Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

Эронда ҳарбий парад пайтидаги ҳужумда камида 24 одам ҳалок бўлди


22 сентябрь куни Эронда ҳарбий парад давомида амалга оширилган ҳужумда 24 одам ҳалок бўлди, 53 одам жароҳат олди. Бу ҳақда расмий IRNA хабар агентлиги хабар қилди.

Агентлик тарқатган хабарда ёзилишича, 22 сентябрь куни Эрон жануби-ғарбида жойлашган Аҳвоз шаҳрида бўлиб ўтаётган парад иштирокчиларини қуролланган шахслар ўққа тутган. Ҳужумчилар Эрон билан Ироқ ўртасида 1980-88 йилларда содир бўлган уруш хотирасига бағишланган йиллик парадни томоша қилиш учун тўпланган расмийларни нишонга олган.

IRNA хабарида ҳалок бўлганлар орасида оддий фуқаролар, жумладан парадни томоша қилгани борган аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилади.

Агентлик ҳалок бўлганлар орасида Эрон Инқилобий гвардияси аъзолари бор ёки йўқлиги очиқламади.

Аммо ярим расмий Tasnim хабар агентлиги ҳужумда гвардиянинг камида саккиз аъзоси ҳалок бўлганини хабар қилди.

Эрон қуролли кучлари матбуот котиби давлат телеканалига берган интервьюсида:

- Террорчиларнинг уч нафари ҳодиса жойида ўлдирилди, жароҳат олган биттаси шифохонада жон берди, - деди.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Twitterда ҳужумчилар “хориж тузуми ёллаб, тайёрлаган ва пул тўлаган террорчилар” эканлигини ёзди, аммо айнан қайси хорижий тузумни назарда тутганини очиқламади.

Вазир ҳудуддаги давлатларни ва уларнинг АҚШдаги “йўл кўрсатувчиларини” айблар экан, Теҳрон тезкорлик билан жавоб қайтаришини таъкидлади.

ISNA агентлигининг хабар қилишича, Эрон инқилобий гвардиясининг исми ошкор қилинмаган котиби ҳужумни Саудия Арабистони дастаклаб келаётган араб миллатчилари амалга оширгани таъкидлаган.

Эрон матбуоти отишма овози эшитилар экан, аскарлар ерга ётиб ўрмалаётгани акс этган видеони ёйинлади.

Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ.

Россия президенти Владимир Путин ҳужум ортидан Эронга ҳамдардлик билдириб, Теҳрон билан террорга қарши ҳамкорликда курашишни янада кучайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

Аҳвоз шаҳри нефтга бой Ҳузистон вилоятининг маъмурий марказидир. Ўтмишда араб айирмачилар вилоятдаги нефть қувурларига ҳужум қилган ҳолатлар кузатилган.

Кейинги йилларда Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги танглик авж олди. Икки давлат Сурия ва Ямандаги урушларда бир-бирига қарши тарафларни, Ироқ ва Ливанда эса рақиб партияларни дастаклаб келади.

Илк хабарларда ҳужумни “такфирий жангарилар“ амалга оширилгани айтилган эди. Эронда ўтмишда сунний мусулмон жангарилар шу ном билан аталган.

Fars агентлиги ҳужумни мотоцикл миниб олган ҳарбий кийимдаги шахслар амалга оширганини хабар қилди.

Эронда ҳарбийларга камдан-кам ҳолатларда ҳужум қилинади.

XS
SM
MD
LG