Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Трамп Эрон олий раҳбари ва "Инқилоб посбонлари" раҳбарларига қарши санкция жорий қилди


АҚШ президенти Дональд Трамп
АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга янги санкцияларни жорий қилиш бўйича қарорни имзолади.

Янги санкциялар нишонга олувчи шахслар орасида Эрон олий раҳбари Оятулллоҳ Али Хоманаий ҳам бор.

24 июнь куни Трамп янги санкциялар Хоманаий ва унга яқин шахсларнинг “муҳим молиявий ресурслар ва ёрдамдан фойдаланишини” чеклашини, бу чора Эроннинг кейинги ҳафталардаги “иғвогарона” ҳаракатларига жавоб эканлигини таъкидлади.

АҚШ президентни Эрон ўзининг “хавфли фаолияти ва режаларини”, жумладан, ядровий қурол ва баллистик ракета ишлаб чиқариш уринишлари ҳамда терроризмни қўллашни тўхтатмагунича мамлакатга босим ўтказишда давом этишини қўшимча қилди.

Аввалроқ АҚШ молия вазири Стивен Мнучин Трамп унга Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифга қарши санкция жорий қилишга рухсат берганини айтган эди.

Кузатувчиларнинг айтишича, АҚШ президентининг бу қарори президент маъмурияти Эрон билан зиддиятни йўқотишга уринмаётганидан дарак беради.

Зариф Трамп маъмуриятини “урушга чанқоқликда” айблади.

Эроннинг БМТдаги вакили Мажид Тахт Раначи эса ўз мамлакати санкциялар таҳдиди остида АҚШ билан музокара олиб бормаслигини таъкидлади.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аббос Мусовий АҚШнинг Хоманаий ва Зарифга қарши “фойдасиз” санкциялар дипломатия эшикларини бутунлай ёпганини айтди.

21 июнь куни Трамп Эронни халқаро ҳаво ҳудудида учувчисиз бошқариладиган разведка дронини уриб туширишда айблаб, мамлакатга қарши ҳарбий ҳужум уюштириш режасини тасдиқлаганини, аммо кейинроқ ўз фикридан қайтганини маълум қилган эди.

Эрон эса АҚШ разведка дрони ўз ҳаво ҳудудига учиб ўтганида уриб туширилганини айтиб, АҚШнинг “ҳар қандай агрессиясига қарши тегишли жавоб қайтаришга тайëр”лигини таъкидлади.

Ой бошида Уммон кўрфазида икки нефть танкерига ҳужум қилинган, АҚШ ҳужумларда Эронни айблаган эди. Аммо Теҳрон бу айбловларни рад этиб келади.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 24 июнь куни Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари етакчилари билан учрашди. Помпео улар билан бирга Теҳронга қарши коалиция тузишни истайди.

Бу орада Трамп Эрон билан можаро бошлашни хоҳламаслигини, Теҳрон билан тез орада келишувга эришишга умид қилишини айтди.

24 июнь куни имзоланган санкциялар Эрон "Инқилоб посбонлари"нинг саккиз нафар юқори мулозимини ҳам нишонга олади.

Санкциялар уларнинг АҚШдаги мулкини музлатиб, ҳар қандай шахс ёки ширкатнинг улар билан молиявий ҳамкорлик қилишини чеклайди.

Санкциялар миллиардлаб доллар қийматга эга Эрон мулкларини музлатиб қўяди.

Трамп 2015 йилда АҚШ Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

АҚШ президенти 2018 йилдан бери 900 дан ошиқ эронлик шахс ва ширкатга қарши санкция жорий қилди.

Натижада 2018 йилда Эрон иқтисоди 4 фоизга қисқарди.

Халқаро валюта жамғармаси бу йил Эрон иқтисоди яна 6 фоизга қисқаришини башорат қилмоқда.

Бу орада Эрон валютаси кескин қадрсизланди.

Ой бошида Трамп маъмурияти Эроннинг энг йирик нефть-кимё ширкати "Persian Gulf Petrochemical Industries Company"га қарши санкция жорий қилган эди.

XS
SM
MD
LG