Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Эрдўғон Путинга S-400 ракеталарини сотиб олишдан воз кечмасликка ваъда берди


Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўғон 8 апрель куни Москвада президент Владимир Путин билан учрашди.
Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўғон 8 апрель куни Москвада президент Владимир Путин билан учрашди.

Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўғон 8 апрель куни Москвада президент Владимир Путин билан учрашар экан, Анқара Вашингтон босимига қарамай, Россиядан замонавий ракета комплексларини сотиб олиш шартномасидан воз кечмаслигини алоҳида таъкидлади.

Эрдўғон Путинга S-400 ракеталарини сотиб олишдан воз кечмасликка ваъда берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:49 0:00

“Ҳеч ким биздан бу шартномадан воз кечишни талаб қила олмайди. Бу бизнинг суверен ҳуқуқимиз ва қароримиздир”, - деди Эрдўғон учрашувдан сўнг ўтган матбуот анжуманида.

2018 йилнинг июнь ойида Анқара Россия билан умумий қиммати 2,5 миллиард долларлик S-400 русумидаги ракетадан мудофаа тизимини сотиб олишга оид шартномани имзолаган эди. АҚШ Туркияни бу шартномани бекор қилишга чақириб келади.

Жумладан, АҚШ вице-президенти Майк Пенс 3 апрель куни Вашингтонда НАТОнинг 70 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида:

-Туркия ўз танловини амалга ошириши лозим: У жаҳон тарихидаги энг муваффақиятли ҳарбий альянс бўлган НАТОнинг ўта муҳим ҳамкори бўлиб қолмоқчими ёки альянсни қўпоришга қаратилган ва ўйланмасдан қабул қилинган қарорлари билан бу ҳамкорликнинг хавфсизлигига путр етказмоқчими,- деб савол қўйган эди.

Ўтган ҳафтада АҚШ Давлат департаменти Туркия Россиядан ракета тизимини сотиб оладиган бўлса, Анқарага қарши санкциялар жорий этилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Москва учрашувида Эрдўғон Россия билан ҳамкорликнинг муҳим босқичларидан бири террорчиликка қарши кураш эканини ҳам айтиб ўтди:

-Ҳамкорлигимизнинг яна бир муҳим қисми бизнинг минтақамизга таҳдид солаётган террорчи гуруҳларга қарши биргаликда курашдир. Бу асосан Сурияга нисбатан қўллаган ва қўллаётган чораларимиз билан боғлиқдир ,- деди Туркия президенти.

Матбуот анжуманида Владимир Путин Туркия билан иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинганини билдирди. Путинга кўра, Россия Туркиядаги энг биринчи атом электр станциясини барпо этади:

-Йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланади. Булар Аққую атом электр станциясини қуриш каби лойиҳалардир. Бу АЭСни Туркия хоҳишини инобатга олиб, 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Туркия орқали газ қувири олиб ўтилмоқда,- деди Путин.

Кейинги йилларда Туркиянинг Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ билан муносабатлари совигани ортидан Москва ва Анқара ўртасидаги алоқалар янада яхшиланди.

Туркия Сурияда АҚШ курд жанггариларини қўллаб-қувватлаётганидан норозилик билдириб келади. Анқара Туркия ҳудудида ўз давлатларини ташкил этиш ғоясини тарғиб қилаётган курд исёнчиларини террорчи деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG