Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Қирғизистон ҳукумати «тупурувчиларга жарима пули»ни озайтирмоқчи


Ўз норозилигини билдириш учун қирғиз парламенти биноси олдида намойишкорона тупураётган одам.
Ўз норозилигини билдириш учун қирғиз парламенти биноси олдида намойишкорона тупураётган одам.

Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Жениш Разақов ҳукумат кўчада тупурган одамларга солинадиган жарима пули миқдорини озайтириш ниятида эканини Бишкекда 15 январь куни ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Қирғизистон ҳукумати «тупурувчиларга жарима пули»ни озайтирмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00

Қирғизистонда 2019 йилнинг 1 январидан кучга кирган янги қонунга асосан кўчада тупурган одамларга 5 500 сўм, яъни 78,5 доллар миқдорида жарима солинади.

-Бош вазир буни нотўғри, деб ҳисоблайди. Жарима пули жуда катта миқдорда белгиланиб қолинган. Янги қонунда рухсат берилмаган жойда тамаки чекилгани учун жарима пули минг сўм қилиб белгиланган экан. Ҳукумат тупурганларга ҳам жарима пулини минг сўм қилиб белгилаш тўғрисида парламентга таклиф киритди,-деди Жениш Разақов.

Қонун кучга кирган биринчи куниёқ милиция ходимлари кўплаб одамларни кўчада тупургани учун қўлга олди. Бу эса жамоатчилик орасида норозилик тўлқинини пайдо қилди. Айниқса, ёшлар бу борада ўз норозиликларини фаол билдирмоқдалар.

Масалан, ёшлардан бири президент ва парламент биноси олдига келиб намойишкорона тупургани тўғрисидаги видеони ижтимоий тармоқларда жойлаштирди.

-Мана 5 500 сўм жарима пули. Келиб, жаримани олиб кетинглар. Мана шу порахўрлар ва қўлидан иш келмай мамлакатимизни ривожланишдан тўсиб турган амалдор одамларнинг юзига қачонлардан бери тупуришни орзу қилиб юрардим. Бугун мана шу имкониятга эга бўлдим,-дейди видеодаги йигит.

Ижодкор ёшлар эса ўз норозилигини қўшиқ ва ҳажвий кўринишлар орқали билдирмоқдалар. Интернет тармоғида тарқатилган қўшиқлардан бирида «Тупурдик биз бундай қонунга, бу алаҳсирашми ёки фаросатсизлик. Тупурдик, тупурдик, бир тупурги 5 минг сўм бўлса», деб куйланади.

Ижтимоий тармоқларда шу кунларда ҳам кенг муҳокама қилинаётган бу мавзу юзасидан билдирилаётган фикрлар таҳлили шуни кўрсатадики, қирғизистонликлар кўчаларда тупурганларга жарима солинишига қарши эмас, балки бу нарса кўчада ўзини тутиш маданиятини ривожлантиради, деб ҳисоблайдилар.

Норозиликка эса жарима миқдорининг ўртача ойликка нисбатан номутаносиблиги, шунингдек, қонуннинг ўйланмасдан туриб қабул қилингани, жумладан, тупуришга мажбур бўладиган беморларнинг имтиёзи қай даражада бўлиши ёки айнан шу одам тупургани қандай исботланиши аниқланмагани сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари айрим одамлар «бундай катта миқдордаги жаримани, албатта, қонунни бузган депутатлар ёки амалдорлар тўламайдилар. Уларни биров мажбур ҳам қила олмайди. Бу қонун фақат оддий одамлар учун қўлланилади», қабилидаги фикрларни билдирмоқдалар.

XS
SM
MD
LG