Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Ингушетияда боласини тиланчиликка мажбурлаган ўзбекистонликлар жазоланди


Тиланчи бола
Тиланчи бола

Ингушетия пойтахти Назрань шаҳрида ўз фарзандларини тиланчилик қилишга мажбурлаган бир гуруҳ марказий осиёлик, шу жумладан ўзбекистонлик аёл иши судга оширилди.

Қўшни Қорабулоқ шаҳрида эса яна бир ўзбекистонлик аёлга 3 яшар ўғлини масжид олдида тиланчилик қилдиргани учун 2 йиллик шартли равишда жазо тайинланди.

Жорий йилда Ингушетия пойтахти Назрань шаҳри полицияси вояга етмаган болаларни гадойчиликка жалб қилган уч шахсни жиноий жавобгарликка тортди.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия гражданлари бўлган бу шахслар олдин ҳам ҳуқуқ мухофазаси органлари ходимлари назарига тушган, болаларни тиланчиликка жалб қилишни бас қилиш борасида бир неча маротаба огоҳлантирилган, деди Озодлик гаплашган ИИБ расмийси.

- Бу ишлар суд органларига ўтказилди, суд кўриб чиқишни бошлади. Бундан олдин Ингушетияда вақтинча яшаб келган бу аёллар маъмурий жавобгарликка тортилган, бироқ улар 5 дан 8 ёшгача бўлган ўз фарзандларини жиноий бизнесга жалб қилишни давом этавергандан кейин, уччаловига ҳам жиноий иш очилди. Тергов якунига етди ва қўзғатилган ишлар судга юборилди, деди Ингушетия Ички ишлар бошқармасининг Озодлик боғланган навбатчиси.

Расмий бу аёллар Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 151- моддаси 2-қисми (“Вояга етмаган болани ота-онаси томонидан тиланчиликка жалб қилиш”) асосида суд томонидан 5 йилгача қамоққа ташланиши мумкинлигини билдирди.

Ҳозирда ота-оналаридан тортиб олинган болалар¸ айтилишича¸ врачлар ва тарбиячи-психологлар назорати остидаги махсус муассасаларга жойлаштирилган.

Айни пайтда¸ ўтган ҳафта Ингушетиянинг Қорабулоқ шаҳар суди 3 яшар боласини гадойчилик қилишга мажбурлаган яна бир ўзбекистонлик аёлга нисбатан ҳукм ўқиди.

Маҳаллий суддан олинган маълумотга кўра, исми ошкор этилмаётган Ўзбекистон ватандоши 2018 йилнинг сентябрида маҳаллий масжид олдида боласини одамлардан пул йиғишга мажбурлаганликда гумонланиб, полициячилар томонидан ушланган.

Терговчилар муҳожир аёлда болани тиланчилик қилишга бирор жўяли сабаб бўлмагани, Ўзбекистонда унинг уй-жойи борлиги, шунчаки у Ўзбекистондан айнан тиланчиликка келгани аниқланганини билдирди.

16 апрель куни Қорабулоқ суди ўзбекистонлик аёлга шартли равишда 2 йиллик қамоқ жазоси ва 6 ойлик синов муддати тайинлади.

Россияда тиланчилик қонунан тақиқланиши мумкин

Ингушетияда муҳожирларнинг ўз фарзандларини гадойчиликка мажбурлаш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар тарқаган айни кунларда Россия парламенти тиланчиликни қонунан тақиқлаш тўғрисидаги таклифни муҳокама қилишни бошлади.

Давлат Думаси депутати Сергей Вострецов тиланчилик қилаётганларнинг аксар қисми ё алкогол, ё криминал тизимларга ишлаётгани тўғрисида тахминлар борлигини айтди.

- Тиланчилик билан боғлиқ масалани узил-кесил ҳал қилмоқ зарур. КЎчаларимизда ишга лаёқатли, кўчада қўл чўзмасдан ўзига иш топа оладиган одамлар сони кескин кўпайиб бормоқда, дея хавотир билдирди депутат Вострецов.

Депутат тиланчилик қилаётганларни ишга жойлаштириш ва уй-жой билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилишини таклиф қилди.

Айни пайтда депутат ташаббусида хорижлик тиланчилар ва гадойлар масаласига эътибор қаратилмаган.

XS
SM
MD
LG