Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:29

Эрон Украина учоғини иккита ракета билан уриб туширганини тан олди


“Украина халқаро ҳаво йўллари” (UiA) авиакомпаниясининг PS752 рейсини бажараётган учоғи 8 январда Теҳрон осмонида уриб туширилди, бортидаги 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.
“Украина халқаро ҳаво йўллари” (UiA) авиакомпаниясининг PS752 рейсини бажараётган учоғи 8 январда Теҳрон осмонида уриб туширилди, бортидаги 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Эрон фуқаролик авиацияси маъмурияти Украинанинг Киев томон парвоз қилаётган йўловчи учоғи 8 январда Теҳрон халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилгандан сўнг унга қарши иккита ракета отилганини тасдиқлади.

Маъмуриятга кўра, 176 кишининг бошига етган фалокатга оид иккинчи дастлабки ҳисоботда ҳали ҳам уни баҳолаш жараёни давом этаётгани айтилган

− Терговчилар... учоққа қарата учирилган ўша иккита Tor-M1 ракетасини... топди, − дейилади ҳисоботда.

Tor-M1 “ер-ҳаво” русумидаги қисқа радиусли ракета бўлиб, собиқ Совет Иттифоқида ишлаб чиқилган ҳамда учоқ ва қанотли ракеталарни уриб туширишга мўлжалланган.

Эроннинг баёноти ўтган ҳафта The New York Times газетасида берилган хабарни тасдиқлади. Унга илова тариқасида эълон қилинган видеотасвирда Украина учоғига қарата иккита ракета учирилгани акс этган эди.

Эрон расмийлари мамлакат ҳаво мудофаа кучлари кескин вазиятда жанговар шайлик ҳолатида бўлгани сабабли “Украина халқаро ҳаво йўллари” авивакомпаниясининг “Boeing 737-800” учоғини “бехосдан” уриб туширганини айтди.

Яна ҳисоботда қайд этилишича, Теҳрон АҚШ ва Франция ҳокимият идораларидан бортдаги қора қути – учоқдан маълумотларни юклаб олиш учун ускуна бериб туришни сўраган, аммо ҳалигача жавоб олмаган.

Ўша учоқда ватандошлари ҳалок бўлган Канада, Украина ва бошқа мамлакатлар Эрондан авиарейс ҳақидаги барча маълумот¸ хусусан¸ қора қутиларни таҳлил қилиш учун чет мамлакатлардаги экспертларга беришни сўради.

‒ Оддий сиёсий мунозаралардан нарироқ ўтиб, амалий муаммоларни муҳокама этишга умид қилаяпмиз; улар орасида қора қутиларни қайтариш масаласи ҳам бор, ‒ деди Украина ташқи ишлар вазири Вадим Пристайко.

Киев расмийси бу баëнотни журналистларга 20 январда Эрон йўл ва шаҳарни ривожлантириш вазири Муҳаммад Исломий билан учрашувидан сўнг қилди.

Фалокат қурбонлари мансуб бўлган Афғонистон, Британия, Канада, Украина ва Швеция қўшма баёнот билан чиқиб, “пухта, мустақил ва шаффоф” тергов ўтказишга даъват қилди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти Эрон ва Канада ватандошлари бўлган.

Канада ҳукумати қора қутиларни юбориш учун учун энг қулай жой Франциялигини ва у учоқлардаги ёзувларни ўқий оладиган мутахассислари бор камдан-кам мамлакат эканини айтди. Бироқ Теҳронда қора қутилар бошқаларга берилиши мумкинлиги ҳақида мавҳум фикрлар айтилмоқда.

Эрон ахборот воситалари маълум қилишича, терговга етакчилик қилаётган ҳукумат вакили Ҳасан Ризоифар пировардида қора қутилар чет элга жўнатилиши мумкинлиги, “аммо ҳали бир тўхтамга келинмагани”ни билдирган.

XS
SM
MD
LG