Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Халқ қабулхоналарига уйма-уй юриб, муаммони ҳал қилиш вазифаси юкланди (ВИДЕО)


Хатирчи туманидаги Халқ қабулхонаси
Хатирчи туманидаги Халқ қабулхонаси

2019 йилнинг 1 февралидан Халқ қабулхоналари уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилишни бошлайди. ЎзА агентлиги берган хабарга кўра, бундай тартиб президент Мирзиёевнинг шу йил 17 январдаги қарори билан йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 17 январида “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, мана шу фармонга мувофиқ, 1 февралдан бошлаб, давлат органлари аҳоли билан бевосита ишлашни назарда тутувчи янги тизимни йўлга қўядилар. Яъни, пойтахт ва вилоятлардаги Халқ қабулхоналари бошчилигидаги давлат органи вакиллари уйма-уй юриб, ҳар бир оила муаммосини аниқлаш ва ҳал қилишни бошлаши лозим.

Расмий хабарда айтилишича, шу кунда республикадаги халқ қабулхоналари раҳбариятлари президент маъмурияти томонидан Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган 5 кунлик малака ошириш ўқув курсларида ўқитилмоқда.

Бу ўқув курслари "Халқ қабулхоналари институти фаолиятини янги босқичга олиб чиқишдаги яна бир муҳим қадам" сифатида баҳоланмоқда.

"Бундан ташқари, ишчи гуруҳ жамоани шакллантириш ва унинг самарали ишлашини ташкил қилиш, тайм-менежментни амалда қўллаш, ҳар бир сониядан унумли фойдаланиш каби мавзуларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида ўзлари масъул бўлган ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради", деб хабар қилди ахборот агентлиги.

Халқ қабулхоналари - президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил қилинганди.

Шундан сўнг республиканинг турли вилоятларидан Озодликка келган хабарларда кўпроқ аҳолининг қабулхоналар ишидан қониқмаётгани, қабулхоналар эса аҳоли мурожаатлари ва эътирозини, одатан, эътиборсиз қолдираётганини кузатиш мумкин бўлди.

Хусусан, президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси сайтида, аҳоли мурожаатларининг асосий қисми, яъни 51 фоизи онлайн шикоят йўллаш усули билан шахсан президентга йўллангани, мурожаатларнинг 44 фоизи телефон орқали, фақат 4 фоизи маҳаллий ҳокимликлардаги Халқ қабулхоналарига бўлгани айтилган эди. (2017 йил, апрель ойидаги маълумот)

Қуйида бу борада Озодлик ёритган айрим мақолаларнинг сарлавҳаларини ҳавола қиламиз:

- CУРХОНДАРЁ – “Халқ мурожаатлари – ҳокимлик ҳожатхонасида!”

- Президентнинг "Халқ қабулхонаси" вакили пора олаётганда қўлга тушди;

- ЖИЗЗАХ – "Халқ қабулхонасига йиғлаб борсам, ҳўнграб чиқди...";

- Самарқандда раҳбарлар халқ мурожаатига эътиборсизлик ва сансалорликка йўл қўймоқда;

- "Халқ қабулхонаси"нинг халққа айтар гапи - “Билган жойингизга боринг!”

XS
SM
MD
LG