Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:27

Икки россиялик Черногорияда давлат тўнтаришига уринишда айбланди


Черногория суди
Черногория суди

10 май куни Черногория пойтахти Подгорица суди 14 нафар шахсни амалга ошмай қолган давлат тўнтариши уринишига алоқадор жиноий ташкилотни тузишда ҳамда террорчиликда айбдор деб топди.

Айбдор деб топилганлар орасида икки нафар Россия ҳарбий разведкаси агентлари бор. Булар Эдуард Шишмаков ва Владимир Попов бўлиб, улар сиртдан суд қилинди.

Таҳлилчилар 19 ой давом этган суд жараёни Болқон давлатларининг НАТО ва Европа Иттифоқи билан интеграциясига халақит қилиш учун Россия кўрган чораларни фош қилганини айтишмоқда.

Болқон давлатлари бўйича мутахассис Жасмин Мужанович:

- НАТОга аъзо давлатда Россия ва Сербия вакиллари давлат тўнтаришини амалга оширишга урингани ҳақидаги суд қарорига гувоҳ бўлиб турибмиз, - деди.

Мужанович Россия ва Сербия уринишлари муваффақиятсиз якунланган бўлса-да, уларнинг ҳаракатлари Черногорияда ва умуман минтақада хавфсизлик вазияти салбий томонга ўзгаришига олиб келганини қўшимча қилди.

Суд бир гуруҳ черногориялик, сербиялик ва россиялик миллатчилар 2016 йилги парламент сайлови чоғида парламентни эгаллаб олиш учун фитна уюштириб, ўша пайтда бош вазир бўлган Мило Жукановичга суиқасд қилиш ва Черногориянинг НАТОга қўшилишига халақит бериш учун россияпараст раҳбариятни ҳокимият тепасига келтиришга уринган, деб ҳукм чиқарди.

НАТОга қўшилиш тарафдори бўлган Жуканович ҳозирда Черногория президенти бўлиб, мамлакатда 1991 йилдан бери ҳокимиятга келган энг қудратли сиёсатчидир.

Юқори лавозимли Россия расмийлари Черногория айбловларини “аҳмоқона” дея таърифлаб, уларни кескин рад этди.

Аммо Британия ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант бу фитнани “Россиянинг Европа демократиясига путур етказишга қаратилган уринишларининг яна бир мисоли”, дея баҳолади.

Европа Иттифоқи 16 йилдан бери Ғарбий Болқон давлатларини иттифоққа қўшиб олиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Аммо Хорватия блокка қўшилиб олинганидан кейин, ушбу масалада сезиларли силжиш бўлмади. Танқидчилар Европа Иттифоқи ички муаммолар билан банд бўлгани учун, Болқон давлатларини интеграция қилиш масаласи эътибордан четда қолаётганини айтишмоқда.

Қолаверса, Европа давлатларида ўтказилаётган сайловларда ўнг қанот популист партиялар ўрин эгаллаётгани иттифоққа янги аъзо қўшиб олиш масаласини мушкуллаштирмоқда.

Carnegie Europe изланувчиси Жуди Демпси:

- Болқон давлатлари бўйича барқарор, узоқ муддатли сиёсатнинг йўқлиги Россия ва Хитой учун қўл келмоқда, - деди.

- Шукурки, бу давлатлар хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда НАТОга таянса бўлади. ... Альянс бўлмаганида, минтақа бундан ҳам ачинарли аҳволда бўлган ва Россия таъсирига янада очиқроқ бўлган бўларди, - дея қўшимча қилди Демпси.

Марказий Европа бўйича мутахассис Милан Нич айрим Европа Иттифоқи давлатлари етарлича хулоса чиқариб, Россия таҳдидларига қарши курашиш учун Болқон давлатлари бўйича сиёсатларини ўзгартирганларини айтди.

Аммо Черногория президенти Жуканович иттифоқ ички ва ташқи можаролар таҳдиди катта бўлган минтақада кўпроқ чора кўриши кераклигига ишонади.

Суд қарори эълон қилинишидан олдин Reuters агентлигига берган интервьюсида президент:

- Россия ва ва Хитой каби учинчи тарафлар минтақада ЕИнинг муайян фаолияти бўлмагани учун ўз фойдасига чора кўрмоқда, - деди.

АҚШ эса Россиянинг Сербия, Косово, Шимолий Македония ҳамда Босниядаги ҳаракатларига қарши курашиш учун Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаментининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича давлат котиби ўринбосари Мэтью Палмер Кремль Болқон давлатларида ўз қизиқишларини кўзлаб чора кўрар экан, Ғарб давлатлари огоҳ бўлиши кераклигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG