Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:15

Олий ҳарбий судда МХХ собиқ полковниги Тўрақулов иши бўйича янги маҳкама бошланди


5 сентябрь куни Ўзбекистон Олий ҳарбий суди ДХХ Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов ишини кассация тартибида кўришни бошлади.

Мазкур иш Тўрақуловдан жабрланганлардан бирининг шикоят аризасига кўра қўзғатилган.

Ушбу судлов Тўрақулов билан боғлиқ Озодликка маълум учинчи маҳкамадир.

Тўрақуловга очилган илк маҳкама ўтган йилнинг 25 октябрида якунланиб, ДХХ собиқ полковниги 14 та модда бўйича айбдор деб топилган ва 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Кейинчалик Тўрақулов устидан яна 10га яқин модда бўйича янгидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда маҳкама давом этмоқда.

5 сентябрь куни Ўзбекистон Олий ҳарбий судининг кассация судлов ҳайъати томонидан Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ - собиқ МХХ) собиқ полковниги Нодир Тўрақуловга оид жиноят иши кассация тартибида қайта кўрила бошлади. Бу ҳақда Озодликка ҳарбий ҳайъатнинг жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган мулозими маълум қилди.

Нодир Тўрақулов
Нодир Тўрақулов


Кассация судлов ҳайъати томонидан кўрилаётган ушбу иш Нодир Тўрақуловдан жабрланганлардан бири – Германиянинг International Spedition Willi Bets ширкатининг Ўзбекистондаги вакилларининг шикоят аризаси асосида қўзғатилган.

Мазкур маҳкамага оид Озодлик қўлга киритган ҳужжатларга кўра, жабрланувчи томон Нодир Тўрақуловни немис ширкатига қарашли 17 дона Mercedes Bens Aktros автомашинасини ноқонуний ҳибсга олиб, ширкатга 4 800 000 Евро миқдорида зарар етказганликда айбламоқда.

2018 йилнинг 25 октябрь куни Нодир Тўрақуловга оид маҳкама ҳайъати немис ширкати вакилларининг даъво аризасини қаноатлантирмасдан рад қилган.

Жиноят ишида процессуал Кодекснинг давлат сирларига оид қисми мавжудлиги боис суд ёпиқ тарзда ўтмоқда.

Озодлик Нодир Тўрақулов ва унинг шерикларига оид жиноят ишлари борасида Ўзбекистон Бош прокуратурасидан бир неча бор маълумот сўради. Бош прокуратура Тўрақулов иши бўйича бирор изоҳ берилмаслигини маълум қилган.

Биринчи иш: Тўрақуловга 16 йиллик қамоқ

2018 йилнинг 25 октябрида МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва 81 миллион 92 минг сўм жаримага тортилди.

7 сентябрь куни Озодлик Нодир Тўрақуловга оид илк маҳкама бўйича матбуотга шу пайтгача маълум бўлмаган маълумотларни аниқлади.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатга кўра, илк маҳкама Нодир Тўрақуловни Жиноят кодексининг жами 14та моддаси бўйича айбдор деб топган:

  • 165-модда (Товламачилик)нинг 3-қисми “а” банди;
  • 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)нинг 3-қисми, “а,в” бандлари;
  • 209-модда (Мансаб сохтакорлиги)нинг 2-қисми, “а,в” бандлари;
  • 210-модда (Пора олиш)нинг 3-қисми, “а” банди;
  • 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш)нинг 1-қисми;
  • 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш)нинг 2-қисми, "а,в" бандлари
  • 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш)нинг 3-қисми;
  • 230-модда (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш)нинг 2-қисми;
  • 234-модда (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш)нинг 2-қисми;
  • 235-модда (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш)нинг 2-қисми, “а,в,г,д”бандлари;
  • 236-модда (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш)нинг 2-қисми;
  • 238-модда (Ёлғон гувоҳлик бериш)нинг 3-қисми;
  • 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
  • 301-модда (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисми;

Иккинчи иш: Тўрақулов яна 10га яқин модда бўйича айбланмоқда

Нодир Тўрақулов иши бўйича гувоҳлар ва жабрланувчилар билан суҳбатлашган "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, Тўрақуловга нисбатан очилган иккинчи жиноят иши доирасида у яна 10га яқин модда бўйича айбланмоқда.

Ташановга кўра, Нодир Тўрақуловга нисбатан одам ўғирлаш, қотиллик, қийноққа солиш сингари яна ўнга яқин модда билан очилган жиноят иши маҳкамага оширилган. Суд ёпиқ ўтаётгани боис маҳкама тафсилотлари Озодликка маълум эмас.

Тўрақуловнинг жиноий шериклари

Олий суд Ҳарбий ҳайъатида Нодир Тўрақулов билан биргаликда МХХ мулозимлари, прокурор, милиция ва тадбиркорлардан иборат, бир гуруҳ шахслар ҳам судланди.

Шу пайтгача улар сони 12 нафар экани айтиб келинаётган эди.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатда Тўрақулов билан биргаликда қора курсига ўтирганлар сони жами 19та экани қайд қилинган:

1. МХХ раисининг Ички хавфсизлик масалалари бўйича собиқ ўринбосари, генерал-майор Ҳаёт Шарифхўжаев

2. МХХ раисининг собиқ ўринбосари, полковник Шуҳрат Тошпўлатов

3. МХХ терговчиси, полковник Нодир Тўрақулов

4. Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари, МХХ куратори Алишер Акмалов

5. МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими терговчиси, подполковник Ф. Эргашев

6. Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Р.Назаров

7. Сурхондарё вилоят прокуратураси терговчиси Шерали Аҳмедов

8. И. Игамбердиев

9. А.Ачилов

10. Б. Баҳромов

11. У. Бердимуродов

12. Э. Наркабилов

13. О. Сатторов

14. Ш. Эшқобилов

15. З. Пирматов

16. Н.Бегежанов

17. А. Расулов

18. Ш. Маманазаров

19. Б. Тўрақулов

Рўйхатдагиларнинг айримлари лавозими ҳақида Озодликда маълумот йўқ. Судланганларнинг 6 нафари - сурхондарёлик ва андижонлик тадбиркорлар экани айтилган.

Тўрақулов - “Жасорат” медали соҳиби

Тўрақулов Нодирбек Дилмуродович 1976 йил 12 октябрда Андижон шаҳрида туғилган. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор.

У олий маълумотли, полковник унвонига эга.

Тўрақулов давлат мукофоти- “Жасорат” медали билан тақдирланган.

Собиқ МХХ терговчиси Тўрақулов Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан 2018 йилнинг 14 февраль куни Тошкентда қамоққа олинган эди.

ОЗОДЛИК СУРИШТИРУВИ: МХХ ВА НАРКОТРАФИК (ВИДЕО)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:14 0:00

Мирзиёев танқиди ва ДХХга айланган МХХ

Тўрақулов қамоққа олинганидан кейин у ишлаган МХХ идораси раҳбари Давлат хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилди¸ уни 23 йил давомида бошқариб келган қудратли генерал Рустам Иноятов ўрнига¸ ўтган йилнинг 30 январь куни мамлакат Бош прокурори бўлиб ишлаган Ихтиëр Абдуллаев тайинланди.

Ихтиёр Абдуллаев ўтган йилнинг 16 март куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ўз идораси мулозимлари¸ хусусан унинг собиқ полковниги Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган тадбиркорлар, корхона-ташкилотлар раҳбари ва собиқ ҳокимлар билан шахсан учрашув ўтказган эди.

Жорий йилнинг 8 февраль куни Ихтиёр Абдуллаевнинг ўзи ҳам лавозимидан бўшатилиб, ҳибсга олинди.

Айни кунларда Ўзбекистон собиқ Бош прокурори¸ Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев устидан ҳам маҳкама жараëни давом этмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG