Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:41

Ҳалок бўлган айирмачилар лидерини Москва ҳам, Киев ҳам хушламаган


31 август куни Донецк марказидаги “Сепар” кафесида юз берган портлаш оқибатида Украина шарқида ўзларини “Донецк Халқ Республикаси” деб эълон қилган айирмачиларнинг раҳбари Александр Захарченко ҳалок бўлди.

2014 йилнинг апрелида Украинанинг Донецк ҳамда Луганск вилоятларида россияпараст айирмачилар билан Украина ҳукумати ўртасида тўқнашувлар бошланганидан бери камида тўққиз нафар айирмачилар етакчиси ўлдирилди.

Тўқнашувларда 10 300 дан ошиқ одам ҳалок бўлди, 1 миллиондан ошиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди

Россия матбуотига кўра, 42 ёшда бўлган Захарченко маҳаллий техникумни тамомлаган, Ички ишлар вазирлигининг юридик институтида таҳсил олган. Карьерасини ҳудуддаги шахталарнинг бирида электромеханик лавозимдан бошлаган.

Захарченко 2014 йилнинг августида, Донецкда жанглар шиддатли давом этаётган пайтда Россия дастаклаб келаётган айирмачилар етакчисига айланган эди. Ундан аввал москвалик Россия фуқароси Александр Бородай айирмачиларга етакчилик қилиб келаётган эди.

Орадан уч ой ўтиб, ғарб давлатлари сохта дея баҳолаган сайловда Захарченко ғолиб чиқди.

Шафқатсизлиги билан танилган Захарченкони кўпчилик, жумладан, айрим айирмачилар тўлиқ тан олмасди.

Ёнида доимо тўппонча олиб юришни одат қилган Захарченко ўзларини ДХР деб атовчи айирмачиларга қийинчилик билан етакчилик қилиб келаётган эди. У костюм-шим ўрнига ҳарбий уст-бошни афзал кўрарди.

Захарченко томирларида украин қони оқишига қарамасдан, украиналик уруш асирларини қийноққа тутганини учун Киев ғазабига учраганди. Москва эса уни яқиндан назорат қилишга мажбур эди, чунки Захарченко ДХР кўпроқ автономияга эга бўлишини истарди.

Бунга қарамасдан, Захарченко Москва учун оддий бир расмий эди холос. Чунки журналистлар ҳамда ғарб разведка агентликлари далиллаб берганидек, Москва айирмачилар республикасини бошидан бери яқиндан назорат қилиб келади.

Буни тасдиқловчи кўплаб мисол келтириш мумкин. 2015 йилнинг январида Захарченко Мариуполь шаҳрини қайта қўлга киритиш амалиётини эълон қилди, аммо орадан икки соат ўтиб, биргина Россия телеканали иштирок этган матбуот анжуманини уюштириб, ўз буйруғини қайтариб олди. Ўша пайтда Донецкдаги манбалар Озодликка Захарченко буйруғини эълон қилганидан кейин, унга Москвадан телефон қилишганини айтишган эди.

Анчадан бери Захарченкони ўрнини бошқаси эгаллаши ҳақида миш-мишлар тинчимаётган эди. Бунинг сабаблари қатори унинг Москвага тўлиқ бўйсунмагани ҳамда ДХРдаги иқтисодий аҳволни айтиб ўтиб ўтиш мумкин.

Захарченко ўрнини айирмачилар сафига қўшилишдан аввал Россияда молиявий пирамида яратган Денис Пушилин эгаллаши мумкин. Ҳозирча ДХР ҳукумати Дмитрий Трапезников республика етакчиси вазифасини бажаришини эълон қилди.

Захарченко ўлими ортидан Киев билан Москва бир-бирини айблади. Россия унинг ўлимида Украина разведкасини айблади. Украина эса унинг ўлимига ички низолар сабаб бўлганини ёки жиноий гуруҳлар буни амалга оширганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG