Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Россия қамоғидаги ўзбек маҳбуси ўзининг таҳқирланаëтганини иддао қилди (ВИДЕО)


Жобир Жўраев 20 ёшида 12 йилга қамалган
Жобир Жўраев 20 ёшида 12 йилга қамалган

Россиянинг Владимир вилоятида ИК-6 колониясида қамоқ жазосини ўтаётган 25 яшар ўзбекистонлик Жобир Жўраев қамоқхона маъмурияти томонидан қийноқларга солинаётгани ва калтакланаётганини иддао қилди.

Жобир ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокатга кўра, муҳожир йигит “ўзбек бўлгани” ва “маъмурият талаб қилаётган тўловларга пули йўқлиги” учун жазоланмоқда.

Колония маъмурияти ва тергов идорасининг Озодлик боғланган расмийлари ўзбекистонлик маҳбус иши юзасидан тергов якунланмаганини билдириш билан чекланди.

Россия қамоғидаги ўзбек маҳбуси ўзининг таҳқирланаëтганини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:02 0:00

Россиянинг Владимир вилояти Мелехово қўрғонида жойлашган 6-сонли Жазони ижро этиш колониясида 12 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган ўзбекистонлик 25 ёшли Жобир Жўраев муассаса маъмурлари томонидан таҳқирланаётгани ва қийноқларга солинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка унинг адвокати Юлия Чванова хабар қилди.

- Жобир ўзига берилган муддатнинг 5 йилини аллақачон ўтади. Унинг сўзларига кўра, охирги беш йил давомида уни миллатчилик асосида таҳқирлаб келишган, хуллас ўзбек бўлгани учун. У тартибни бузмас экан, барча нормаларни бажарар экан. Охирги пайтларда унга босим кучайган. “Масалан, менга ҳожатхона унитазларини ювишни буюришаяпти”, дейди у. Унитаз ювишдан бош тортган болани калтаклаб, якка кишилик камерага ташлашаяпти ва нон-сув бермасдан қийнашаяпти, дейди Жобир билан яқинда учрашган Юлия Чванова.

Россиялик адвокат Жобир охирги маротаба август ойида колония маъмурияти буюрган ишларни бажармагани учун жуда қаттик калтакланиб, бир неча ҳафта карцерга ташлангани ва унинг олдинги адвокати бу ҳақда прокуратурага шикоят қилганини билдирди.

- Олдинги адвокат арзи асосида гўё жиноят иши қўзғатилган экан. Кейин терговчилардан билишимча, Жобирни алдашган ва ҳеч қандай жиноят иши очилмаган. Ўзбекистон элчихонасидан қандайдир ҳужжатларига жавоб берилган экан, лекин натижа йўқ. Мен уни сўзларини бошқаттан видеога ёзиб олдим, ариза қилиб, тергов органларига юбордим, деди Юлия Чванова.

“Нима сабабдан айнан Жобирга нисбатан колония ходимлари босими кучайган?” деган саволга тўхталган адвокат¸ бунинг сабабларидан бири ўзбек маҳкумининг пулсизлиги эканини таъкидлади:

- Жобирнинг айтишича, колонияда ҳар бир қадамингиз пул туради. “Свиданка” – шунча, телефон қўнғироғи – бунча, “передачка” ё бошқа нарса олиш – унча пул туради. У шу йилгача тўлаб келган экан. Бир куни у пули йўқлигидан тўловларни тўхтатибди. “Мен тўлашдан чарчадим. Улар эса ковлаштиришни бошлади: арзимас нарсаларга карцерга ташлаш, шанба-якшанба кунлари ишга чиқаришни бошлашди”, деди.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, Жобир бошқа бир гуруҳ йигитлар қаторида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 162 моддаси, яъни талон-тарожда айбланиб қамалган.

Адвокат Жобир Жўраевнинг қамоқда ëзилган видеомурожаатини Озодликка тақдим этди.

- Мен бу ерда 2015 йилдан бери ўтирибман. Ходимлар мени калтаклаб, уриб, тинчлик бермаяпти. Мен бошқа ўтира олмайман бу ерда! Улар айрим фаоллар орқали провокациялар уюштириб, “одиночка”да қўл оёқларимни боғлаб, уришаяпти. Овқат, дори-дармонсиз ушлаб туришибди. Арзимас нарсаларга 10-15-20 сутка карцерга ташланаяпман¸ дейди жумладан ўзбек маҳкуми адвокат ëзиб олган видеотасвирда.

Видеосуҳбат давомида адвокатнинг " сизни ўзбек бўлганингиз учун калтаклашаяптими?” деган саволига Жобир Жўраев “Ҳа! Доимо маъмурият вакиллари мени “Чурка, нерусский!” деб ҳақорат қилиб келишади”, деганини кўриш мумкин.

Маҳбус йигит адвокатига шу йилнинг август ойида охирги маротаба таёқ ва пластик трубкалар билан қаттиқ калтакланганининг танасидаги изларини ҳам кўрсатади. Видео сўнгида Жобир Жўраев адвокатига бу видеони оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга рухсат берди.

Ҳозирда Жобир Жўраев шикояти асосида Россия Тергов қўмитасининг Ковров шаҳри бўйича тафтиши бошланган, шунингдек Владимир вилоят прокуратурасининг Маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш бўлими ходимлари суриштирув олиб бормоқда.

Ковров Тергов бўлими ва Владимир вилоят прокуратурасининг Озодлик боғланган расмийлари терговолди суриштируви якунига қадар бу иш юзасидан изоҳ берилмаслигини билдирди.

XS
SM
MD
LG