Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:33

Ироқда минглаб одам АҚШ элчихонасига ҳужум қилди (ВИДЕО)


Элчихонага бостириб киришга уринаётган ироқликлар.
Элчихонага бостириб киришга уринаётган ироқликлар.

Ироқ хавфсизлик кучлари Бағдоддаги АҚШ элчихонасини ишғол қилишга уринган намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади. Элчихона қўриқчилари эса ўқ отишга мажбур бўлдилар. Reuters агентлиги намойишчиларни тарқатиш чоғида хавфсизлик кучларининг 12 ходими жароҳатланганини билдирди.

Намойишларнинг бошланишига АҚШ куни кеча Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган жангарилар гуруҳи манзилларига ҳаводан зарба бергани сабаб бўлди.

Мазкур ҳужум пайтида жангарилар сафида бўлган 25 одам ҳалок бўлгани айтилди. АҚШ президенти Дональд Трамп норозилик намойишларининг юзага келишида Эронни айблади.

Минглаб одамлар 31 декабрь куни АҚШ Ироқ ва Сурияда 29 декабрь куни “Катоиб Хизбалла” гуруҳига қарши ҳаводан зарба берганига норозилик сифатида АҚШнинг Ироқ пойтахти Бағдоддаги элчихонаси олдига йиғилди.

Норозилар элчихонанини ишғол қилишга урингани ортидан дипломатлар зудликда эвакуация қилинди.

AP агентлигининг билдиришича, норозилар элчихона эшигини синдирганлар. Воқеа жойида ўқ овозлари эшитилди.

Президент Трамп 31 декабрь куни Твиттер саҳифасида “Эрон АҚШнинг Ироқдаги элчихонасига ҳужум уюштирмоқда. Улар ўз ҳаракатлари учун тўлиқ жавоб берадилар”, деб ёзди. Трамп “Ироқ элчихонани ҳимоя қилиш учун хавфсизлик кучларини ишга солишини кутмоқдамиз”, деб билдирди.

Қўшма Штатлар 29 декабрь куни “Катоиб Хизбалла” гуруҳининг бешта манзилига “мудофаа мақсадида аниқ зарба бергани”ни эълон қилган. Вашингтон “Катоиб Хизбалла”ни аввалроқ АҚШнинг Ироқдаги базаларига ҳужум қилганликда, 27 декабрда эса АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий пудратчиси бўлган шахсни ўлдирганликда айбламоқда.

АҚШ ҳужуми оқибатида 50 жангариси ўлдирилганини ва яна 50 нафари яраланганини билдирган “Катоиб Хизбалла” АҚШ базаларига ҳужумлар уюштирганини инкор этмоқда. Гуруҳ 30 декабрдаги баёнотида “АҚШдан берилган зарбалар учун ўч олиши”ни маълум қилган.

Dpa агентлигининг хабар беришича, 31 декабрь куни АҚШ элчихонасига бостириб кирмоқчи бўлган норозилар “Америкага ўлим”, “Америка йўқ бўл” каби шиорларни ҳайқирганлар.

Немис агентлиги намойишчилар Ироқ кўнгиллилар қўшини «Хашд Шааби»нинг байроғини кўтариб олганларини ёзди. «Нью-Йорк таймс» эса элчихонага ҳужум қилганлар “Катоиб Хизбалла” байроғини элчихонага ўрнатишга ҳаракат қилганлари ҳақида хабар берди.

Ироқ Бош вазири Одил Абдул Маҳдий 31 декабрь кунги воқеалар ортидан истеъфо берди. У “АҚШ ҳаво зарбалари уюштириб, Ироқ суверенитетига даҳл қилди”, деб айтди. Муваққат ҳукумат эса “ҳаво зарбаларидан сўнг Қўшма Штатлар билан муносабатларни қайта кўриб чиқиши”ни билдирди. Муваққат ҳукуматнинг нуқтаи назарича “АҚШ Ироқ сиёсий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда ўз манфаатидан келиб чиқиб ҳаракат қилган”.

Ироқ шиаларининг нуфузли уламоси, мамлакат парламентида катта таъсирга эга бўлган Муктадо ас-Садр 30 декабрь куни Эрон томонидан қўллаб қувватланаётган кўнгиллилар қўшинини “масъулиятсиз ҳаракатлардан тийилишга” чақирди.

XS
SM
MD
LG