Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:34

Ҳибсга олинган жамғарма директорининг хотини эрининг тиббий ёрдамга муҳтожлигини айтди (ВИДЕО)


Журналист Саид-Абдулазиз Юсупов видеоси Фейсбук тармоғи орқали тарқатилди
Журналист Саид-Абдулазиз Юсупов видеоси Фейсбук тармоғи орқали тарқатилди

10 май куни Тошкентда қўлга олинган "Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди" директори Саид-Абдулазиз Юсупов Юнусобод туман судининг 12 май кунги қарори билан тергов якунига қадар 10 кун ҳибсда ушлаб туриладиган бўлди.

Бу ҳақда Озодликка маълумот берган маҳбуснинг яқинларига кўра, Саид-Абдулазиз оғир касаллиги борлиги туфайли тиббий ёрдамга муҳтож.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси маълумотларига кўра, "Юсупов томонидан жуда катта миқдордаги зиённи кўзда тутувчи фирибгарлик фактлари содир этилгани аниқланган".

"Саид-Абдулазиз ​доимий тиббий ёрдамга муҳтож!"

Саид-Абдулазиз Юсуповнининг хотини Дилфуза Юсупова Озодлик билан суҳбатда 12 май куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди прокуратура сўровини қондириб, эрини эҳтиёт чораси сифатида 10 кун қамоқда ушлаб туриш тўғрисида қарор чиқарганини маълум қилди.

"Хўжайинимнинг аҳволлари оғир: оёқлари тромб бўлган - 7 йилча аввал операция бўлган. Юракларида тромб отвормаслиги учун стентлари бор, оёқларининг пастки қисми қон яхши юришмагани учун қорайиб кетган, очиқ яра жойлари бор. Лекин ўша куни адвокат аҳволи яхши эмаслигини айтган. Лекин бизга кўрсатмасдан ўзларини шифокори кўриб, “Қамоқда сақласа бўлади!”, деган хулоса ёзиб берган. Ҳозирда Гвардейский кўчасидаги қамоқхонадалар. Учрашишга рухсат беришмаяпти", деди қамоқда маҳбуснинг аҳволи янада ёмонлашиш хавфи борлигини билдирган Дилфуза Юсупова.

Аёлнинг айтишича, Саид-Абдулазиз Юсупов 2017 йилнинг декабридан буён Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат жамғармаси директорлик лавозимини эгаллаб келаётгани ва шу пайтгача жуда кўплаб блогерларни қўллаб-қувватлаб келганини ҳам қўшимча қилди. Дилфуза эри бу лавозимни эгаллашдан олдин “Маданият ва маърифат” телеканалида “Оқ ва қора” кўрсатувини олиб борган.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси матбуот хизмати Юсуповнинг ҳибсга олиниши юзасидан, (суд қарори чиқишидан олдин) қуйидаги баёнотни берди:

“Юсупов томонидан жуда катта миқдордаги зиённи кўзда тутувчи фирибгарлик фактларининг содир этиш аниқланганлиги нуқтаи назаридан ҳозирда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши масаласи кўрилмоқда. Аниқланишича, мазкур фирибгарлик ҳолати Юсупов томонидан содир этилган рецидив жиноят бўлиб, аввал хам ЖКнинг ушбу моддаси буйича жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган. Юсупов ўзини ёлғондан ДХХ масъул ходими деб билдириб, узоқ вақт давомида фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олганлиги фактлари аниқланган”, дейилади расмий ҳужжатда.

Президентга видеомурожаат

Дилфуза, айни дамда, Саид-Абдулазиз Юсупов ўзига бошланган босим остида 2017 йилда Туркияга чиқиб кетгани, у ерда видео ёздириб, Ўзбекистонга “катта умидлар” билан қайтиб келгани, бу видеоёзувни эса укасига топширганини билдирди.

12 май куни Facebookда Саид-Абдулазизнинг укаси экани айилаётган Муҳаммад Юсупов cаҳифасида Саид-Абдулазиз Юсуповнинг президентга мурожаат қилган видеоси пайдо бўлди ва қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Видеода 1982 йилда туғилган Юсупов унга нисбатан очилган жиноий иш унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлганлигини иддао қилади. Саид-Абдулазиз Юсупов ўзини президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатнинг ашаддий ҳимоячиси эканига ҳам алоҳида урғу бераётганини кўриш мумкин.

Саид-Абдулазиз Юсупов ҳақида нималар маълум?

Маҳбуснинг яқинлари Саид-Абдулазиз Туркияда Мирзиёев ҳақида "Янги Ўзбекистон: ривожланиш стратегияси ва либераллашув" номли рус тилида китоб чоп этишга тайёрланаётгани пайтида ҳибсга олинганини маълум қилди.

Шу билан бирга, “Дарё.уз” нашри ўзининг ДХХдаги ишончли манбасига таяниб ушбу видеомурожаат юзасидан баёнотни тақдим этди.

ДХХга бир гуруҳ фуқаролар (жабрланувчилар исми ошкор этилмаган - Озодлик) мурожаат қилиб, Саид-Абдулазиз Юсупов улардан фирибгарлик йўли билан, ўзини махсус хизматлар ходими сифатида таништириб, 65 минг, 28 минг ва 15 минг АҚШ долларини олганини маълум қилган”, деб ёзди нашр.

Аниқланишича, Ўзбекистонга қайтиб келган Саид-Абдулазиз Юсупов 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноий жавобгарликка тортилиб, судланган шартли жазо тайинланган.

Айни дамда, ижтимоий тармоқларда Саид-Абдулазиз шахсига ва у бошқараётган тузилмага оид турли маълумотлар тарқала бошлади.

Айрим Фейсбук фойдаланувчилари Саид-Абдулазиз Юсуповни Интернетнинг ўзбек сегментидаги “блогерлар ва журналистлар армияси бошқарувчиси” экани ва “Ватан шаънини булғайдиган хорижий ОАВ билан ишлашда” айблаётган бўлса, бошқалари уни "маддоҳликда", учинчилари "Юсупов «иши»нинг Мирзиёев тарафдорларининг «овозини ўчириш» операцияси деб баҳоланиши мумкинлигини" тўғрисида баёнот тарқатаётганини кўриш мумкин.

Юсупов бошқариб келган жамоатчилик фонди “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” танлови ташаббусчиларидан биридир.

Юсупов бошқариб келган Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди 2005 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 3680 –сонли Қарори билан тузилган.

Бу жамғарманинг асосий мақсади “мамлакатда мустақил, замонавий демократия ва босма оммавий ахборот воситалари стандартлари талабларига жавоб бера оладиган, уларнинг моддий-техник базаси ва кадр потенциалини қўллаб-қувватлаш” экани кўрсатилган. Бироқ ҳозирда жамоатчилик фонди расмий сайтига кирмоқчи бўлганимизда, "Подписка mmf.uz заблокирована" деган ёзув чиқди, яъни сайт очилмади.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни фирибгарликда айбланиб қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG