Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Қирғиз милицияси амалдаги президент сайловда қанча пул сарфлаганини текширмоқчи


Сўўрўнбай Жээнбековнинг сайлов арафасидаги тарғибот баннерлари.
Сўўрўнбай Жээнбековнинг сайлов арафасидаги тарғибот баннерлари.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг сайловолди тарғибот штаби расман эълон қилинганидан кўп маблағ ишлатгани тўғрисидаги маълумотларни текширадиган бўлди.

Қирғиз милицияси амалдаги президент сайловда қанча пул сарфлаганини текширмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, собиқ президент Алмазбек Атамбаев бу маълумотларнинг тўғри эканини тасдиқлай оладиган одамлардан айримлари, жумладан, сайлов штаби ҳисобчиси Нуржан Сатигул қизи, кейинроқ эса унинг ўғли Адилет Сатигулов ҳаётига таҳдид пайдо бўлгани ортидан Қирғизистонни тарк этгани тўғрисида баёнот берганидан сўнг текширув ўтказишга қарор қилинган. Вазирлик бундан бошқа маълумотларни ошкор этмади.

Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Абдраҳман Маматалиев Ички ишлар вазирлиги бу маълумотларни холис текширишига ишонишини айтди:

- Текширув натижаларини кутиб туриш керак, албатта, натижаси чиқади. Бу маълумот вазиятни кескинлаштириш учун тарқатилганини ва ким томонидан тарқатилганини ҳамма сезиб турибди,- деди Абдраҳман Маматалиев.

Бироқ қирғиз жамиятида бу маълумотлар холис тергов қилинишига ишонмайдиганлар ҳам анчагина. Улардан бири Конституциявий палатанинг собиқ судьяси Клара Сўўрўнкулова.

-Бу текширув ниҳоясига етказилади ва қандайдир хулосалар қилинади, деган фикрдан олисман. Бу ерда сайлов штаби “қора касса” орқали яширилган пулларни сарфлагани тўғрисида гап кетаяпти. “Қора касса” деганнинг ўзиёқ қонунга зид келади. Бу маълумот жамоатчиликда катта шубҳаларни пайдо қилди. Бироқ охир-оқибат бу маълумотлар тасдиқланмади, деган хулоса эълон қилинса керак, - деди Клара Сўўрўнкулова.

Бундан бир оз аввалроқ Жээнбековнинг сайлов штабида эксперт бўлиб ишлаган россиялик Алексей Василивецкий жамоатчиликка ҳуқуқ фаоли Нурбек Тўқтакунов томонидан ошкор этилган ҳужжатда кўрсатилгани каби 170 минг доллар миқдорида гонорар олганини тасдиқлаган ва ҳаётига таҳдид пайдо бўлгани ортидан Қирғизистонни тарк этганини айтган.

Ундан аввалроқ эса президент сайлов штабини бошқарган Фарид Ниёзов ва амалдаги президент мансуб бўлган социаль -демократлар партияси бу маълумотлар “ҳақиқатга яқин экани”ни билдирган.

Бишкеклик ҳуқуқ фаоли Нурбек Тўқтақунов 15 ноябрда Фейсбукдаги саҳифасида амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков президент сайловида расман эълон қилинганидан кўп маблағ харжлаганини ва буни яширганини иддао қилган ҳамда “Жээнбековдан ҳам, Атамбаевдан ҳам кўнгли қолган” одам тақдим этган рўйхатни эълон қилган эди.

Фаолнинг иддао қилишича, Сўўрўнбай Жээнбековнинг сайлов штаби Марказий сайлов комиссияси эълон қилгани каби 158 миллион 96 минг 175 сўм эмас, балки 1 миллиард 170 миллион 265 минг 187 қирғиз сўми ҳамда 6 миллион 855 минг 700 АҚШ доллар, жами бўлиб тақрибан 23 миллион доллар пул сарфлаган.

Нурбек Тўқтақунов фикрича, бу ҳолат президентга импичмент эълон қилиш учун асос бўла олади.

Айни пайтда бу маълумотлар бугунги ҳокимиятни обрўсизлантириш мақсадида учинчи кучлар томонидан жамоатчиликка махсус сиздирилмоқда, деган фикрлар ҳам мавжуд.

XS
SM
MD
LG