Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Коронавирус чекловларига қарамай¸ MH17 иши бўйича маҳкама ўз ишини давом эттирди


MH17 учқичи қолдиқлари.
MH17 учқичи қолдиқлари.

23 март куни Ҳолландиянинг Ҳаага шаҳрида 2014 йили Украина ҳаво ҳудудида Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли MH17 рейси учоғини уриб туширишга бевосита алоқадорликда айбланаëтганлар устидан қисқа маҳкама мажлиси бўлиб ўтди.

Ҳаага маҳкамаси уч нафар Россия ва бир нафар Украина ватандошини сиртдан суд қилмоқда.

Нидерландия судьялари ишни кўриб чиқишни 8 июнга қолдириш ҳақидаги қарорини ўқиб эшиттирди.

Қарорда айтилишича¸ маҳкама мажлиси айбланувчилардан бири адвокатига ишни тайёрлаш учун кўпроқ вақт бериш мақсадида орқага сурилган.

Бўм-бўш залда 45 дақиқа давом этган мажлис коронавирус тарқашини тўхтатишга қаратилган чекловлар сабаб интернет орқали жонли тарзда намойиш этилди.

MH17 рейси учоғи 2014 йил 17 июлда Украина шарқида россияпараст айирмачилар назоратидаги ҳудуддан Россияда ишлаб чиқалирган “БУК” ракетаси билан уриб туширилган эди.

Учоқ бортида Амстердамдан Малайзияга учаётган оддий йўловчилар бор эди. Барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди.

Қурбон бўлганлар орасида 193 нафар Нидерландия ватандоши, шунингдек, 43 нафар малайзиялик ва 38 нафар австралиялик бор эди.

4 нафар айбланувчи – Россия ватандошлари Игорь Гиркин, Сергей Дубинский ва Олег Пўлатов ҳамда Украина ватандоши Леонид Харченко – ҳибсга олиш учун халқаро ордер берилганига қарамай, ҳамон очиқда қолмоқда.

Фақат Пўлатов Нидерландияда бўлиб ўтаётган суд мажлисида ўз номидан иш кўриш учун адвокатлар ёллади.

9 март куни очилган маҳкамада адвокатлар, судьялар, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва журналистлар иштирок этди.

Айни пайтда¸ коронавирус пандемияси сабаб прокурор, адвокат ва бошқа иштирокчилар сони чекланди. Ҳалок бўлганларнинг аъзолари ва ахборот воситалари вакилларига суд маҳкамасида шахсан қатнашишга рухсат этилмади, судьялар эса ўртадаги стулларни бўш қолдириб, бир-биридан алоҳида ўтирди.

Прокурорлар тўрт айбланувчининг барчаси MH17 рейси учоғини уриб туширган Россия ракетасини воқеа жойига етказиб беришда кўмаклашганини айтмоқда.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) собиқ полковниги Игорь Гиркин Украина шарқидаги айирмачилар гуруҳининг етакчи бош қўмондонларидан бири бўлган. Украина ватандоши Харченко эса минтақадаги ҳарбий қисмга раҳбарлик қилган, дейилади Нидерландия етакчилигидаги Қўшма тергов гуруҳи (JIT) берган маълумотда.

Дубинский билан Пўлатовнинг Россия ҳарбий разведка хизматига алоқаси бўлган, дея хулоса қилади терговчилар.

Россия ҳарбийлари MH17 рейси учоғини уриб туширишга бевосита аралашганига оид исботлар бўлишига қарамай, Кремль бу ишга дахли борлигини мунтазам суратда рад этиб келмоқда.

Кремль шунингдек¸ JIT билан Bellingcat гуруҳлари ўтказган суриштирув давомида ўз исботини топганига қарамай¸ Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларга ҳарбий ёки молиявий кўмак кўрсатганидан ҳам тониб келмоқда.

XS
SM
MD
LG