Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Россия банки GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалиловни судга берди


Ўзбекистон - GM Uzbekistan собиқ бош директори Тоҳир Жалилов
Ўзбекистон - GM Uzbekistan собиқ бош директори Тоҳир Жалилов

Россиядаги «Возрождение» банки GM Uzbekistan автоконцерни собиқ бош директори, Uz-Daewooнинг Воронеж шаҳридаги собиқ дилери ва «Км/ч» автосалонлар тармоғи собиқ эгаларидан бири Тоҳиржон Жалиловнинг банкротлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.

Суд бу даъвони қондирса, Жалилов мол-мулклари ким-ошди савдосида сотилиб, пули қарз берган банклар ҳисобига ўтади.

GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ бош директори «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси бошқаруви раиси лавозимида ишлаëтган Тоҳиржон Жалиловнинг ўзи Озодлик билан 6 март кунги суҳбатда «Мени тинч қўйинглар¸ хозир қарз масаласини изоҳлай олмайман» деди.

Россия банки GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалиловни судга берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:22 0:00
Бевосита линк

Озодликнинг ўрганишича, Россия арбитраж судига «Возрождение» банки жўнатган даъво аризаси қабул қилиниб, ишламга киритмаган.

Россиянинг етакчи kommersant.ru нашрининг ëзишича, Жалилов кафил бўлган қарз 20 миллиард рублдан ошади. (300 миллион АҚШ доллари)

Муаммо йўқ¸ йўл равон, деди собиқ ҳамкасблар

«Ўзбекавтосаноат»га қарашли Москвадаги Ravon ваколатхонасининг маркетинг бўйича собиқ директори Елена Кузнецованинг Озодликка 6 март куни айтишича¸ собиқ дилер Тоҳиржон Жалиловга ëки Ravon ваколатхонасига нисбатан қарз ундириш бўйича ҳеч бир ҳаракат йўқ.

-Қарзлар бор, аммо матбуот ëзганидек, 20 миллиард рубл эмас. Қарзнинг мавжуд реал суммаси битта банк билан чекланмайди. Ҳали ҳеч ким арбитражга бермади ва Тоҳиржон Жалиловнинг шу бугун қарз билан боғлиқ муаммоси йўқ¸ деди Ravon ваколатхонасининг маркетинг бўйича собиқ директори Елена Кузнецова.

Томоғигача қарзга ботган

Айни мавзуни ўрганаëтган Воронеждаги журналист Анна Нараеванинг Озодликка билдиришича¸ Тоҳиржон Жалиловнинг Россиядаги ўнлаб ширкатлар орқали олган қарзи у кўрган хужжатларнинг ўзида 10 миллиард рублдан ошади (150 миллион АҚШ доллари)

Нараева тасарруфида Россиядаги «Возрождение» банкининг қарз борасидаги расмий жавоби ëзилган ҳужжат бор.

Хужжатда «Жалилов.Т.А «Возрождение» (ОТАЖ) билан "АвтоЛидер" МЧЖ¸ «КрасКар» МЧЖ¸ «ЛадаАвтоВоронеж» МЧЖ ва «УзДЕУавто-Воронеж» МЧЖ ўртасида кафил (поручитель) экани айтилади. Жалилов бу ширкатларнинг банкдан олган қарзлари юзасидан зиммасига ҳуқуқий маъсулият олган.

Айни ҳужжатга кўра¸ Тоҳиржон Жалилов кафил бўлган қарз миқдори 854 миллион рубл. Бундан 712 миллион рубли асосий тўланмаган қарз ва фоизлардан таркиб топган.

«Бу қарзлар 2019 йил 1 март кунигача бўлган вақтда қайтарилмаган. Бу қарзлар қайтарилиши юзасидан банк 2019 йилнинг 1 март куни Воронеж вилоят Арбитраж судига мурожаат қилди» дейилади ҳужжатда.

Воронеждаги журналист Анна Нараеванинг Озодликка билдиришича, Арбитраж суди бу даъвони ишлам учун қабул қилганидан кейин Жалилов ва у таъсис қилган ширкатларга оид мол -мулклар ҳамда Уфа¸ Воронеж ва Россиянинг яна бир шахридаги жамлоқда турган «Ўзавтосаноат»га оид автомобиллар мусодара қилиниши мумкин.

Жамлоқда чириëтган ўзбек машиналари

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Россиянинг Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалилов ва унга яқин GM мулозимлари ширкат учун Россия банкларидан олинган кредитлар ҳисобидан хусусий мол-мулк ва бизнес тизимларини сотиб олганлар.

Кредитлар учун гаров сифатида қўйилган 17 минг автомобил ҳозирда ҳақдор банклар тарафидан арест қилиниб, суд ажримини кутмоқда.

Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалилов эгалик қилган тижорий ва хизмат кўрсатиш ширкатлари ҳамда кўчмас мулкларнинг сотиб юборилиб, қарзнинг бир қисми қоплангани ҳам бу иддаоларни қисман тасдиқлади.

Зиммасига 300 миллион доллар қарз юкланган мулозим

Шу кунларда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкати раиси бўлиб ишлаëтган 50 яшар Тоҳиржон Жалилов “GM - Uzbekistan”ни бошқарган пайти коррупцияда гумонланиб, ҳибсга олинганди.

Олти йил давомида ўзбек автоконцернини бошқарган Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан ширкат пулларини ўзлаштирганликда гумонланиб, 2016 йил апрел ойида ҳибсга олиниб, бир муддат Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида сақланган.

Бироқ президент Каримовнинг ўлимидан сўнг Жалилов ҳибсдан озод қилиниб, тергов идораларига уйдан қатнаб юрди.

Жалиловнинг айбловлардан фориғ бўлиб яна лавозимига қайтиши Каримов ўлимидан сўнггина амалга ошди. 2017 йил февралида Жалилов “Ўзавтосаноат” бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари лавозимга қайтарилди.

Андижон вилоятида туғилган Жалилов 1993 йили Тошкент Техника университетиининг муҳандис-металлург мутахассислиги бўйича тугатган.

Меҳнат фаолиятини Андижоннинг Булоқбоши туманидаги «Biznes Fond»да мутахассисликдан бошлаган Жалилов, 1998 йилдан бошлаб автомобил саноатида қатор лавозимларда ишлади.

XS
SM
MD
LG