Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Туркманистонда аёл ҳайдовчилар гувоҳномалари узайтирилмаяпти


Туркманистон пойтахти Ашхободда йигирма йилдан бери транспорт воситасини бошқариб келган аёл гувоҳномаси узайтирилмади.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган аёлнинг айтишича, тегишли идораларга ўн марталаб борган, аммо гувоҳномаси нима сабабдан узайтирилмагани ҳақида тайинли изоҳ ололмаган.

Аёл умрида бирор марта қоида бузгани учун жаримага тортилмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, гувоҳномаси узайтирилмагани сабаби кўрсатилган расмий ҳужжат талаб қилганида, расмийлардан бири “юқоридан” шундай буйруқ бўлганини айтган.

Озодликнинг Туркман хизматига яна бир неча аёл кейинги ойларда шунга ўхшаш вазиятга дучор бўлганини ҳикоя қилиб берди.

Туркманистонда ҳайдовчилар 10 йилда бир марта гувоҳномаларини янгилаши керак.

Эркак ҳайдовчилар ўртасида ўтказилган норасмий суриштирувда улар гувоҳномаларини муаммосиз узайтираётгани маълум бўлди.

Озодлик билан суҳбатлашган аёлларнинг айтишича, гувоҳномаларни узайтириш билан боғлиқ муаммолар олдиндан бўлиб келган, аммо аёлларга узил-кесил рад жавобини бериш бир неча ой олдин бошланган.

Бу орада Туркманистонда аёллар транспорт воситасини бошқаришига қарши кураш олиб борилаётгани иддао қилинмоқда. Хусусан, хабарларга кўра, полиция аёлларни сабабсиз тўхтатиб, оғир бўлмаган қоидабузарликлар учун уларнинг гувоҳномасини олиб қўймоқда.

Гувоҳномадан айрилган аёл бошқа аёллар ҳайдовчилар ҳам муаммоларга дучор бўлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, расмийлардан қачон гувоҳнома ола олиши ҳақида сўраганида, буйруқ бўлганидан кейин шаҳарда миш-миш тарқалишини айтишган.

Кейинги ойларда ўнлаб аёл қўшимча ғилдирак ёки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш дори-дармонлар қутиси йўқлиги учун гувоҳномасидан айрилганини маълум қилди.

Жорий йилнинг февраль якунида пойтахт кўчаларидан бирида полиция бирданига 20 нафар аёл ҳайдовчини тўхтатгани хабар қилинган эди.

Хабарларга кўра, баъзи кунларда 100 дан ошиқ аёл машинаси чала аптечка, носоз қўшимча ғилдирак ёки огоҳлантирувчи учбурчак белги йўқлиги учун жарима майдончасига олиб кетилган.

Сентябрь ойида Озодлик радиоси туркман хизмати Ашхободда полиция аёл ҳайдовчиларини тўхтатиб, гувоҳномаларини олиб қўяётганини хабар қилган эди.

Мамлакат расмийлари Озодликнинг ўнглаб мурожаатига қарамасдан, аёл ҳайдовчилар нишонга олинаётгани ҳақидаги иддаоларга расмий изоҳ берган йўқ.

Ҳатто ҳукуматнинг қуйи қатламларида президент маъмурияти аралашувисиз бирор чора кўрилмайдиган мамлакатда аёлларнинг машина ҳайдашини чеклаш буйруғи президент Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуси эканини тахмин қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG