Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Сурияда Ассаднинг ҳужум режасига қарши минглаб одам намойишга чиқди


7 сентябрь куни Суриянинг Идлиб вилоятида минглаб одам президенти Башар ал-Ассаднинг исёнчилар бошқарувида қолаётган вилоятни қайта қўлга олиш режасига қарши намойишга чиқди. Туркияга чегарадош Идлиб вилоятида Сурия ҳукуматига қарши курашаётган ўн минглаб исёнчи бошпана топган.

БМТ Идлибни қайтариб олиш учун Сурия ҳукумати қўшинлари бошлайдиган ҳужум ҳалокатли оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантириб келади.

Намойишлардан олдин Россия, Туркия ва Эрон етакчилари учрашиб, ҳужум ортидан рўй бериши мумкин бўлган фожианинг олдини олишни муҳокама қилдилар. Теҳрон ва Москва Ассад кучларининг вилоятни забт этиш режасини қўллаб келади.

Учрашувда қатнашган Туркия президенти режалаштирилаётган амалиёт жуда кўп қон тўкилишига олиб келиши ҳамда минглаб одамни ўз уйини тарк этишга мажбурлаши ҳақида огоҳлантирди. Аммо учрашув давомида Идлибда ўқ отишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмади. Бу эса Ассадга ўз режасини амалга ошириш учун йўл очиб беради.

Суриядаги урушни кузатиб келаётган ташкилот уч давлат етакчилари Теҳронда музокара олиб бораётган пайтда Россия ва Сурия кучлари ҳаводан онда-сонда ҳужум қила бошлаганини хабар қилди.

Ҳукумат кучларини тўхтатиб қолиш умиди сўнар экан, Идлибда ҳамда қўшни Ҳалаб вилоятида минглаб одам Ассад режасига қарши намойишга чиқди.

Намойишчилар Ассадни қоралаб, амалиётни бошламасликка чорлади. Айрим намойишчилар эса Ассад кучлари Идлиб яқинида тўпланаётган бир пайтда ҳеч бир чора кўрмаётган халқаро ҳамжамиятни қоралади.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг билдиришича, Россия ҳаво ҳужумлари Идлиб вилоятининг “Аҳрар ал-Шом” ҳамда “Ал-Қоида”га алоқадор “Таҳрир ал-Шом” гуруҳи бошқарувидаги жануби-ғарбий қисмини мўлжалга олган.

Тақрибан 3 миллион одам яшовчи Идлиб вилоятининг катта қисми ушбу икки гуруҳ бошқарувидадир.

Обсерваторияга кўра, Россия ҳаво ҳужумлари натижасида “Алҳор ал-Шом” таянч пунктларидан бири йўқ қилинган. Бунга жавобан исёнчилар ҳукумат бошқарувидаги ҳудудда жойлашган насронийлар яшайдиган қишлоққа ҳужум қилган.

АҚШ илтимоси билан 7 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғин ўтказди.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура:

- Идлиб учун ҳар қандай кураш даҳшатли ва қонли жанг бўлиши эҳтимоли юқори, - деди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Сурия ҳукумати ва унинг ҳамкорларини Идлибга ҳужум қилиш оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

Идлиб вилоятини қайта қўлга олиш Сурияда 7 йиллик урушда ҳукумат учун сўнгги муҳим ғалаба бўлади. Уруш давомида 400 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди, миллионлаб киши яшаб турган жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Кейинги йил давомида Ассад кучлари мамлакатдаги деярли барча исёнчилар бошқарувидаги шаҳарларни қайта қўлга олди. Идлиб вилояти эса исёнчиларнинг сўнгги истеҳкомидир.

Идлиб вилояти Россия учун ҳам, Сурия учун муҳим стратегик аҳамиятга эга, чунки у Асаднинг бош таянч ҳудуди бўлган Латакия вилоятига чегарадош. Шунингдек, Россиянинг энг йирик ҳарбий базаси ҳам шу ерда жойлашган.

XS
SM
MD
LG