Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Бишкек яқинидаги икки қишлоқда оммавий муштлашув юз берди


Ўрўқ қишлоғи.
Ўрўқ қишлоғи.

Қирғизистон пойтахти Бишкек яқинидаги Сўқулуқ туманидаги икки қишлоқда 5 июнь куни оммавий муштлашув содир бўлди.

Бишкек яқинидаги икки қишлоқда оммавий муштлашув. Расмийлар ҳодиса миллатлараро низо эмаслигини айтмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00

Бир-биридан 40 километр узоқликда жойлашган Жани-Жер ва Ўрўқ қишлоқларида Рамазон ҳайити намози ўқилганидан сўнг икки-уч ўсмир ўртасида муштлашув бўлган. Кейин бу муштлашувга каттароқ ёшдагилар қўшилган.

Маҳаллий ҳокимият, милиция ва фаолларнинг тезкор аралашуви билан қишлоқлардаги вазият назорат остига олинди.

-Ёшларимиз ўртасида кичгинагина инцидент бўлди. Айрим одамлар буни каттароқ жанжалга айлантиришга ҳаракат қилдилар. Катта авлод бу жанжални тўхтатди ва томирини қирқди, жанжалнинг катталашиб кетишининг олдини олди. Биз ёшларни яраштирдик, деб ҳисоблаймиз. Чунки уларнинг бир-бирларига агрессияси йўқ,-деди Жани-Жер қишлоғи фаоли Абдулла Эфендиев.

Халқ дипломатияси ортидан бу қишлоқда ҳеч ким милиция томонидан қўлга олинмади. Аммо Ўрўқ қишлоғидаги оммавий муштлашув оқибатида милиция 32 одамни қўлга олган. Улар бир неча соатдан сўнг қўйиб юборилган.

-Икки бола оғир аҳволда, деб айтишаяпти-ку. Ўша болалардан бири менинг ўғлим. У 3-болалар касалхонасида ётибди. Қайнағамнинг боласи оғир аҳволда реанимацияда. Улар ҳайит намозидан чиққанидан кейин икки ака-ука уларни ушлаб олиб дўппослаган,-деди жабрланган болалардан бирининг онаси Чўлпўн Аширбаева.

Милициянинг билдиришича, “Безорилик” моддаси асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида Ўрўқ қишлоғида яшаган 23 ва 15 ёшдаги икки шахс ҳибсга олинган.

Қирғиз ҳукумати расмийлари жамоатчиликни “бу воқеаларни миллатлараро низо” сифатида талқин қилишдан тийилишга чақирмоқда.

-Ҳозир вазият яхши. Ёш болалар ўртасидаги бир инцидент бўлди бу. Тушунтириш ишларини олиб бордик. Ҳозир ҳаммаси яхши, -деди ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов.

Жани-Жер ва Ўрўқ қишлоғи аҳолиси бу каби ҳодисалар тез-тез содир бўлиб туришини айтмоқдалар. Улар бундай жанжалларга барҳам бериш учун милициядан қатъийроқ ҳаракат қилишни талаб этмоқда.

-Ҳар йили бу каби воқеалар бўлиб туради. Бу ерда турли миллат вакиллари бирга яшайди. Биттаси ёмон бўлса, ҳаммаси ёмон деган гап эмас-да. Шунинг учун ўзимиз босди-босди қилиб ташлаймиз. Айримлар эса бу каби воқеаларни бўрттириб, жанжални катталаштириб юбормоқда. Катта ёшдаги турли миллат вакиллари иноқмиз, билмаймиз, болалар нималарни бўлиша олмайди. Бироқ бундай жанжалларга барҳам бериш учун қатъийроқ чоралар кўриш керак,- дейди Ўрўқ қишлоғи турғунларидан бири.

Маълумотларга қараганда, Ўрўқ қишлоғига 5 июнь куни кечқурун Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Денгиз Комил Фират борган ва аҳоли билан учрашган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 6 июнь куни элчининг мазкур қишлоққа бориши юзасидан махсус йиғилиш ўтказилишини ва унинг хулосаси жамоатчиликка эълон қилинишини билдирди.

XS
SM
MD
LG