Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Профилактика инспекторларининг хизмат уйларида яшаши мажбурий бўлди


Жиззах ИИБ ногиронларга пиёз тарқатмоқда
Жиззах ИИБ ногиронларга пиёз тарқатмоқда

Тошкент вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар Профилактикаси Бошқармаси (ҲПБ) бошлиғи 5 августда чиқарган буйруққа кўра, Тошкент вилоятида ишлаëтган профилактика инспекторларининг фақат ўз хизмат ҳудудидаги хизмат уйларида яшашлари қатъий назоратга олинди. Шунингдек, профилактика инспекторлари зиммасига ҳар куни бештадан маъмурий баённома тузиш юклатилди. ​

(Буйруқ нусхаси Озодликда бор)

"Хизмат уйида" эмас, ҳовлида яшамоқда

Буйруқнинг чиқишига, подполковник рутбасидаги ИИБ ходимининг Озодликка айтишича¸ аксарият профилактика инспекторлари давлат тарафидан ажратилган хизмат уйларида яшамаëтгани ва ишдан кейин ўз ҳовлисига кетиб қолаëтгани сабаб бўлган.

ИИБ мулозимига кўра¸ ПҚ–4075-сонли "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига асосан ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январдаги кенгайтирилган йиғилиши баёнига мувофиқ, профилактика инспекторларига хизмат квартиралари ажратилган:

"Инспектор ўзи яшайдиган ҳудуд муаммоларидан куну-тун хабардор бўлсин¸ дея давлат уларга квартира ажратиб берди. Лекин инспекторлар бу квартирани қулфлаб қўйиб, ўз уйларидан ишга қатнаб юришибди. Чирчиқдаги инспектор Тошкентдаги уйига¸ Чорвоқдаги эса Хумсондаги ҳовлисига кетиб қолаяпти. Бу ҳолатга нуқта қўйиш учун вилоят ИИБ ҲПБ бошлиғи Ҳамиджон Зокиров инспекторларининг хизмат уйларида яшашини мажбурий қилиб қўйди"¸ деди подполковник.

Озодликда нусхаси бўлган буйруқ Тошкент вилоятидаги барча шаҳар-туман ИИБ бошлиқларининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда шаҳар-туман ИИБ ҲПБ бошлиқлари номига юборилган.

Буйруққа кўра, профилактика инспекторларининг хизмат уйларида яшашини шаҳар-туман ИИБ бошлиқларининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда шаҳар-туман ИИБ ҲПБ бошлиқлари кундалик назоратга олиши лозим.

"Профилактика инспекторларининг ҳар бири ўз хизмат ҳудудидаги хизмат уйларида яшашлари таъминланиши ва уларнинг айнан хизмат уйларида тунашини назоратга олиниши йўлга қўйилсин", дейилади буйруқда.

Озодлик билан 5 август куни суҳбатлашган ва исми эфирда эълон қилинмаслигини сўраган ИИБ подполковнигининг айтишича¸ "участка нозири ва профилактика инспектори ўзи ишлаëтган маҳалла ҳудудида яшаши керак" деган ғоя президентдан чиққан:

"Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январдаги кенгайтирилган йиғилиши пайтида президент инспекторлар ўз ҳудудида уй билан таъминлансин, дея вазифа қўйган эди. Тўғри қарор. Аммо, битта лекини бор. Масалан, Тошоблдаги инспекторни танийман. Унга бетондан бўлган уч хонали дом хизмат уйи қилиб берилди. Ҳолбуки, унинг Хондойлиқ қишлоғида салқин ҳовлиси бор. Ўша ҳовлида яшашга ўрганиб қолган. Домда яшай олмайди. Ҳозир энди ишдан кетмаслик учун мажбур яшаяпти. Бола чақаси эса Хондайлиқда", дейди суҳбатдош.

Президент Мирзиëев 2017 йилда Наманган вилоятига ташрифи доирасида Наманган шаҳридаги "Орзу" маҳалласидаги профилактика инспектори яшаш жойи билан танишганида "ҳар бир инспекторга давлат хизмат квартираси бериши керак" деб айтганди.

- Профилактика инспекторлари хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар асосида машиналар билан таъминланса уларнинг иши самарали бўлади, дея таъкидлаган эди Мирзиëев.

Кунига бешта маъмурий баëннома тузиш буюрилди

Тошкент вилояти ИИБнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Ҳамиджон Зокиров имзолаган буйруқда профилактика инспекторлари зиммасига қатор янги мажбуриятлар юклатилади.

Эндиликда "ҳар куни ҳар бир профилактика инспектори камида беш донадан маъмурий баённома тузиши, тузилган маъмурий баённома асосида солинган жаримани ундириши, маъмурий назорат қонуни остига тушувчи илгари судланган шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ҳамда маъмурий назоратга олинган ва профилактик ҳисобда турган барча тоифадаги шахслар билан кунлик профилактик суҳбатлар ўтказиши" шарт.

Бундан ташқари профилактика инспектори "профилактик йиғма жилдларни ва таянч пунктида юритилаётган китоб ва журналларни ўз вақтида сифатли юритиши" лозимлиги ҳам буйруқда таъкидланган.

Инспекторларнинг бу вазифаларни бажариши устидан назорат туман ва шаҳар ИИБ раҳбарларига юкланган.

Озодлик суҳбатлашган ИИБ подполковниги буйруқдаги яна битта жойига эътибор қаратди:

"Ходимлардан доимий равишда хушмуомала бўлиш ҳам буйруқда таъкидланган. Энди ИИБ инспектори ўз асосий иши қолиб¸ туман аҳолисидан жарима ундириш¸ аҳоли сонини рўйхатга олиш ва маҳалла оқсоқоли топширган жамоат ишлари билан шуғулланса, қандай қилиб кулиб туришга ҳоли етади. Шу ортиқча ишлар сабаб инспекторнинг жиноятни олдини олиш каби асосий ишига вақт қолмаяпти."

Унинг яна айтишича¸ ИИБ ходимлари касби билан боғлиқ бўлмаган ишлар билан "кўмиб ташланган".

"Нега бошқа идора қилиши керак бўлган вазифани участка инспектори бажариши лозим? Бизнинг вазифамиз қарз ундириш эмас¸ балки жиноятчиликка қарши кураш-ку", дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Озодлик мухбирининг саволларига "аккредитациянгиз йўқ," дея жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG