Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

Термизда эҳтимолий ҳужумга шайлик "амалий синов"дан ўтказилди (ФОТО)


Сурхондарёда Термиз шаҳри хавфсизлигини таъминлаш мақсадида "махсус тактик амалий ўқув машғулоти" ўтказилди.

Расмий хабарга кўра, машғулот воситасида Термиздаги барча ҳарбий ва мудофаа тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий ҳокимият органларининг эҳтимолий ҳужумга тайёргарлик ҳолати "амалда синовдан ўтказилган".

Термиз Ўзбекистон жанубида - Афғонистон ва Тожикистон чегара олди ҳудудида жойлашган. Ўтган ойда Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги заставага қуролли гуруҳ ҳужум бўлганди.

Сурхондарёнинг Термиз шаҳридаги “Дўстлик”, “Жўйжангал” ва “Аму соҳиллари” маҳаллалари ҳудудида 27 дан - 29 ноябргача ҳамда 4 декабрь кунлари махсус тактик амалий ўқув машғулоти ўтказилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати берган фотосуратлардан кўринишича, машғулотлар максимал даражада ҳақиқатга яқинлаштирилган.

Расмий хабарга кўра, вилоят ИИБ шахсий таркиби, Мудофаа вазирлиги Жанубий оператив йўналиши бошқарув гуруҳи; вилоят ДХХ, Миллий Гвардияси, ФВВ, Божхона бошқармалари; Прокуратура, "Жануб" Чегара қўшинлари минтақавий штаби ҳамкорлигида ўтказилган.

Ўқув машғулотида Термиз шаҳрига ҳужум қилган эҳтимолий жиноятчилар аниқланган, қўлга олинган ва ўқ отар қуроллардан зарарсизлантирилган.

Расмий хабарга кўра, машғулотни ўтказиш жараёнида Термиз шаҳридаги барча ҳарбий ва мудофаа тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий ҳокимият органларининг эҳтимолий ҳужумларга тайёргарлик ҳолати тўлиқ амалий синовдан ўтказилган.

Айтилишича, машғулотлар Термиз шаҳри хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган.

Термиз Ўзбекистон жанубида - Афғонистон ва Тожикистонга яқин чегараолди ҳудудида жойлашган. Шаҳардан қўшни Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига 80 километр, Тожикистон пойтахтига эса 235 километрдир.

Ўтган ойда - 6 ноябрга ўтар кечаси Тожикистоннинг Ўзбекистон чегарасига яқин “Султонобод” чегара заставаси "Ишқобод" бекатига 20 ниқобли қуролли шахс ҳужум қилганди. Қуролли ҳужумда бир чегарачи, бир полиция ходими ва 15 нафар ҳужумчи ўлдирилган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳужум қилганлардан 9 нафари эркак, 11 нафари аёл ва 13 нафари тўрт ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар эканини билдирган.

Тожикистон Чегара қўшинлари матбуот хизматига кўра, қўлга олинганлар сўроқ қилингач, уларнинг "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи буйруғи билан Афғонистон шимоли-шарқидаги Кундуз вилоятидан Тожикистоннинг Қубодиён туманига сизиб кирганликлари маълум бўлган.

Ўзбекистон чегара қўшинлари Тожикистон чегара заставасига қилинган ҳужум ҳақида "Биз вазиятни ўрганаяпмиз ва Тожикистоннинг тегишли муассасаси билан алоқада бўлиб турибмиз”, деб баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG