Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Порошенко дебат учун стадионга борди, Зеленский бормади (ВИДЕО)


Украина президенти Петро Порошенко “Олимпийский” стадионида, 14 апрель, 2019 йил
Украина президенти Петро Порошенко “Олимпийский” стадионида, 14 апрель, 2019 йил

Украина президенти Петро Порошенко 14 апрель куни рақиби Владимир Зеленский билан дебат ўтказиш учун “Олимпийский” стадионига борди. Аммо, сайловнинг биринчи турида энг кўп овоз олган қизиқчи ва шоумен Зеленский стадионга келмади. У бунга қадар ҳам 19 апрель куни дебатга чиқишини билдирган эди.

Шунга қарамай, Порошенко стадионга ўз оиласи билан борди ва унинг учун ҳозирланган минбарда нутқ сўзлади.

Унинг ёнида рақиби Зеленский учун ҳозирланган минбар эса бўш қолди.

"Бу дебат жойини таклиф қилган мен эмасдим, бу бошқа одам эди. Биламан, ҳозир мени томоша қилиб турибсиз", деди киноя билан Зеленскийга ғойибона юзланган Порошенко.

Сўнгра Порошенко стадионга йиғилган журналистларнинг саволларига жавоб берди ва агар, Зеленский президент этиб сайланса, украин халқининг танловини ҳурмат билан қабул қилишини айтди.

Владимир Зеленский эса стадионга келмади. Зеро, у дебатни 19 апрель куни ўтказишни таклиф қилган. "Олимпийский" стадиони раҳбарияти ҳам Зеленскийдан ўша кунга тадбир ўтказиш учун сўров келгани ва уни қабул қилганини билдирмоқда.

12 апрель куни Зеленский Парижда Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашди.

Франция президенти Макрон Украина президентлигига номзод Зеленскийни қабул қилмоқда
Франция президенти Макрон Украина президентлигига номзод Зеленскийни қабул қилмоқда

21 апрель куни Порошенко ва Зеленский Украина президент сайловининг иккинчи турида беллашади. Биринчи турда Зеленский энг кўп овоз тўплади.

Аксар сайловолди сўровлар Зеленский иккинчи турда ҳам ғалаба қозонишини башорат қилмоқда.

Сайловолди дебатини Киевнинг “Олимпийский” стадионида ўтказишни Зеленский таклиф қилганди. Ҳар икки номзод оммавий дебат ўтказишга рози, аммо дебат санаси бўйича келиша олмади.

Агар сайловолди сўровлар тўғри чиқса, иккинчи турда Зеленский ғалаба қозониши мумкин. Қувноқ ва зукко Зеленский чуқур ўрнашиб олган сиёсатчилардан чарчаган украиналиклар назарида янги чеҳрадир.

Зеленский, шунингдек, Украина шарқида Россия дастаклаб келаётган айирмачиларга қарши урушни тўхтатиш учун шахсан Россия президенти Владимир Путин билан музокара олиб боришни ваъда қилган.

Порошенко эса Зеленский Украинани Россиядан ҳимоя қила олмаслигини айтиб келади.

Хизмат фаолиятини шоколад саноатида бошлаган Порошенко эса ўзини катта сиёсий тажрибага эга матонатли етакчи ўлароқ кўрсатиб келади.

Таҳлилчилар эса йирик дипломатик ва иқтисодий муаммоларга дучор бўлиб келаётган Украина учун ўзгарувчан сиёсат муаммоли бўлишини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG