Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:26

БМТ ва АҚШ Эрон ҳарбий парадига уюштирилган ҳужумни кескин қоралади (ВИДЕО)


Эроннинг Аҳвоз шаҳрида бўлаётган ҳарбий парад қатнашчиларига ҳужум, 22 сентябрь, 2018 йил
Эроннинг Аҳвоз шаҳрида бўлаётган ҳарбий парад қатнашчиларига ҳужум, 22 сентябрь, 2018 йил

АҚШ ҳамда БМТ расмийлари Эрон жануби-ғарбида ҳарбий парад давомида амалга оширилган ҳужумни кескин қоралади. 22 сентябрь куни Аҳвоз шаҳрида бўлиб ўтаётган ҳарбий парад қатнашчиларига қилинган ҳужумда камида 25 одам ҳалок бўлди, 60 одам жароҳат олди.

Эрон олий раҳбари ҳамда президенти ҳужумни АҚШ “қўғирчоқлари” амалга оширганини иддао қилди.

22 сентябрь куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Хизер Науэрт: "Қўшма Штатлар ҳар қандай террор ҳаракатини ҳамда бегуноҳ одамлар қони тўкилишини қоралайди. Биз радикал исломий террорчилик балосига қарши курашда Эрон халқи билан биргамиз ва уларга ушбу аянчли кунларда ҳамдардлик билдирамиз", деди.​

Аввалроқ Эроннинг расмий IRNA агентлиги “бу борада маълумотга эга” манбаларга таянган ҳолда ҳарбий кийимдаги жангарилар Аҳвоз шаҳрида бўлиб ўтаётган парад иштирокчиларига ҳужум қилганини хабар қилган эди. Ҳужумчилар Эрон билан Ироқ ўртасида 1980-88 йилларда содир бўлган уруш хотирасига бағишланган йиллик парадни томоша қилиш учун тўпланган расмийларни нишонга олган.

IRNA хабарида ҳалок бўлганлар орасида оддий фуқаролар, жумладан, парадни томоша қилгани борган аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ҳужумчилар “хориж тузуми ёллаб, тайёрлаган ва пул тўлаган террорчилар” эканини таъкидлади, аммо айнан қайси хорижий тузумни назарда тутганини очиқламади.

Вазир ҳудуддаги давлатларни ва уларнинг АҚШдаги “йўл кўрсатувчиларини” айблар экан, Теҳрон тезкорлик билан жавоб қайтаришини таъкидлади.

Эрон матбуоти отишма овози эшитилар экан, аскарлар ерга ётиб ўрмалаётгани акс этган видеони ёйинлади.

Эрон қуролли кучлари матбуот котиби, бригада генерали Адолфазий Шекарчи давлат телеканалига берган интервьюсида:

- [Ҳужум] соат роппа-роса тўққизда содир бўлди. Бир неча кун олдин ҳодиса жойида қуролларини яшириб қўйган тўрт террорчи ўзини парадни томоша қилиш учун келган фуқаро қилиб кўрсатиб, у ерга кириб олган. Кейин қуролларини олиб, одамларни ўққа тутган. Террорчиларнинг уч нафари ҳодиса жойида ўлдирилди, жароҳат олган биттаси шифохонада жон берди, - деди.​

Ярим расмий Tasnim хабар агентлиги ҳужумда Эрон Инқилобий гвардиясининг камида саккиз аъзоси ҳалок бўлганини хабар қилди.

“Ислом давлати“ экстремистик гуруҳи ҳам, Эрон ҳукуматига қарши Аҳвоз миллий қаршилик ҳаракати ҳам, бирор исбот-далилсиз, ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний БМТ Бош ассамблеяси мажлисида қатнашиш учун Нью-Йоркка отланишидан олдин “АҚШ дастаклаб келаётган” Форс кўрфази давлатларини аксилҳукумат араб гуруҳларга “молиявий, ҳарбий ҳамда сиёсий ёрдам кўрсатишда” айблади, аммо ўз гапини тасдиқловчи далил келтирилмади.

- Америка минтақадаги кичик қўғирчоқ давлатларни қўллаб келади. Қўшма Штатлар уларни гижгижлаб, керакли нарсалар билан таъминламоқда, - дея сўзини давом эттирди президент.

Руҳоний, шунингдек, АҚШни “нотўғри йўлни танлагани учун афсусланиши” ҳақида огоҳлантирди.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам ҳужум АҚШ ҳамда унинг минтақадаги ҳамкорларига алоқадор, деб билишини таъкидлади, аммо ўз иддаосини тасдиқловчи маълумот келтирмади.

БМТ бош котиби Антонио Гутерреш ташкилот Аҳвоздаги ҳужумни қоралаши ҳақидаги билдирувни эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин ҳам ҳужум ортидан Эронга ҳамдардлик билдириб, Теҳрон билан террорга қарши ҳамкорликда курашишни янада кучайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

Аҳвоз шаҳри нефтга бой Ҳузистон вилоятининг маъмурий марказидир. Ўтмишда араб айирмачилар вилоятдаги нефть қувурларига ҳужум қилган ҳолатлар кузатилган.

Кейинги йилларда Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги танглик авж олди. Икки давлат Сурия ва Ямандаги урушларда бир-бирига қарши тарафларни, Ироқ ва Ливанда эса рақиб партияларни дастаклаб келади.

Илк хабарларда ҳужумни “такфирий жангарилар“ амалга оширилгани айтилган эди. Эронда ўтмишда сунний мусулмон жангарилар шу ном билан аталган.

XS
SM
MD
LG