Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:24

Москва думасига номзодини кўрсатган Навальний ёрдамчисига тазйиқ ўтказилмоқда


Навальний ёрдамчиси Любовь Соболь тарафдорлари даврасида
Навальний ёрдамчиси Любовь Соболь тарафдорлари даврасида

31 ёшли Любовь Соболь сентябрга белгиланган Москва шаҳри думаси сайловларида номзодини кўрсатиш учун 6 июлгача 4500 имзо тўплаши керак.

Аммо Соболь оддий номзод эмас – у мухолифатчи Алексей Навальний асос солган коррупцияга қарши жамғармада суриштиришлар ўтказиш билан шуғулланиб келади.

Хусусан, Соболь Москва мэри Сергей Собянин ва унинг шериклари шаҳарга тегишли уйларни ноқонуний тарзда хусусийлаштириб олаётганини ўрганиб келади.

Шунингдек, Соболь президент Владимир Путиннинг яқин дўсти, олигарх Евгений Пригожин бошқарувидаги ширкат Москва мактабларига ноқонуний шартнома асосида паст сифатли егулик тарқатаётганини ҳақидаги иддаоларни ўрганиб келади.

Шу сабаб расмийлар унинг Москва думасига номзодини кўрсатишига қарши турли йўллар билан курашмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Соболь шундай эди:

- Москва мэрияси бу ишни қилаётганига шубҳам йўқ. Улардан бошқа ҳеч кимга керак эмас бу, чунки мэрия қўллаётган номзодлардан бошқа номзодлар орасида менинг сайлов қоғозига киритилишимга қаршилар йўқ. Бу президент маъмурияти ёки Москва мэрияси иши деб ишонаман. Аслида, уларнинг иккиси тил бириктириб олган, деб ўйлайман, дейди Соболь.

У вақтини имзо тўплаш пунктларида полиция солаётган таҳдидни бартараф қилиш билан ўтказаётганини айтди.

Собольнинг сўзларига кўра, полиция имзо тўпловчиларни қўрқитаётган бўлса-да, ўзи шаҳар думасига номзод бўлгани учун унга зўравонлик қилишга қурби етмайди.

Бундан ташқари, Соболь “баҳайбат шахслар” уни қўлловчиларга тазйиқ ўтказаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу безорилар имзо тўплаётганларни ҳақоратлаб, зўравонликларини телефонга ёзиб олмоқчи бўлганларнинг телефонларини тортиб олмоқда.

22 июнь куни уч имзо тўплаш нуқтасига ҳужум қилинди.

Вандаллар икки пунктда ишлаётган кўнгиллилар устига бир пақир ахлат ағдарди.

Қолаверса, Соболга кўмаклашаётган координаторнинг шахсий телефон рақами гей секс сайтида улашилди.

Бу орада Кремлни қўлловчи бир неча шахсни Соболь номзод бўлишни истаётган туман номидан номзод этиб кўрсатилди.

Бошида нодавлат ташкилот етакчиси Анна Федермессер ўз номзодини кўрсатди.

Аммо Федермессер 7 май куни Навальний тарафдорлари унга қарши онлайн кампания бошлаганини айтиб, номзодликдан воз кечди.

Унинг ортидан актёр Андрей Цоколов ҳамда футболчи Дмитрий Буликин 43-туман ўрни учун мустақил номзод бўлиш истагини изҳор қилишди.

Соболдан бошқа номзодлар ҳам бу каби тазйиқларга дучор бўлмоқда.

Илья Яшин, Дмитрий Гудков, Кирилл Гончаров ва бошқа номзодлар ҳам улар учун имзо тўплаётган шахсларга ҳужум қилишганини маълум қилишди.

26 июнь куни Навальнийнинг Санкт-Петербургдаги координатори Александр Шуршевга номаълум шахслар ҳужум қилгани маълум бўлди.

- Улар 1990 йиллардаги услублардан фойдаланиб, бизга қарши курашмоқда, - дея хулоса қилди Соболь.

Соболь, шунингдек, турмуш ўртоғи ва уни номаълум шахслар кузатиб юрганини айтди.

Унинг фикрича, бу ҳолат унинг Пригожин ширкатлари бўйича ўтказган тафтишлари билан алоқадор.

Москвадаги ресторан бизнесидаги роли учун “Путиннинг ошпази” номини олган Пригожин хусусий жангарилар хизматларини кўрсатувчи ширкатга эгалиги айтилади.

Бундан ташқари, АҚШ разведка қўмитаси қароргоҳи Санкт-Петербургда бўлган “Россия тролл фабрикаси” деб номланувчи “Интернет тадқиқот агентлиги” ҳам Пригожинга тегишли эканини билдирган.

Бу агентлик АҚШда 2016 йилда ўтган президентлик сайлови пайтида Трампни олқишлаб, Клинтонни ёмонотлиқ қилиш учун курашганига оид ҳисобот АҚШ разведкаси томонидан эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG