сўм солиқ тўлган.
Давлат солиқ қўмитасига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробар кўпдир.
Тўланган солиқларнинг 99,9 фоизи электрон хизматлар кўрсатувчи қуйидаги 10 та ширкат ҳиссасига тўғри келади:
• Meta – 41,1 миллиард сўм;
• Google – 26,1 миллиард сўм;
• Apple – 22,6 миллиард сўм;
• Amazon – 3,7 миллиард сўм;
• Вooking.соm – 2,2 миллиард сўм;
• Zoom – 1,4 миллиард сўм;
• Netflix – 1,3 миллиард сўм;
• Acca – 1,2 миллиард сўм;
• Yandex Europe – 1,1 миллиард сўм;
• Xsolla – 900,3 миллион сўм.
Мазкур ширкатлар кўрсатган хизмат ҳажми эса 9 ой мобайнида 849,1 миллиард сўмга етган.
ДСҚ қайдича, электрон хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахслари ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва солиқларни тўлаши керак.
Статистика агентлиги: Ўзбекистонликлар муқим яшаш учун асосан Қозоғистонга кетмоқда
Жорий йил январь–сентябрь ойларида 8374 нафар Ўзбекистон фуқароси хорижий мамлакатларга доимий яшаш учун кўчиб кетган.
Статистика агентлиги эълон қилган ҳисоботга мувофиқ, мамлакатдан муқим яшаш учун кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (6903 киши ёки 82,4 фоиз) ва Россияга (1193 киши ёки 14,2 фоиз) бориб ўрнашган.
Ўзбекистонликлар доимий яшаш учун танлаган давлатлар сафида Қирғизистон (49 киши), Жанубий Корея (60 киши) ва Туркманистон (30 киши) ҳам бор.
2023 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистондан 14666 киши чет элга доимий яшаш учун кўчиб кетган, ўшанда ҳам энг кўп кўчиш Қозоғистон ҳиссасига (11921 киши) тўғри келган эди.
Аввалроқ маҳаллий матбуот 2000-2020 йилларда Ўзбекистондан 1 107 854 киши хорижий давлатларга бош олиб кетгани ҳолда, атиги 99 341 чет эллик кўчиб келгани ҳақида ёзган эди.
Самарқандда “муҳтожлик сабаб” пора олган ИИБ ходими қамалди
Cамарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили порахўрлик сабаб жиноий жазога тортилган.
Kun.uz нашрининг тергов-суд ҳужжатларига таянган ҳолда хабар қилишича, 1987 йилда туғилган Л.М. 2005 йилдан буён ички ишлар органларида ишлаб келган.
Тезкор вакил таркибида олтин зарралари бўлган тошларни майдалаш тегирмонини ишлатишга шароит яратиб бериш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида олдиндан огоҳлантириб туриш ҳамда жавобгарлик чораларини кўрмаслик эвазига фуқаро М.Қ.дан 6 миллион сўмни пора тариқасида олган пайтда ушланган.
ИИБ ходими судда ўз айбига иқрорлик билдираркан, “муҳтож бўлгани”, “турмуш ўртоғи ва сингли касал бўлиб қолгани” ва “кўп миқдорда жарималари борлиги” важидан пора олганини айтган.
Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбдор деб топилган ходим 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Маҳкама судланувчи ички ишлар органлари тизимида 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлашини ҳам тақиқлаган.
Аввалроқ Озодлик Андижон туманидаги профилактика инспектори бангфурушга кўмаклашгани ортидан 10 йил 2 ой муддатга қамалгани ҳақида хабар қилган эди.
Фойдали қазилмалар ноқонуний тасарруфи учун жиноий жавобгарлик белгиланди
Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Адлия вазирлиги қайдича, мамлакат президенти томонидан 28 октябрь куни имзоланган қонунда ана шундай талаб илгари сурилган.
Амалдаги қонунчиликда фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 дан 50 бараваригача, мансабдорларга эса 50 дан 100 бараваригача миқдорда жарима кўзда тутилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий чорадан сўнг бир йил давомида такрорланса, фуқароларга БҲМнинг 50-70, мансабдорларга эса 100-150 бараваригача жарима солинади. Шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиб олишда қўлланилган ашё мусодора қилинади.
Эндиликда фойдали қазилмаларни қонунга хилоф равишда қазиб олиш ҳуқуқбузарлигини такрор содир этганлик учун, шунингдек, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда.
Адлия вазирлиги ахборотида ушбу хатти-ҳаракат учун айнан қандай жазо белгиланаётгани очиқланмаган.
Очиқ маълумотларга қараганда, 2019-2021 йилларда мамлакатда норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари кўрсаткичи 101 тадан 200 тага ортган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар Қашқадарё (80 та), Самарқанд (74 та) ва Тошкент вилоятларида (71 та) энг кўп қайд этилган.
Марказий банк фуқароларни фирибгарликдан огоҳлантирди
Ўзбекистон Марказий банки фуқароларни онлайн молиявий алдовнинг янги туридан огоҳлантирди.
“Бугунги кунда фирибгарлар мессенжерлар орқали фуқароларга Марказий банкнинг рамзий белгилари туширилган сохта ҳужжатлар юбориб, уларнинг мобиль қурилмаларига зарарли иловаларни ўрнатишга уринишмоқда”, дея маълум қилди регулятор.
Қайд этилишича, сохта ҳужжатларда гўёки фуқаронинг маблағлари хавфсизлигини таъминлаш учун “молиявий хавфсизлик бўйича мутахассис” томонидан айрим амаллар бажарилиши тўғрисида ёлғон ахборот кўрсатилган.
Фирибгарлар шу йўл билан фуқаронинг мобиль телефонига зарарли иловани (хусусан, “Безопасность” номли) ўрнатиш ва қурилмадаги суратлар, ҳужжатлар, SMS-хабар ва қўнғироқларга оид маълумотларни яширин тарзда қўлга киритишни кўзламоқда.
Марказий банк фуқароларни фирибгарларнинг алдовига ишонмаслик, иловаларни эса мессенжерлар орқали эмас, балки расмий Google Play ва App Store платформалари орқали ўрнатиш кераклигини эслатган.
Молиявий регулятор аввалроқ фирибгарлар Телеграм платформасида “Markaziy_Banki_uz” номли сохта канал очиб, фуқароларга онлайн кредитлар таклиф қилаётгани, мижозларнинг карта маълумотларини олиш орқали пулларни ўзлаштираётганидан ҳам огоҳлантирганди.