Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:29

Жанубий Кореяда пичоқлаб ўлдирилган ўзбек муҳожири жасади Ургутга келтирилади


Жанубий Кореяда расман 32 минг ўзбекистонлик ишлаб келади
Жанубий Кореяда расман 32 минг ўзбекистонлик ишлаб келади

Жанубий Кореяда ўз ҳамқишлоғи томонидан пичоқланган меҳнат муҳожирининг жасади 5 август куни Тошкентга келтирилади. Гувоҳларга кўра, 41 яшар ургутлик Рашид Тўраевни ўлдирганликда гумонланиб, унинг ҳамқишлоғи қўлга олинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, қотилликда гумонланган ўзбекистонликка нисбатан "қотиллик" моддаси асосида жиноят иши очилган. ​

Жорий йилнинг 5 август куни Жанубий Кореядан Тошкент орқали Самарқандга ўз қишлоқдоши томонидан ўлдирилган 42 яшар Рашид Тўраев жасади олиб келинмоқда.

Озодликка бу хабарни тасдиқлаган марҳумнинг танишларидан бирига кўра, Рашид Тўраев 6 август куни ўзи таваллуд топган Муродқишлоқда дафн этилади.

Унинг айтишича, Сеул шаҳри атрофидаги кема созловчи доклардан бирида ишлаб келган Рашидни ўлдирганликда гумонланиб, С.С. исмли унинг қўшниси маҳаллий полиция томонидан қўлга олинган.

- 1973 йилги С. билан Рашид гаштакда ўтиришиб, бирга чиқиб кетишган. Жанжал маиший сабабга кўра бўлган, дейишаяпти. Улар гапда спиртли ичимлик ҳам ичган экан. Рашид ўзи олдин ҳарбий бўлган, шу ичкилик орқасидан ҳайдалиб кетганди: ичса жанжал қиладиган одати бор эди. Кореяга жетон ўйнаб, биржа орқали кетувди ишлагани. Учта майда-майда боласи етим қолди. Бугун ўликни кечаси Тошкентга отпускага келаётган ҳамқишлоғи олиб келяпти, деди у.

Бундан олдинроқ Жанубий Кореянинг Кёнгбук вилоятида 1 август куни ўз ватандошини ўлдирган ўзбекистонлик қамоққа олингани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 1 августга ўтар кечаси Ўзбекистон фуқаролари Р.Т., ва С.С., ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал оқибатида Р.Т., жароҳат олган ва вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

“Элчихона мазкур вазиятни назоратга олган ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг вакиллари билан ҳамкорликда марҳумнинг жасадини ватанга юбориш бўйича консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда”, дейилади Ташқи ишлар расмий маълумотида.

Озодлик билан суҳбатлашган ургутликнинг айтишича, бу икки муҳожир ўртасидаги жанжал бир қишлоқда яшовчи йигитларнинг гап-гаштаги пайтида келиб чиққан ва болани ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлган.

"Улар Рашиднинг пичоқланганига эътибор беришмаган, унга ишонишмаган бошида. Кейин қон келаётганини кўриб, тез ёрдам чақиришган. Унгача уни иши пишиб бўлган – қон кўп кетиб қолган экан," деди ҳодиса тафсилотларидан хабардор шахс.

Муҳожир йигит Самарқанд вилояти Ургут тумани Муродқишлоқ фуқаролар йиғинида яшаб келган.

Жанубий Кореяда ишлаётган ургутликларга кўра, ҳибсга олинган 42 яшар С.С. ҳозирда полиция ҳибсхонасида қолмоқда.

Улар қотилликда гумонланган йигитнинг Жанубий Кореяда нолегал тарзда 10 йилдан ортиқ вақт давомида яшаб келаётгани айтди.

Исмини ошкор қилмаган ўзбекистонлик Муродқишлоқнинг ўзидан Жанубий Кореянинг турли ҳудудларида 14 нафар шахс меҳнат муҳожиратида юрганини билдирди.

Унинг қўшимча қилишича, Муродқишлоқликлар Кореяда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қурилиш ва завод-фабрикаларда ишлашмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ўтган йиллар давомида Жанубий Кореяда 31 628 нафар ўзбекистонлик иш билан таъминланган.

XS
SM
MD
LG