Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

НАТО Совуқ уруш тугаганидан буён энг йирик ҳарбий машғулотни бошлади


НАТО Совет Иттифоқи парчаланганидан буён ўзининг энг йирик ҳарбий машқларини бошлади. Европага таҳдидларни бартараф этишга қаратилган машғулотларда ўн минглаб ҳарбий иштирок этмоқда.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг машқларни альянснинг маҳорати, бирлиги ҳамда журъатининг “кучли намойиши” дея таърифлади.

Trident Juncture номи берилган машғулотнинг асосий босқичи Норвегияда 25 октябрь куни НАТОга аъзо барча 29 мамлакат ҳамда уларнинг Финляндия ва Швеция каби шериклари иштирокида бошланди.

Машғулотлар икки ҳафта давом этиши режалаштирилган.

- Бугун муҳим кун, чунки Trident Juncture – НАТОнинг совуқ уруш тугаганидан буён энг йирик ҳарбий машғулоти, - деди Столтенберг.

Ушбу машғулотлар НАТО ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Россия ва альянс ўртасидаги танглик Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлаганидан кейин кучайиб кетди.

НАТО Россияни ядровий қуроллар бўйича АҚШ ва Россия ўртасидаги эришилган битимда ман этилган ракеталардан фойдаланиб келаётганини айтиб, танқид қилиб келади.

Россия эса, ўз навбатида, альянсни ўз чегарасига яқин ҳудудда провокацион ҳаракатларга қўл уришда айблаб келади.

- Trident Juncture аъзо давлатларга ҳамда потенциал душманга очиқ-очиқ ойдин хабар юборади: НАТО тўқнашувни истамайди, аммо ҳамкорларимизни ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилишда тайёрмиз, - деди 24 октябрь куни Столтенберг.

Столтенберг машқлар НАТО қобилиятларини ҳамда унга аъзо давлатларнинг ҳамкорлик қилишга жасоратини яққол кўрсатишини қўшимча қилди.

Trident Juncture машқларида тахминан 65 кема, 250 учоқ, 10 минг транспорт воситаси ҳамда 50 минг ҳарбий қатнашади.

Машқлар 25 октябрдан 7 ноябргача давом этади. 14–23 ноябрда эса қўмондонлик пунктлари машқлари ўтказилади.

Москва НАТОнинг собиқ Варшава битими давлатлари ҳамда Болтиқбўйи давлатларини ўз сафига қўшиб олиш режасини "иғвогарона" дея таърифлаб келади.

Кейинги йилларда ҳар икки тараф бир-бирини бир неча марта босқинчиликда айблади.

Россия 2017 йилнинг сентябрида Беларусь билан ҳамкорликда “Запад–2017“ номи берилган машқларни ўтказган эди.

Ўтган ойда эса Россиянинг марказий ва шарқий ҳудудларида йирик “Восток–2018“ машқлари ўтказилди.

Россия Мудофаа вазирлиги машқларда тахминан 300 минг одам иштирок этганини билдирди.

Бу кўрсаткич Совуқ уруш йилларида СССРда ўтказилган энг йирик машқлардагидан икки баробарга кўпдир.

25 октябрь куни Россия ва Беларусь мудофаа вазирликларининг қўшма йиғинида сўзга чиққан Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу:

- Чегараларимиз яқинида [НАТО] операцион ҳамда ҳарбий машқлари кўлами ва жадаллиги ошиб бормоқда, - деди.

Россия НАТО машқларини танқид қилиб келаётган бўлса-да, Норвегиянинг уларга кузатувчи юбориш таклифини қабул қилди. Столтенберг ошкоралик учун бу яхши ҳолат эканлигини таъкидлади.

- Ўзларини профессионал тутиб, хавфли вазият ва юриш-туришдан сақлансалар, улар машқларни назорат қилишлари муаммо эмас, деб ўйлайман, - деди НАТО етакчиси.

Столтенберг машқ иштирокчилари “шимол“ ва “жануб“ кучларига бўлинишини, навбати билан агрессор ҳамда НАТО ҳимоя кучлари ролини ўйнашларини айтди.

- Машқлар агрессиядан кейин ҳамкоримиз ушбу ҳолатда Норвегиясуверенитетини тиклашга қанчалик тайёр эканлигимизни синайди. Бу сунъий сценарий, лекин олган сабоқларимиз ҳақиқий бўлади - деди НАТО бош котиби.

XS
SM
MD
LG